Олис Қизилқум чўлининг юз минг аҳолиси ўз телестудиясидан айрилди
Оммавий ахборот воситалари — жамиятнинг кўзгуси. Истаймизми-йўқми, инсониятга ўз таъсир кучини ўтказадиган энг самарали восита ҳам шу. Бугунги ахборот асрида ОАВнинг ўрнинику тасаввур қилаверинг...
Асосий гапга ўтсак. Учқудуқ аҳолисининг айтишига қараганда, йўл олислиги сабаб кўпам бу туманга журналистлар (айниқса тележурналистлар) ташриф буюравермайди. Шунга қарамай, кичкина шаҳарчанинг «NAVOIY KON METALLURGIYA KOMBINATI» ДК Шимолий кон бошқармасига қарашли «Орион» телестудияси бинойидек ишлаб турганди (Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2010 йил 29 апрелда берилган №0710-сонли гувоҳномага эга).
1994 йил апрель ойида ўз иш фаолиятини бошлаган телестудия ҳозирги вақтга қадар НКМК ШКБ жамоаси фаолияти қатори ўттиз икки минг аҳолига эга Учқудуқ туманидаги ижтимоий ҳаётни ҳам кенг ёритиб борарди. Учқудуқдан 3 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг етишиб чиқиши, яна минглаб қизлар уларга ўхшашни орзу қилиб интилаётгани замирида ОАВнинг кучи ётади, десак муболаға бўлмас. Чунки минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал-да.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра 2018 йилнинг 15 июнидан Навоий вилоятида аналог форматдаги теледастурлар эфири тўлиқ тўхтатилди. Болаларнинг кичкина ютуғини кенг оммага кўрсатиб, тенгдошларини ҳам руҳлантираётган, эртанги кунга ўз кўрсатувлари билан ишонч уйғотаётган Учқудуқнинг «ОРИОН» телестудияси ҳам ёпилди. Бу муаммо нафақат Учқудуқда, балки Зарафшон шаҳрида ҳам мавжуд: 24 йилдан буён ишлаб турган «Зарафшон» телестудияси фаолиятига ҳам нуқта қўйилди. Яна бир телестудия «Зафаробод» (Зафаробод шаҳарчаси) телестудияси бошига ҳам шу қисмат тушди. Бу телестудиялар истиқлолнинг илк йилларида, ҳеч бир қийинчиликка қарамай очилганди (ўшанда ҳам иқтисод эмас, маънавият биринчи ўринга қўйилган эди!).
Бугун ҳамма нарса пулга бориб тақалмоқда. Балки бугунги кунда НКМК учун 1 миллиард сўм (телестудияларга эфирга узатиш техникаси учун) жуда катта маблағ ҳисобланар. Аммо Зафаробод, Зарафшон, Учқудуқ шароитида оиласи билан шу ерларга келиб меҳнат қилаётган, шу корхонанинг истиқболи учун ишлаётган меҳнаткашлар учун суммалар катта кўринса? Президентимиз миллатнинг маънавиятини кўтариш қандай куйиб-пишаётганига бутун дунё гувоҳ. Айниқса, ОАВга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
НКМК ишчи-хизматчилари учун ҳеч қандай шароит яратиб бермаяпти, деб ўйламанг. Зарафшонда шу йили қарийб 1 миллард сўм эвазига ёшлар роликда учадиган майдонча, фавворалар хиёбони очилди. Учқудуқда 2019 йилнинг 21 мартида топширилиши мўлжалланган лойиҳа қиймати 13 миллард сўм эвазига кўл мажмуаси қурилиши бошланди. Умумий майдони 10 гектарни ташкил этади. Бу мажмуада катамаран ва қайиқларда учиш, сув юзасида сайр қилиш, аҳоли дам олиши учун истироҳат боғи, мусиқали фаввора, овқатланиш шохобчалари, волейбол ўйингоҳи, теннис майдончаси ва чўмилиш соҳили (пляж) барпо этилади.
Қанийди шунча сарф-харажатлар қатори Учқудуқ, Зарафшонга янгилик бўлиб кирган телестудияларга ҳам маблағ ажратилса. Ишдан келсангу ўз телестудиянгдан ўз шаҳрингда рўй бераётган янгиликларни кўриб фахрлансанг, маънавий озуқа олсанг...
Зеро, бой берилган маънавий бўшлиқ ўрнини миллионлар эвазига тўлдириш амримаҳол...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter