Нобел мукофоти совриндори Дан Шехтман IT-паркда бўлди
Исроил етакчи технологиялар институти профессори, «квазикристал»ларни кашф этгани боис, 2011 йилда кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати бўлган Дан Шехтман Тошкентга ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.
Мартабали меҳмон билан IT-паркда ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира, IT-парк бош директори Фарҳод Ибрагимов, Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари, шунингдек, IT-парк стартап жамоалари вакиллари иштирок этдилар.
Жаноб Эдуард Шапира Ўзбекистоннинг IT-соҳасини ривожлантириш учун ҳукумат томонидан катта эътибор кўрсатилаётгани, бунинг учун кўплаб хорижий мутахассислар жалб қилинаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтди ва ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Исроил ўртасида илм-фан ва IT-соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш эканини таъкидлади.
Ўз навбатида IT-парк вакиллари кўплаб хорижий тадбиркорларнинг Ўзбекистоннинг стартап-бозорига билдираётган қизиқишлари, жалб қилинган инвестициялар, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида гапириб беришди.
IT-паркнинг мақсадларидан бири маҳаллий IT-мутахассислар ва тадбиркорларни ўз фаолият доираларини маҳаллий бозордан халқаро бозорга қадар кенгайтиришлари учун қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
Профессор Дан Шехтман ўзининг фаолияти ва илмий ишланмаларини тижоратлаштириш йўллари тўғрисида батафсил сўзлаб берди, шунингдек, IT-парк вакилларини нетворкингни кенгайтириш учун ўтказиладиган IT-мусобақаларда иштирок этишга таклиф қилди.
IT-парк стартап-жамоалари профессор Дан Шехтманга ўз лойиҳаларини тақдим этиш ва қизиқтирган саволларини бериш имкониятига эга бўлдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter