«Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги ижобий тенденцияга эга» — Ко Гю Чанг
Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирининг ўринбосари Ко Гю Чанг бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бугун, 15 феврал куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирининг ўринбосари Ко Гю Чанг билан учрашгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Куннинг иккинчи яримида мартабали меҳмонлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюришди.
Ташриф доирасида университетда «Корея ва Ўзбекистоннинг электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорлиги» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинар дастури сессияларга бўлинган ҳолда ташкил этилиб, унда иштирокчилар рақамли ҳукумат стратегиялари, маълумотлар марказлари хавфсизлиги ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама қилишди.
Тадбирда АКТ вазири Шерзод Шерматов кириш сўзи билан чиқиш қилди. У ўз нутқида мазкур семинар амалий жиҳатдан ҳар икки томон учун ҳам жуда фойдали бўлишига умид билдирди.
Семинарда сўзга чиққан Корея Республикаси ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари Ко Кю Чанг АКТ соҳасидаги Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётгани ва ижобий тенденцияга эга эканини қайд этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Кореянинг рақамли ҳукумати стратегиялари ва ҳолатига оид маърузалар ўқилди, шунингдек, миллий солиқ тизими ва Корея Республикасида сунъий интеллектга асосланган маълумотлар маркази хавфсизлигига оид маълумотлар ўқиб эшиттирилди.
Ҳозирда икки давлат ўртасида электрон ҳукумат соҳасида фаол ҳамкорлик давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида 2013 йилдан буён «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter