Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мени фарзандларим бор ва мен қўрқаяпман!

Мени фарзандларим бор ва мен қўрқаяпман!

Иллюстратив фото

Ваҳима қилмаяпман. Шунчаки улар, мени ўғлим, сизни қизингиз — яқин келажакда бачканаликнинг энг тубан кўринишларини ҳам қадрият сифатида қабул қилишидан, «сунъий интеллект» деган ягона бошқарувчининг содиқ қулларига айланишидан хавотирдаман.

Ишонинг, бунга етарлича асослар бор. Мурда билан селфи тушаётган ёхуд онасининг юзига ширинлик билан уриб уни «ТикТок» ёки бошқа платформаларда жойлаётганлар аслида «варвар», «тарбия кўрмаган» ўсмирлар эмас, балки технологик индустрия томонидан масъум болаларнинг онги, руҳи, дунёқарашига очилган жирканч урушнинг қурбонлари ҳамдир.

«Зомбилаштириш технологияси» 

Калифорния штатидаги Стэнфорд университетида «Зомбилаштириш технологияси» деган лаборатория бор. Фақат кенг жамоатчиликка безарар эшитилиши учун номи бироз «таҳрирлаб» тақдим этилган: «Ишонтириш технологияси» илмий-тадқиқот лабораторияси! Унга ХХ аср интиҳоси — 1998 йилда университет психологи Би Жей Фог томонидан асос солинган.

Дунёнинг етук нейробиологлари, руҳшунослари, ижтимоий фанлар бўйича экспертлар жамланган ушбу муассасада мобил иловалар, ижтимоий тармоқлар, видеоўйинлар орқали инсон тафаккури ва хатти-ҳаракатларини ўзгартириш, бошқариш бўйича лаборатория тажрибалари, йирик илмий тадқиқотларўтказилади.

Би Жей Фог интервьюларининг бирида бу ҳақда шундай деган: «Биз эндиликда одамлар нима қилиши ёхуд нимани ўйлашига мустақил таъсир кўрсата оладиган рақамли қурилмалар яратишга қодирмиз». Яъни, сиз ҳали ҳам «Терминатор» ёки «Матрица» фильмларидаги воқеликлар ғирт уйдирма ёки фантастика деб ўйласангиз, янглишасиз. Улар аллақачон реал ҳаётга, бугунимизга кўчиб бўлган. Фақат бу ҳақда деярли овоза қилинмайди. «Ҳали кўпчилик «Ишонтириш технологияси» ҳақида  тасаввурга эга эмас», — дейди  болалар ва ўсмирлар психологи Ричард Фрид. – «Чунки унинг асосчилари ўз «ихтиролари» ошкор бўлишини кўп ҳам истамайди. Бошқача айтганда, фойда ёки фақат пул учун болалар онгини манипуляция қилиш — ғайриинсоний жиноят ва тубанлик эканини ўзлари ҳам яхши билади».

Инсон миясининг «ишғол» этилиши

Зомбилар ҳақидаги фильмларда кўп кўргансиз. Кимнидир бошқариш, фақат буйруқни бажарадиган робот ёки манқуртга айлантириш учун аввало унинг миясига чанг солинади, фалажлантирилади ва кейин микрочип ўрнатилади. Биз айтаётган «Ишонтириш технология»си ҳам айни тартибда ишлайди. Фақат бу ерда «микрочип» вазифасини миядаги «бахт гормони» — дофамин нейромедиатори бажаради. Яъни, ўша дофаминни аниқ мўлжалга олиб буйруқ берилса бўлди, ўзини поезд тагига ҳам ташлайдиган «терминаторлар» етишиб чиқаверади.

Бугунги кунда АҚШдаги машҳур «Силикон водийси»да жойлашган дофамин тадқиқоти лабораториясида одамзод онгини тўла-тўкис «забт» этиш учун астойдил изланишмоқда: «Биз инсон миясининг қарамликни юзага келтирувчи (муайян ижтимоий ҳодиса ва одатларга - Д.Н.)  қисмлари қандай ишлашини пухта ўзлаштирдик. Бунинг натижасида тобеликни рағбатлантириш ва уларни рақамли дастурларга кўчириш усулларини билиб олдик. Энди дунёдаги юзминглаб одамлар феъл-атворини ўзгартириш имконияти бор. Албатта, бу ўзгариш уларга табиийдек, ўзлари шуни истаётгандек туюлади, аммо, азизлар, буларнинг бари бизнинг тадқиқотларимиз маҳсули...»

Бу гаплар қайсидир кинодаги «ёвуз қаҳрамон» тилидан кўчирилган иқтибос ёки қўрқинчли келажакка тааллуқли эмас, балки дофамин тадқиқоти лабораторияси асосчиси Рамси Брауннинг «KQED Science» нашрида яқиндагина эълон қилинган мақоласида айтилаётир. 

Ўлим — синовларнинг «муваффақиятли» якуни(ми)?

Дофаминга қарамлик, худди гиёҳвандликдек гап. Мия қанча кўп гармон ишлаб чиқарса, соҳиби унга шунчалик боғланиб бораверади. Муборак кўнгил дофаминнинг янги, янада ўткир «таъмларини» тусайди. Ками — хумор қилади, ортиқчаси — ўлдиради. Аммо бу, технологик корпорацияларни мутлақо қизиқтирмайди. Муҳими, «Зомбилаштириш технологияси» томонидан таклиф этилаётган тажрибаларни амалда муваффақиятли қўллаш, болалар эътибори учун кечаётган аёвсиз рақобатда енгиб чиқиш!

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун «TikTok» алгоритми платформадаги «янги» аъзолар томонидан жойлаштирилган ҳар қандай видеони «тасодифий» равишда асосий планга олиб чиқади? Сабаби оддий, фойдаланувчини у кутган эътибор, олқишлар билан тақдирлаш, уни «лайк» ва «просмотр»ларнинг бошланғич «доза»си билан сийлаш!

Бу ҳолат бир неча кун, яъни «меҳмон»нинг иззати битгунча давом этади. Кейин эса, яна сунъий интеллект ишга киришади. Дейдики, энди ҳеч қандай тасодиф бўлмайди, мана сенга мавзу, трендга чиқмоқчимисан, марҳамат қилиб ўзинг ҳаракат қил! Ҳамма томоша шундан кейин бошланади. Бечора фойдаланувчи навбатдаги «доза»ни ҳис қилиши учун бор кучини сарфлайди, ҳар қандай бачканалик кўзига «лайк» бўлиб кўринади. Агар шунда ҳам кўзланган маррага эришилмаса, уни чуқур тушкунлик ва ҳаттоки ўз жонига қасд қилиш хаёли қамраб олади. Бундай якун — ўсмир учун ҳалокат, «зомбилаштириш технологияси» асосчилари учун эса —
 «муваффақият» демакдир.

Уларнинг фарзандлари йўқ эди...

Ўзбекларда «Зар қадрини — заргар билади» деган гап бор. Биз юқорида тилга олган лабораторияларда ҳам шу нақлга қатъий риоя қилинади. Тушунтираман.

Ижтимоий платформалар ва сунъий интеллект болалардан — болаликни ўғирлаяпти. Улар учун смартфонлар, ижтимоий тармоқлар, видеоўйинлар ҳаёт-мамот масаласига айланяпти. Оқибатда, FoMO-фобия (Fear of missing outбирон қизиқарли воқелик ёки ижтимоий тармоқлар таклиф этаётган «имкониятлар»дан бехабар қолишдан қўрқиш хасталиги) тушкунлик, стресс, диққатсизлик ва ўзини бахтсиз ҳис қилиш синдроми миллионлаб болаларнинг доимий ҳамроҳига айланяпти, ҳатто азиз жонига қасд қилишгача етиб боряпти.

Сизнингча, «Ишонтириш технологияси» ёки Дофамин тадқиқоти лабораторияларида ўтирганлар буларни билмайдими? Билади, албатта, яна ҳеч қайси одам фарзандига фожиали тақдирни раво кўрмаслигини ҳам яхши тушунади. Шунинг учун ҳам бундай тадқиқотларга асосан ота-оналик туйғуси бегона ёшлар жалб этилади.

— Компаниядаги кўплаб дизайнер ва дастурчиларни 19-20 ёшлар атрофидаги мутахассислар ташкил этарди, — деб тан олган «Apple» собиқ ходими Тони Фаделл. — Сунъий интеллектга эга рақамли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлаганимизда уларнинг ҳали ўз фарзандлари йўқ эди. Кейинчалик турмуш қуриб, болали бўлгачгина «ишонтириш технологияси», аслида гўдак қалбига очилган уруш эканлигини ҳис қила бошлашди. Ва аксар ходимлар лойиҳалаштиришда иштирок этишдан бош тортди...

Қандай омон қолиш мумкин?

Истаймизми ёки йўқ, бундан кейин сунъий интеллект ёрдамида инсонлар, айниқса, болалар идрокига таъсир кўрсатиш, тафаккурини эгаллаш, ўй-хаёлларини бошқариш, хатти-ҳаракатини назорат қилишга бўлган уринишлар фақат кучаяди. Нима қилиш керак? Қандай омон қолиш мумкин?

Энг аввало, ота-оналар, кенг жамоатчилик шуни ўзига яхши тасаввур қилиши, тушуниши ва уларга тушунтирилиши керакки, бир пайтлар давлатлар ядро қуролига эгалик қилиш учун «совуқ уруш»га киришган бўлса, эндиликда технологик индустриялар ўртасида энг мукаммал сунъий интеллект яратиш устида худди шундай кураш кечаяпти. Биринчисида, одамларни жисман йўқ қилиш кўзда тутилган эди, ҳозиргисида эса руҳан маҳв этиш мақсад қилинган.

Шундай экан, халқаро ташкилотлар ядро қуроли қўлланилишига қарши қай тариқа курашган, қандай чақириқ ва талаблар билан чиққан-чиқаётган бўлса, болалар онгини манипуляция қилишга қаратилган тадқиқотларга нисбатан ҳам улар айни позицияни эгаллашлари лозим.

Иккинчидан, «жаҳолатга қарши — маърифат» деган шиор фақат минбар ёки оташин нутқларда қолиб кетмаслиги зарур. Чеклаш ёки тақиқлаш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Энг тўғри чора — сопини ўзидан чиқариш: «зомбилаштириш технологияси» тажрибалари «муваффақиятли» синовдан ўтказилаётган ижтимоий тармоқларда сифатли, савияли, ёшларни ўйлашга, фикр юритишга ундайдиган контентни кўпайтириш. Бу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши шарт.  

Акс ҳолда, мени ўғлим, сизни қизингиз — яқин келажакда бачканаликнинг энг тубан кўринишларини ҳам қадрият сифатида қабул қилиши, «сунъий интеллект» деган ягона бошқарувчининг содиқ қулларига айланиши ҳеч гап эмас. Худо асрасин.

Дилшод Нуруллоҳ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг