Самарқандда Марказиё Осиёдаги ягона Smart-музей очилди
Марказий Осиёдаги илк Smart-музей Самарқанддаги Амир Темур мақбарасида очилди. Унда экспонатлар ҳақида маълумотни аудиогид ёрдамида билиш мумкин бўлади. Айни пайтда у ўзбек, рус, инглиз, француз ва корейс тилларида маълумот тақдим этади.
Лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан амалга оширилди. Жорий йилнинг январ ойида мамлакатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифи давомида мазкур тизим тақдим этилган бўлиб, Ш.Мирзиёев уни мамлакатимизнинг барча йирик тарихий обидаларида жорий қилишни таклиф қилди.
Лойиҳа 2018 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризм давлат қўмитаси ва «SmartChain» МЧЖ ўртасида имзоланган тўрт томонлама меморандум доирасида амалга оширилди.
Музейга ташриф буюрувчилар замонавий интерактив воситалар ёрдамида экспонат ёки мақбара ҳақида қўшимча маълумот олиш имкониятига эга бўлади. Техник имкониятлар ёрдамида ўтмишга “саёҳат қилиш” ёки тарихий саҳналарни гавдалантириш мумкин. Музейдаги махсус белги мавжуд бўлган экспонатларга смартфонни яқинлаштириб, у ҳақидаги ҳикояни тинглаш мумкин. Шунингдек тарихий муҳитга шўнғиш учун тарихий хроникалардан иборат видеолавҳалар яратилган.
Nazzar – инновацион илова бўлиб, исталган материални тўлдирилган реаллик элементлари билан бойитиши мумкин. Смартфонингизни NazzAR белгисига йўналтираркансиз, мобил қурилма экранида реал объектнинг тасвири чиқиб, у турли эффектлар билан тўлдирилган бўлади. Фойдаланувчи ўз смартфонига Android ва iOS қурилмалари учун ишлаб чиқилган NazzAR иловасини ўрнатиши лозим.
Зиёратчилар учун Амир Темур мажмуасининг интерфаол харитаси яратилиб, у оддий харитага қараганда интерфаол имкониятларга эга. Хусусан, смартфонни хаританинг маълум қисмларига қаратганда унинг экранида ёдгорликнинг 3D модели гавдаланади. Шундай қилиб, харита музей бўйлаб ажойиб саёҳатнинг бир қисмига айланади.
Яқин келажакда ҳудди шундай музей Хивада ҳам очилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter