Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентга фуқаро паспортининг рақамли профили ҳақида маълумот берилди

Президентга фуқаро паспортининг рақамли профили ҳақида маълумот берилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Ахборот технологиялари барча соҳаларда самарадорлик ва қулайликка хизмат қилади. Шу боис бу борада кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда 100 дан ортиқ IT-мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 500 мингдан зиёд ёшлар дастурлашни ўрганди.

IT-парклар ташкил этилганидан буён соҳада экспорт ҳажми 50 баробарга кўпайиб, 40 миллион долларга етди. Резидентлар сони 147 тадан 500 тага ошди, 300 дан зиёд янги компаниялар фаолияти йўлга қўйилди. IT-паркларда 8 минг 500 та юқори даромадли иш ўринлари яратилди.

Бундай ишларни давом эттириб, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш бўйича режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, йирик экспортёрлар билан ишлаб, IT-паркларда хизматлар экспорти ҳажмини 80 миллион долларга етказиш мўлжалланган. Ялпи ички маҳсулотда рақамли иқтисодиёт улушини ошириш, электрон хизматлар учун енгилликлар яратиш назарда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда шу борада таклиф этилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари келгуси йилда IT хизматлар ҳажмини 35 фоиз ошириб, 21 триллион сўмга етказиш, дастурлаш хизматларини кўпайтириш учун барча имконият борлигини таъкидлади.

Сунъий интеллект марказини ишга туширишни жадаллаштириш, хориждан IT мутахассислар жалб этиш тартибини соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига келгуси йилда IT тармоқлар тезлигини 1,8 баробар ошириш ҳамда 1 миллион қўшимча кенг полосали тармоқлар ўрнатиш вазифаси қўйилди. Бу орқали аҳоли пунктларининг барчаси мобил алоқа ва кенг полосали интернет билан таъминланади.

Президент янги технологиялар, аввало, одамларга хизмат қилиши, қулайлик яратиши зарурлигини таъкидлади. Охирги йилларда 300 дан ортиқ давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, шу йилнинг ўзида улардан 16 миллион маротаба фойдаланилган.

Келгуси йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улуши 60 фоизга етказилиши белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда бу борадаги яна бир қулайлик: фуқаро паспортининг рақамли профили ҳақида маълумот берилди. Gov Pass мобиль иловаси смартфонга ўрнатилади ва унда паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби кўплаб ҳужжатлар жамланади. Яъни, фуқаронинг барча ҳужжатлари доим ёнида, телефонда бўлади. Бу вақт ва пулни тежаб, қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади, оворагарчиликларни бартараф этади.

«Хавфсиз шаҳар» тизими ижросига доир масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилгача бу тизимни тўлиқ жорий этиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари соҳани ривожлантиришнинг молиявий манбаларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг