Президент топшириғи: «Инновацияларга баҳо берадиган пайт келди»
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчасида барпо этилган Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносига 12 июнь куни ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.
Инновацион ривожланиш вазирлиги 2017 йил 29 ноябрда ташкил этилган. Ўша йилнинг декабрь ойидан янги вазирлик учун бино қуришга киришилган эди. Ҳозирда бино қуриб бўлиниб, барча шарт-шароитлари билан тайёр ҳолга келди. Вазирлик 2,5 гектар майдонда жойлашган. Ертўла қавати билан бирга 6 қаватдан иборат бино атрофида инновацион боғ барпо қилинган. Инновацион боғ майдони — 1,7 гектар, 24 турдаги манзарали дарахтлар ва гуллар, фаввора, ёзги амфитеатр ва иккита инновацион лойиҳалар ва технологияларни тақдимот қилиш майдони бор.
Президент ташрифи доирасида бир нечта сайтлар мухбирлари қаторида «Хabar.uz» мухбири ҳам вазирликнинг янги биноси билан танишиб, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов билан суҳбатлашди.
«Тизимли ёндашув керак»
— Мен бошқарув тизимида ишламаганман, олимларнинг ичида катта бўлганман. Озгина вақт Фанлар академиясида вице-президент бўлиб фаолият кўрсатганман. Бу вазифага тайинланишимда илм-фан натижаларини иқтисодиётга олиб чиқиш асосий муаммоимиз эканлиги айтилганди. Уч йиллик фаолиятимиз давомида муаммони ечишга уриндик, аммо ҳозир ҳам у долзарблигича турибди. Чунки бошқа давлатларда ҳам илмий натижаларни сотишнинг уникал бир механизми йўқ. Қачон талаб, бозор бўлсагина ишланма сотилади. Кўп ишланмаларнинг амалга ошмаслик хавфи (риски) жудаям юқори, чунки улар ҳали стандартига эга эмас, сертификациялашдан ўтмаган. Ишлаб чиқариш тармоқлари бу ишланмаларни олишдан қўрқади. Ундан кўра, бирор жойдан тайёрини олиб келиб, ишлатишни афзал билишади.
Шу сабабли ҳам 2017 йилда Президентимиз қуйидаги фикрни айтган эди: «Биз бунга янгича ёндашув қилмасак, иш кетмайди, ҳамма ўзича шуғулланяпти, айниқса, олимларимиз кўп ишлар қилгани, амалга оширгани билан уларга ёрдам берадиган ташкилот, тизимли ёндашув, ёрдам йўқ». 2017 йилнинг 2 декабрида Давлатимиз раҳбари Олмазор туманига ташриф буюрганида, «Талабалар шаҳарчасида минглаб талабалар, ўқитувчилар бор, уларга шароит яратишимиз керак. Инновация барибир ёшлардан чиқади. Уларга бир майдонча яратайлик. Янги ташкил қилинган Инновация вазирлиги ҳам шу ерда жойлашсин», деб топшириқ берган эди. Ўша пайтда бу бинонинг дастлабки чизмалари ҳам бор эди. Бу ерда ғояларни муҳокамадан ўтказиб, уларни такомиллаштириб, маблағни бериб, ишлаб чиқаришини ташкил қилиб бериб, кейин катта бизнесга қўйиб юбориш керак. Шунинг учун ҳам вазирлик шу ерга келиши зарур. Бу ерда илмий-амалий марказ, замонавий лабораториялар бўлади, дейилган эди.
«Ғоя эркинлиги»
— Мана бугун шу концепцияда белгиланган ишлар амалга ошди. Ўша пайтда бинони қуришда дунё тажрибасини ўрганинглар, деб айтган эди президентимиз. Хориждаги шундай марказлар бориб кўрилди. Мана шу ўтирган жойимиз ҳам муҳокама майдони — амфитеатр шаклида. Бу ер ҳамма учун очиқ майдон бўлиши керак эди. Дунё тажрибасидан олдик, бу ерда ғоя эркинлиги бор. Бу ерга 200дан ортиқ одам сиғади. Ҳамма илғор технологик қурилмалар ўрнатилган.
Вазирлик биносида видеомулоқотлар, мастер-класслар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб муҳокамалар ўтказиш мумкин. Қолаверса, ёзнинг иссиқ кунларида бу ерга кириб, бепул Wi-Fiга уланиб, интернетдан фойдаланса бўлади. Бинога кирсангиз, ақлли технологиялар сизга телефонингиз орқали ҳамма маълумотларни беради.
Мисол учун, ана шу турган гулга ҳам телефонингизни тутсангиз бўлди, ўзи ҳақидаги маълумотни беради. Вертикал боғни, селфи майдонини, лабиринтни кўришингиз мумкин, бу ердаги ақлли технологиялар, йўл кўрсаткичлар сизни керакли манзилга олиб боради. Ҳеч кимдан сўраб ўтирмайсиз, ўзингиз учрашмоқчи ходим ҳақида инфокиоскдан маълумот оласиз.
Биринчи қаватда доимий кўргазмалар, робототехника бурчаги, юқори қаватда илғор лабораториялар бор. «Ёшлар академияси» фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ишланмалари ғоядан тортиб, тайёр бизнесгача бўлган ҳолатда намойиш қилинади. Ақлли банк, тиббиёт, қишлоқ хўжалигига оид технологиялар маҳаллий ва хорижники, дунёнинг энг ноу-хау ишланмалари намуналари жамланган. Болалар учун илм-фан технологиялари ҳам ўрин олган.
Кутубхонамизда уч мингдан ортиқ китоблар, беш мингдан зиёд QR-кодли китоблар, Алишер Навоий номидаги кутубхонадан тўғридан-тўғри 100 мингдан ортиқ китобни махсус технологиялар ёрдамида кўчириб олиш имкони бор. Дарсликлар, кинофильмлар ҳам бор бу ерда. Буларни ҳаммага кўрсатишни мақсад қилганмиз. Биринчи қаватнинг мақсади шу, кимдир ғоя билан келса, уни қўллаб, шу ғоясини амалга оширишга ёрдам берамиз. Ёки бўлмаса ўзимиздаги инновацион ишланмаларни кўрсатиб, келувчиларни ҳам ана шундай инновациялар қилишга ундаймиз, хуллас, илм-фанга қизиқтиришга ҳаракат қиламиз.
Бинонинг ертўла қаватида аэрокосмик тадқиқотлар ва 3D прототиплаштириш бўйича иккита янги ўқув лабораторияси, ходимлар учун тренажёр ва тиббий хизмат кўрсатиш хоналари бор. Аэрокосмик тадқиқотлар лабораториямизда эса ўқувчилар ер сунъий йўлдошини ўзлари йиғиб, учириб кўришлари мумкин. Бу ерда «Қуёш» ҳам, «Ой» ҳам бор, шундай муҳит яратилган.
Марказда 50 нафардан ортиқ ходим ишлайди. Уларнинг вазифаси ғояларни амалга ошириш, керак бўлса ишланма эгаларига Интеллектуал мулк агентлиги ёрдами билан ана шу ишланмаларни патентлашга кўмак беришади.
«Ишланмалар тижоратлаштирилсагина фойда келтиради»
— Президентимиз томонидан шундай топшириқ бўлди: биринчидан, ҳамма прототиплар яхши, энди ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиб, сотиш, яъни тижоратлаштиришни кенгайтириш. Иккинчидан, олдимизга ҳудуддаги барча ОТМларни шу ерга боғлаш, уларнинг илмий ишлар, инновациялар бўйича проректорларини ҳар ўн кунда ўқитиш масаласи қўйилди. Энг катта топшириқ шу бўлдики, Фанлар академияси билан интеграцияни йўлга қўйиш. Фанлар академиясида кўплаб ишланмалар бор, биз уларни тижоратлаштиришга ёрдам беришимиз керак.
«Бизда ишлаб чиқилган тест коронавируснинг 20 та турини 99 фоиз аниқлай олади»
— Пандемия пайтида «Илғор технологиялар» марказида коронавирусни аниқлайдиган 50 мингта тест ишлаб чиқдик. Ҳозир бир ойда 100 мингта тест тайёрлаб беришга имконимиз етади. Хориждан битта тест 16-17 долларга келтирилса, бизда тайёрланган тест икки баробар арзон — 8 долларга тушади. Бизда ишлаб чиқилган тест коронавируснинг 20 та турини 99 фоиз аниқлай олади. Олимларимизга вакцина ишлаб чиқишга топшириқ берилган. Йил якунига қадар бу борада «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, аниқ стратегик йўналишни белгилаб олишимиз керак.
«Афсуски, ишланма эгаларида нотўғри тушунча бор»
— Бугун Давлатимиз раҳбари яна бир топишириқ бердилар, ҳар бир тармоққа баҳо берадиган пайт келди, улар инновацияларни ишлаб чиқяптими, деган саволларга жавоб берадиган вақт келди, деб айтди. Энди вазирлик ана шу таҳлилни қилиб бериши керак.
Стартап лойиҳаларни ҳам молиялаштирамиз. Бугунгача 30 дан зиёдини молиялаштирдик. Лойиҳаларни молиялаштиришда хусусий сектор, венчур фондлар маблағларни ҳам жалб қилиш мумкин. Ўзи илмга пул берилади, бу билим бўлади. Билим сотилса, инновация бўлади. Инновация вазирлиги инновацияни тижоратлашга ёрдам беради, ишланма эгаси бундан манфаатдор.
Ҳозир ишланма қилган одам уни сотса 40 фоизини, унинг жамоаси 30 фоизини олиши йўлга қўйилди. Ёки бўлмаса, ишланма эгаси ўз ишини патентласа, уни энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида рағбатлантириш тизими жорий қилинди. Буям манфаатдорлик. Аммо афсуски, ҳалиям ишланма эгасида бозорга ўзим чиқишим керак, деган тушунча йўқ. Ишланма эгаларида Инновация вазирлиги ишланмани тижоратлаштирсин, деган нотўғри тушунча бор. Аслида вазирлик унга бозорни топиш, техник ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам бериши керак. Шундай тушунмовчиликни, номувофиқликларни бартараф этиш мақсадида тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Албатта, келгусида бундай тушунмовчиликларга чек қўйилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter