Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда йирик провайдер пайдо бўлди: у пулли ва бепул Wi-Fi тарқатади

Ўзбекистонда йирик провайдер пайдо бўлди: у пулли ва бепул Wi-Fi тарқатади

Фото: «Xabar.uz»

«Asia Wireless Group» компанияси томонидан SOLA бренди остида Wi-Fi тармоғи лойиҳаси яратилди. Эндиликда Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари провайдернинг қамрови доирасида исталган вақтда ва исталган жойда интернетдан фойдаланишлари мумкин.

Бугун, 17 декабрь куни «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида SOLA бренди остида янги телекоммуникацион Wi-Fi операторини ишга тушириш расмий маросими бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, ҳозирги пайтда пойтахтда 1200та Wi-Fi нуқталари фаолият кўрсатмоқда, келгуси йилнинг баҳоригача эса уларнинг сонини 5000гача етказиш режалаштирилган.

SOLA тизими тармоққа уланишнинг иккита қўринишини таклиф этади — пуллик ва бепул. Бепул кириш реклама ролигини кўриб чиқишдан кейин тақдим этилади. Пуллик тарифлар трафик бўйича чекловларсиз ишлайди ва абонентга соатлик, кунлик, ҳафталик ёки ойлик обуна таклиф этилади.

«SOLA тармоғи Тошкентнинг Жанубий ва Шимолий вокзаллари, «Megaplanet», «Parus», «Samarqand Darvoza» ва «Vega Centre» кўнгилочар савдо марказлари, «Чилонзор», «Қатортол», «Юнусобод», «Миробод» ва «Паркент» бозорлари каби оммабоп жойларни аллақачон қамраб олган. Уланишга келиб тушаётган талабномаларга мувофиқ қамров доираси доимий равишда кенгайиб боради. Бизнинг яқин режаларимизда — Ўзбекистоннинг сайёҳлик шаҳарларида Wi-Fi тармоғини ўрнатишдир», — деди «Asia Wireless Group» МЧЖ директори Бекзод Аҳмедов.

Компания директорининг айтишича, лойиҳага ҳозирга қадар 20 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган. Тармоқни кенгайтириш учун яна 100 миллион доллар сармоя киритилиши режалаштирилмоқда.

Тармоққа уланиш тўрт ундаш(клик)да амалга оширилади, шартномани расмийлаштириш учун фойдаланувчининг компания офисига бориши шарт бўлмайди, тўлов эса Paynet, Click, UzCard ва PayMe тўлов тизимлари орқали қабул қилинади. Келгусида Asia Wireless Group тўловни Visa, Mastercard ва Unionpay халқаро карталари воситасида тўлашни ҳам татбиқ этишни режалаштирмоқда.

«Asia Wireless Group» компаниясининг келгуси режаларида Тошкентда Wi-Fi шаҳар тармоғини кенгайтириш ва Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Навои, Урганч ва Қаршида 45 мингдан ортиқ кириш нуқталарини ўрнатиш белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг