Президент томонидан илгари сурилган «Ўзбекистон учун 100 ғоя» республика танловида ИТСМ ходими ТОП-100ликка кирди.
Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасини илгари сурган эди. Куни кеча Тошкент шаҳридаги Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги, IT-Парк ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистон учун 100 ғоя» республика танлови бир қатор йўналишлар бўйича ўтказилди.
Экология, қайта тикланувчи энергия манбалари ва кимё технологиялари йўналиши бўйича Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия марказининг Мактабдан ташқари таълим ва электрон ресурсларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фаррух Абдувахидов томонидан таклиф этилган «Менинг дарахтим» («My tree») лойиҳаси финал босқичида ғолиб деб топилиб, танловда ТОП-100ликдан жой олди.
Мазкур лойиҳа бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, давлат сиёсати даражасига кўтарилган дарахт экиш ҳамда ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот-муассаса, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топишини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган инновацион ечимларни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, республика танловида умумий қатнашчилар сони 25 094 нафарни ташкил этиб, улар орасидан энг сара 100 ғоя муаллифлари «Ўзбекистон учун 100 ғоя» махсус дипломи, статуэтка ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокидаги «Ўзбекистон ёшлари» иккинчи форумида ўз ғоялари билан қатнашиш ҳамда президент ва ҳукумат раҳбарларига тақдим этиладиган «Ўзбекистон учун 100 ғоя» альбомига ва Ўзбекистоннинг ТОП-100 ёшлари сафига кириш имкониятини қўлга киритдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter