Ўзбекистон жаҳонда 5-ўринда қайд этилгани сабаби нимада?
Аввалроқ Ўзбекистон очиқ маълумотлар манбалари сони бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди. Бу сўнгги 2-3 йилда мамлакатимизда давлат маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигига қаратилаётган эътибор натижасидир, деб хабар бермоқда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ахборот хизмати.
Бугун айнан очиқ маълумотлар орқали ҳар қандай давлатнинг дунёдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўрнини билиб олиш мумкин. Ўзбекистонда очиқ маълумотлар 2015 йилда ривожланишни бошлади. Бироқ унда маълумотларнинг янгиланиб бориши маълум вақтгача жаҳон стандартлари даражасида ишламади. Шунинг учун 2019 йилда Давлат статистика қўмитасига очиқ маълумотлар порталини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.
– Эски порталда муаммо мавжуд эди. Яъни унда мамлакатимиздаги бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилиш имконияти чегараланган эди. Шунинг учун жорий йилда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан биргаликда янги портални ишга тушириш бўйича топшириқ берилди. Шу йилнинг август ойидан бошлаб эса Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар портали data.egov.uz ишга туширилди, – дейди Очиқ маълумотлар портали фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Акром Султанов.
Янги порталнинг афзалликларидан бири аввал мавжуд бўлмаган интеграциядир. Ҳозирги кунда мамлакатимизда кўплаб ахборот тизимлари бор, шунингдек, янгилари ишлаб чиқилмоқда. Уларни янги очиқ маълумотлар портали – data.egov.uz билан интеграциялаш эса маълумотларнинг тўғридан-тўғри алмашинувини таъминлайди.
– Эски порталдаги маълумотларни 60 та давлат органи мунтазам равишда тўлдириб келган бўлса, янгисида 130 дан зиёд давлат ташкилотлари, корхоналар иштирок этади. Шунинг учун биз август ойида барча ташкилот ва идоралар учун ўқув курсларини ташкил этдик, – дейди Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази бўлим бошлиғи Дониёр Максумов.
АКТ вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ва Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан ташкил этилган ушбу ўқув курсларида давлат ташкилотлари ҳамда корхоналарининг масъул ходимларига янги портал билан ишлаш, унга маълумотларни тўғри юклаш тартиби ўргатилди.
– Афсуски, кўплаб халқаро базалар ва сайтларда Ўзбекистон ҳақида деярли маълумотлар йўқ. Бизнинг асосий мақсадимиз ушбу яратилган янги портал нафақат ички фойдаланувчилар, балки халқаро ташкилотлар ва маълумотлар базалари учун ягона бир ресурс, манба бўлиб хизмат қилишини истаймиз, – дейди Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Акром Султанов. – Шунинг учун биз ўқитиш жараёнида очиқ маълумотлар ўзи нима, нега керак, деган саволларга ҳам атрофлича тўхталдик. Умид қиламизки, янги портал давлат хизматчилари қилаётган ишларни юзага чиқариш, маълумотлар сифатини ошириш баробарида мамлакатимиз нуфузини кўтаришга ҳам катта ҳисса қўшади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter