Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Осиё етакчилари: Жанубий Корея, Сингапур, Япония ва Хитой электрон ҳукуматни қандай ривожлантирмоқда?

Осиё етакчилари: Жанубий Корея, Сингапур, Япония ва Хитой электрон ҳукуматни қандай ривожлантирмоқда?

Осиё етакчилари:  Жанубий Корея, Сингапур, Япония ва Хитой электрон ҳукуматни қандай ривожлантирмоқда?

Осиёнинг юксак тараққий этган мамлакатлари — Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (E-Government Development Index, EGDI) бўйича ҳам (рейтингда 2, 11 ва 14-ўринларни эгаллаган) жаҳон етакчилари саналади. Хитой эса 2020 йилда EGDI кўрсаткичи жуда юқори гуруҳга Осиёнинг етти мамлакати қаторида биринчи маротаба қўшилди.

Корея Республикаси

Жанубий Корея онлайн хизматлар кўрсатишда дунёда етакчи (1.000 балл, OSI), Осиёда энг юқори EGDI кўрсаткичига эга. Ҳукуматнинг электрон ҳукумат стратегиялари ҳар беш йилда жорий этилиб, соҳани ривожлантириш режалари билан мустаҳкамлаб борилади.

Электрон ҳукуматнинг 2020 йилги бош режаси давлат сиёсатининг эмпирик асослангани, илмий асосга қурилгани ва фуқаролар учун очиқ, инновацион ҳукуматга эришишга йўналтирилганлигини кафолатлайди. Бундан ташқари, «Ақлли ҳукумат» бош режаси давлат бошқарувида инновациялар учун сунъий интеллект (СИ) ва маълумотларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш базасини қуриш, шунингдек, фуқароларнинг, айниқса, энг кам ҳимояланган гуруҳларнинг ўзига хос эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган хизматларни проактив тақдим этиш учун асос яратади.

Ақлли ҳукуматни амалга ошириш стратегияси барқарор рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга йўналтирилган маълумотлар ва сунъий интеллектни кучайтиришни кўзда тутувчи Маълумотлар ва сунъий интеллект иқтисодиётини ривожлантириш режасида акс эттирилган. Блокчейн соҳасини ривожлантириш бош режаси, «Ақлли шаҳар»ни амалга ошириш стратегияси ва Янги саноат-технологик йўл харитаси каби давлат механизмлари жамият манфаатлари ҳамда давлат бошқарувини яхшилашга хизмат қилувчи янги технологияларни жадал ривожлантиришда ёрдам бермоқда.

Мавжуд ташаббусларга қўшимча равишда, Ҳукумат электрон иштирок (e-People), очиқ маълумотлар (data.go.kr) ва электрон харидлар (KONEPS) учун платформаларни тақдим этади.

Мамлакатнинг электрон ҳукуматга оид қонунчилик базаси шахсий маълумотларни, ахборотларни, шахсларнинг рақамли хавфсизлиги ва рақамли идентификациялашга қаратилган («Рақамли имзо тўғрисида»ги қонун, 2017 йил).

Сингапур

Давлат технологиялари агентлиги — Сингапурда электрон давлат хизматларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул ташкилот.

Сингапур 2014 йилдан электрон ҳукуматнинг ажралмас қисми —  Smart Nation ташаббусига киришди. 2018 йилда маълумотлардан яхшироқ фойдаланиш, янги технологияларни эгаллаш, Smart Nation стратегиясини қўллаб-қувватлаш, рақамли иқтисодиёт ва рақамли жамиятни барпо этишга қаратилган улкан катта саъй-ҳаракатларни амалга ошириш учун Электрон ҳукумат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Сингапурда электрон иштирок (reach.gov.sg), электрон хизматлар (citizenconnectcentre.sg), очиқ маълумотлар (data.gov.sg) ва давлат харидлари (gebiz.gov.sg)га хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган порталларга киришни таъминловчи ягона ойна кўринишидаги давлат портали (Gov.sg) мавжуд.

Мамлакат ҳукумати, бундан ташқари, фуқаролар учун ижтимоий суғурта жамғармаларини режалаштириш ва кузатиб бориш ҳамда давлат хизматлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар бериш учун рақамли платформаларни йўлга қўйган.

Сингапурда Электрон ҳукумат билан боғлиқ ҳуқуқий механизмлар 2012 йилда қабул қилинган Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун, шунингдек, киберхавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Япония

Японияда ҳукуматнинг Рақамли ўтиш режаси бошқарувни такомиллаштириш ва фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида янги технологиялардан фойдаланиш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга асосланган.

Мамлакат рақамли асрда ўз янги маъмурий қиёфасини IT-инвестицияларни оптималлаштириш, харидлар бўйича ислоҳотлар ва электрон ҳукумат режасини муниципал (қуйи) миқёсда фаоллаштиришга кўмаклашиш орқали шакллантирмоқда. Фан, технологиялар ва инновациялар бўйича кенгаш электрон ҳукуматнинг ахборот алмашинуви ва тарқатилишига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббуслари устида иш олиб борилмоқда.

Японияда электрон ҳукуматнинг марказий портали (e-gov.go.jp) ҳамда электрон иштирок (e-Testimony), очиқ маълумотлар (data.go.jp) ва давлат харидлари (geps.go.jp) қўшимча электрон ҳукумат платформалари мавжуд.

Япония электрон ҳукуматининг ҳуқуқий асослари шахсий рақамли хавфсизлик ва рақамли маълумотлардан фойдаланиш мақсадларига қаратилган (тегишли қонунчилик «Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш», «Электрон имзолар ва сертификатлаштириш фаолияти», «Маъмурий органлар тасарруфидаги ахборотдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар билан мустаҳкамланган.

Хитой

Хитой — 2020 йилда EGDI кўрсаткичи жуда юқори гуруҳга илк маротаба қўшилган Осиёнинг етти мамлакатидан бири.

Мамлакатнинг бу ютуғини электрон ҳукумат сиёсати ва ташаббуслари миллий ва субмиллий миқёсда қисман амалга оширилгани билан изоҳлаш мумкин.

Хитойнинг «ақлли шаҳарлар»ни ривожлантиришга жиддий интилиши биринчи марта 2015 йилги Ҳукумат фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда аксини топди, электрон ҳукуматни ривожлантириш ушбу ташаббуснинг муҳим қисми бўлганлиги сабабли муниципал ҳукумат органлари электрон ҳукумат порталларини жадал суръатларда яратишни бошлаб юборди.

Шанхай давлат маълумотлари сервислар портали — «ягона ойна» тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатаётган энг муваффақиятли локал (маҳаллий) лойиҳалардан бири.

Хитойда параллел равишда давлат секторини бошқариш ва хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида катта маълумотлар, сунъий интеллект ва 5G сингари илғор технологиялар электрон ҳукумат тизимида фаол жорий этиляпти. Мамлакат ҳукумати 2020 йилда ресурсларни тақсимловчи давлат ахборот тизимини блокчейн технологияси воситасида йўлга қўйди.

Шунингдек, аҳоли, тижорий ташкилотлар ва ҳукумат алоқаларида ижтимоий тармоқларнинг иловалари муҳим рақамли воситаларга айланмоқда. Одамлар ўз смартфонлари орқали давлат хизматларидан фойдаланишаётган WeChat ва Alipay иловалари бунга яққол мисолдир.

Хитой ҳукумати, қолаверса, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш учун ижтиоий тармоқларда расмий аккаунтларини очишга катта эътибор қаратмоқда. Давлат органлари ижтимоий тармоқларнинг инқирозлар шароитидаги энг самарали мулоқот воситаларидан эканини англаб етишди, хусусан, COVID-19 эпидемияси даврида хитойлик оддий фуқаролар ўз саломатлиги ва фавқулодда вазиятлар ҳақида хабар беришда Alipay иловасидан кўп фойдаланишган.

С.Алимов, Халқаро алоқалар бўлим бошлиғи,

Ш.Носирова, Халқаро алоқалар бўлим 1 тоифали мутахассиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг