Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Монитор қаршисида: бу инсультга олиб келадими?

Монитор қаршисида: бу инсультга олиб келадими?

Фото: «Biokomb.ru»

«Монитор касаллиги» тушунчасини японлар ўтган аср 70-йилларида киритишган. Аммо улар чин маънода касалликни назарда тутишмаганди — энди эса бу касаллик бор ва хунук оқибатларга олиб келиши билан хавфли.

Номи ҳам айтиб турибди: қимматли вақтини мониторга бағишлаганларга ёпишадиган касаллик. Монитор бу нафақат компьютер, шунингдек, телевизор, видеокамера, смартфон — тасвирий ахборотни берувчи исталган қурилма.

Касалликка сабаб айнан улкан ахборот оқими. Бир-икки мартада мияга зўриқиш билинмас, аммо кунбўйи, йилбўйи монитор қаршисида ўтиравериш яхши эмас.

Мия ҳам қайсидир маънода ошқозонга ўхшайди, фарқи — ахборотни ҳазм қилади. Тиббиёт мутахассисларининг айтишича, биронта фильмни томоша қилгандан кейинги таассурот хотирада 2-3 ҳафтагача айланиб юраркан. Агар шунақанги кинолар ёки айтайлик сериаллар ҳар куни кўрилса нима бўлишини тасаввур қиляпсизми? Ахборотни ҳазм қилолмаган мия ҳам бориб-бориб чарчайди. Оқибати эса кейинроқ юзага чиқади: «қизил чегара» босиб ўтилганидан сўнг монитор касаллиги пайдо бўлади.

Албатта, бу касалликнинг ҳам аломатлари бор, булар — доимий чарчоқ, заифлик, яхши ухлай олмаслик, бош оғриғи, кўзларнинг тиниши, қулоқдаги шовқин, кўнгил айниши, иштаҳанинг пасайиши, қўлларнинг қалтираши, тана мувозанатининг бузилиши.

Агарда бир неча кунлик ҳордиқдан сўнг ҳам чарчоқ кетмаса — бу монитор касаллиги аломати. Бир ой, суткасига саккиз соатлаб монитор қаршисида михланиб ўтириш касалликнинг енгил кўринишини чақириши мумкин. Ҳатто ана шу «енгил» касалликда ҳам бошда оғриқ пайдо бўлиши, енгил бош айланишлари кузатилади. Оғир кўриниши эса инсульт ва инфарктга яқинлаштиради.

Шифокорлар меъёрга риоя қилишни, монитор қаршисида ҳам танаффус, дам олишни ташкил этишни тавсия қилишади. Қолаверса, тартибли овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳам жуда керак.

Инсультнинг аломатлари

  1. Сезувчанликнинг бузилиши ва мажолсизлик, айниқса, тананинг бир томонида.
  2. Нутқнинг бузилиши ёки ўзига айтилган сўзларни тушуна олмаслик.
  3. Бир ёки икккала кўз кўриш қобилиятининг бузилиши, нарсаларнинг қўшалоқ кўрина бошлаши.
  4. Бош айланиши.
  5. Ҳеч қандай сабабсиз кескин ва кучли бош оғриғи.
  6. Мувозанатни йўқотиш бошқа аломатлар: нутқнинг бузилиши, нарсаларнинг қўшалоқ кўрина бошлаши, мажолсизлик билан бирга кечиши.
  7. Ҳушдан кетиш.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг