Шоҳжаҳон Абдусатторов: Америкада сунъий интеллектдан «адолатли фойдаланиш» концепцияси мавжуд... ёхуд СИ ва кўчирмакашлик хусусида

«Бўладиган бола бошидан маълум», дейишади. Самарқанд вилоятида туғилган Шоҳжаҳон Абдусатторов интеллектуал шоу «Эврика+» кўрсатувида 1-ўринни қўлга киритганида, «Зукко Юрист» интеллектуал мусобақасига асос солганида 20 ёшли талаба эди.
Ҳеч қанча ўтмай Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган яна бир «Йил талабаси – 2022» танловида «Энг фаол тарғиботчи талаба» йўналишида ғолиб бўлди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. ZukkoYurist.com AҚШ ва Ўзбекистон қонунчилигини таққословчи чатбот, блог мақолалари, ҳуқуқий таҳлилий контент ва интеллектуал тестлар орқали фойдаланувчиларга хизмат қилувчи йирик рақамли платформа асосчиси Шоҳжаҳон АҚШнинг нуфузли олийгоҳларидан бири — Pennsylvania State Universityга 70% грант асосида магистрлик (LL.М.) дастурига қабул қилинди. Айни пайтда қаҳрамонимиз ёш (24 ёшда) бўлишига қарамай интеллектуал мулк ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва сунъий интеллект соҳаларининг ҳуқуқий тартибга солиниши бўйича чуқур изланишлар олиб бормоқда.
Унинг ҳаётдаги шиори шундай: Билим орқали хизмат қил, тафаккур орқали етакла, ҳуқуқ орқали адолатга бошла.
– «Зукко Юрист» ғояси қандай туғилди? ZukkoYurist.com платформасидаги чатбот ва таҳлилий контентни ишлаб чиқишда қандай жамоа ёки технологиялар ёрдам берди?
– Талабалигимда ўзимга тез-тез бир саволни берардим: «Мукаммал юрист қандай бўлиши керак?»
Ва кузатувлар асносида жавобни топдим: чинакам юрист – бу қонунларни чуқур тушунадиган, мантиқий фикрлай оладиган, китоб мутолааси орқали дунёқарашини кенгайтирган шахс бўлиши керак. Айнан шу фикрлар мени илҳомлантирди ва 2022 йилда «Зукко Юрист» лойиҳасига асос солинди.
Лойиҳани илк бор Талабалар фестивали доирасида бир марталик танлов шаклида ўтказдик. Танлов ёшлар орасида катта қизиқиш ва шов-шув уйғотди. Чунки университет тарихида ҳали бу каби инновацион ва интеграциялашган ёндашувдаги лойиҳа бўлмаган эди. Талабаларнинг сўрови билан «Зукко Юрист» лойиҳасини турнир шаклида мунтазам ўтказишни йўлга қўйдик. 1-мавсум Тошкент давлат юридик университетида муваффақиятли ўтгач, ТДЮ қошидаги академик лицей ва Темурбеклар мактаби раҳбарияти танловни ўз муассасаларида ҳам ташкил этиш истагини билдиришди.
Кейинчалик лойиҳани барча юридик таълим муассасаларида йўлга қўйиш бўйича режа ишлаб чиқдик. Ҳозирда Америкада ўқиётганим сабаб лойиҳани якунига етказишга ўзим қатнаша олмадим. Аммо лойиҳа ҳозир ҳам Тошкент давлат юридик университетида ўтказилмоқда.
Аммо лойиҳанинг мантиқий давоми сифатида шу йил ZukkoYurist.com рақамли платформани ишга туширдим. Мазкур сайт нафақат блог мақолалари, балки сунъий интеллект асосидаги чатбот, таҳлилий контент ва интерактив ҳуқуқий воситалар орқали фойдаланувчиларга хизмат қилмоқда.
Чатбот функциясини ишлаб чиқишда мен OpenAI API, матнни қайта ишловчи тил моделларини интеграция қилишга эътибор қаратдим. Дастурлашдан хабардор бўлганим учун чатбот логикасини, фойдаланувчи интерфейсини ва асосий баскенд функцияларини мустақил тарзда ишлаб чиқдим, қонунчиликка оид мақолалар, таққословчи таҳлиллар, тест саволлари ва жавоб вариантларини ҳам ёздим. Натижада, ZukkoYurist.com бугунги кунда ёш юристлар, талабалар ва ҳуқуқий соҳага қизиққан фойдаланувчилар учун инновацион, ўрганишга қулай ва замонавий платформага айланди.
– Технология шиддат билан ривожланаётган пайтда илмий ишингиз жуда катта аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз. Интеллектуал мулк ҳуқуқининг асосий вазифаси ҳуқуқни ҳимоя қилиш, ижодий ва илмий фаолиятни рағбатлантириш. Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи амалда қанчалик самарали ишламоқда?
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу борада норматив-ҳуқуқий база шаклланмоқда, «Интеллектуал мулк муассасаси» фаолият олиб бормоқда, қонунчиликка ўзгартиш ва такомиллаштиришлар киритилмоқда. Бу жуда ижобий кўрсаткич. Бироқ амалий самарадорлик нуқтаи назаридан ҳали кўплаб муаммолар мавжуд: ижодкорлар ва илмий тадқиқотчилар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишни тўлиқ билмайди, судларда муаллифлик ҳуқуқига оид ишлар кам, ҳуқуқбузарларга нисбатан жавобгарлик ҳолатлари эса суст қўлланилади. Энг муҳим масала – ҳуқуқий маданият ва амалий тушунчанинг етишмаслиги. Ҳуқуқ мавжуд, бироқ уни тан олиш ва қўллаш жараёни кучли эмас. Муаллифлар ўз асарларини рўйхатдан ўтказишдан тортинади, контрактлар тузилмайди, плагиатга жиддий қаралмайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи соҳасида асосий ютуқ – қонун мавжудлиги, асосий муаммо – унинг ҳаётга татбиқ этилиш даражасидир. Яъни бизда ҳуқуқ бор, лекин уни ҳис қиладиган ва ҳимоя қиладиган тизимли муҳит ҳали тўлиқ шаклланмаган.
– Муаллифлик ҳуқуқи масаласида АҚШ ва Ўзбекистон қонунчилиги ўртасида қандай фарқлар бор ва у қандай ҳал этилиши мумкин?
– АҚШ қонунчилигида муаллифлик ҳуқуқи асар яратилган заҳоти автоматик кучга киради, лекин у ҳуқуқий даъволарда ишончли ҳимоя олиш учун U.S. Copyright Officeда расмий рўйхатга олиш талаб қилинади. Рўйхатдан ўтган асар судда кучли далил сифатида тан олинади ва қонуний компенсацияларни олиш имконини беради.
Ўзбекистонда эса рўйхатдан ўтиш мажбурий эмас ва ҳуқуқ яратилган пайтдан бошлаб мавжуд, бироқ судда муаллифликни исботлаш жараёни мураккаб ва амалий механизмлар заиф. Плагиат ҳолатларида кўп ҳолларда даъвогар ўзининг муаллиф эканини аниқлашда қийналади.
Иккинчи муҳим фарқ – сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий аниқлик. АҚШда ҳозирда СИ томонидан яратилган асарлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланмайди (чунки у «инсон» томонидан яратилмаган), бу борада суд қарорлари мавжуд. Ўзбекистонда эса бу мавзу ҳали қонунчилик даражасида аниқлаштирилмаган – бу янги хавф ва имкониятларни келтириб чиқармоқда.
Бу фарқларни қандай ҳал қилиш мумкин? Биринчидан, муаллифлик ҳуқуқини рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш ва рақамлаштириш орқали исботлаш имкониятларини кучайтириш керак. Иккинчидан, СИ ва рақамли асарлар билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни аниқлаштириш зарур. Ва албатта, ҳуқуқшунослар, ижодкорлар, тадқиқотчилар ўртасида ҳуқуқий маданият ва ҳамкорлик муҳитини яратиш бу жараёнда ҳал қилувчи рол ўйнайди.
– АҚШдаги «адолатли фойдаланиш» (fair use) концепцияси ва унинг Ўзбекистондаги аналоглари қай даражада турфа? Уни миллий ҳуқуқ тизимига мослаштириш мумкинми?
– АҚШдаги «fair use» концепцияси муаллифлик ҳуқуқининг энг муҳим ва мураккаб институтларидан биридир. Бу норма муаллифнинг ҳуқуқий манфаатлари ва жамиятнинг ахборот, танқид, таълим ёки илмий изланишдан фойдаланиш эркинлиги ўртасида мувозанат яратишга хизмат қилади.
«Fair use» тўрт асосий мезон асосида баҳоланади: фойдаланиш мақсади ва характери (илмий, нотижорат, танқидий, пародия ва ҳ.к.), асарнинг табиати (фактлар асосида ёки бадиий асарми), фойдаланилган миқдор ва ҳажм, асл асар бозори ёки қийматига таъсири.
Бу тизим ҳолатга асосланган ёндашув (case-by-case analysis) бўлиб, судлар томонидан динамик тарзда талқин қилинади. Шу боис у мослашувчан ва замонавий шароитга мос ёндашув деб қаралади.
Ўзбекистонда эса «адолатли фойдаланиш»нинг аниқ номдаги институти мавжуд эмас, аммо муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунда «эркин фойдаланиш ҳоллари» деган тушунча бор. Масалан, иқтибос келтириш, ўқув жараёнларида чекланган даражада фойдаланиш, шахсий мақсадда кўчириш каби ҳолларга рухсат берилади. Бироқ бу нормалар кўпроқ қатъий чегараланган ва мослашувчанликдан йироқ, шунингдек, судлар амалиётида кенг татбиқ этилмаган.
Уни миллий ҳуқуқ тизимига мослаштириш мумкинми? Ҳа, мумкин. Аммо бу фақат «қонунга ёзиш» билан эмас, балки: ҳуқуқшунослар ва ижодкорлар ўртасида тушунчавий мувофиқлик яратиш, судлар учун талқин йўриқномалар ишлаб чиқиш, рақамли платформалар ва таълим тизимида бу нормаларни тестдан ўтказиш орқали босқичма-босқич жорий қилиш мумкин.
– Ҳамюртларимиз орасида ижтимоий тармоқларга ёзадиган постини ҳам СИга ёздирмоқда, ҳаттоки изоҳларгача, яъни сўзма-сўз кўчирмоқда. Бу тўғрими? СИ ва плагиат тушунчаси – чегара қаерда?
– Бу савол бугунги кунда жуда долзарб. Чунки сунъий интеллект воситалари (масалан, ChatGPT, Deepseek, Copilot) нафақат матн ёзиб беради, балки уларни услуб, оҳанг ва фактлар билан тўлдириб беради. Лекин шуни унутмаслик керакки: машина ёзган матн – бу сизнинг шахсий фикрингиз эмас, балки автоматик генерацияланган контент.
Агар сиз СИ ёрдамидан таҳрир, таклиф, илҳом олиш мақсадида фойдалансангиз – бу табиий, ҳатто профессионал ёндашув ҳисобланади. Аммо сунъий интеллектдан олинган матнни сўзма-сўз ўз постингиз сифатида, изоҳсиз, таҳрирсиз эълон қилиш – бу ахлоқий нуқтаи назардан нотўғри ва баъзи ҳолларда плагиат сифатида ҳам баҳоланиши мумкин.
СИ ва плагиат ўртасидаги чегарага келсак, плагиат бу бошқа манбадан рухсатсиз ёки кўрсатмасдан матн, ғоя ёки тузилмани эгаллаб олишдир. СИ эса сизга янги матн яратади, аммо бу матн сиз яратган ижодий меҳнат сифатида қабул қилинмайди. СИ ёзган матнни «мен ёздим» дейиш – бу плагиатга яқинлашади.
Нима қилиш керак? СИ ёрдамидан фойдалансангиз, таҳрир қилиб, шахсий оҳанг қўшинг. Ёзган матнни айнан сизга хос фикр ва тажриба билан бойитинг. Илмий ёки профессионал ишда СИдан фойдаланилганини очиқ кўрсатинг (дисклаимер билан).
– Сунъий интеллект фаолиятини тартибга солувчи глобал ҳуқуқий стандартлар яратиш мумкин деб ҳисоблайсизми? Агар шундай бўлса, улар қандай шаклда бўлиши лозим?
– Албатта, сунъий интеллект фаолиятини глобал даражада тартибга солиш – бу энди назария эмас, амалий заруратга айланган. Менимча, СИнинг ҳуқуқий чегараларини белгиловчи халқаро стандартлар яратилмаса, технологик тараққиёт инсон ҳуқуқлари, ахборот хавфсизлиги ва муаллифлик ҳуқуқи соҳаларида жиддий хавф туғдириши мумкин.
Мен бу йўналишда уч босқичли ёндашув тарафдориман: Этик кодекс – СИни яратишда умумий ахлоқий мезонлар (масалан: дискриминация қилмаслик, шахсий маълумотларга эҳтиёткорлик билан муносабат), миллий қонунчиликка мослаштириладиган модел қонунлар – ҳар бир давлат ўз тизимига мослаштира оладиган халқаро ҳужжатлар. Глобал мониторинг механизми – сунъий интеллектдан нотўғри фойдаланилаётган ҳолатларни аниқлаб, тавсия ва чоралар берувчи халқаро платформа.
– Яқинда хорижда бир шахс СИ ёрдамида судда ютиб чиққани айтилди. Агар келажакда СИ юридик маслаҳат берса ёки ҳатто суд қарорларини таҳлил қилса – бу инсон ҳуқуқлари ва суд мустақиллигига таҳдид эмасми?
– Бу савол орқасида технологик тараққиёт ва ҳуқуқий қадриятлар ўртасидаги чуқур мувозанат муаммоси ётади. Бир томондан, сунъий интеллектнинг юридик соҳадаги имкониятлари – масалан, қонунларни тез таҳлил қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш, статистикани баҳолаш – бу жараённи тезлаштиради, хатоликларни камайтиради ва одил судловга хизмат қилиши мумкин. Аммо иккинчи томондан бу имкониятлар нотўғри талқин қилинса ёки тартибга солинмаса, инсон ҳуқуқлари, шахсий дахлсизлик ва суд ҳокимиятининг мустақиллигига бевосита хавф туғдириши мумкин.
Шахсан мен сунъий интеллектнинг суд-ҳуқуқ тизимида ёрдамчи восита сифатида қўлланилишини қўллаб-қувватлайман, аммо у ҳеч қачон қарор қабул қилувчи субъект бўлмаслиги керак. Сабаби, СИ алгоритмларида инсоний ҳиссиёт, конституциявий қадрият, адолат тушунчаси йўқ. У фақат маълумот асосида натижа чиқаради, лекин «адолатли ва инсоний» қарор бера олмайди.
СИ томонидан берилган ҳуқуқий маслаҳатлар, айниқса оддий фуқаролар учун, тушунарли ва тезкор хизмат бўлиши мумкин, лекин уларнинг асосида қабул қилинадиган ҳар қандай ҳуқуқий қарор юридик жавобгарликка эга, инсон томонидан тасдиқланган бўлиши лозим. Суд бу фақат қонун эмас, бу инсоний тушунча, контекст ва ижтимоий адолат платформаси.
Шунинг учун, келажакда СИни суд амалиётида ишлатиш масаласи бўйича бизга қуйидагилар зарур, яъни аниқ ҳуқуқий чегаралар: СИ маслаҳат бера олади, лекин қарор чиқармайди, инсон иштирокини таъминловчи мажбурий назорат тизимлари ва, албатта, бу соҳани тартибга солувчи халқаро этик кодекс ва юрисдикциявий протоколлар.
– Бугунгача СИ фаолиятини тартибга солувчи ягона халқаро ҳуқуқий нормалар мавжуд эмас. Сизнингча, қандай ёндашувлар орқали бирлашган глобал стандарт яратиш мумкин?
– Ҳа, айни пайтда СИни тартибга солувчи ягона халқаро норматив ҳужжат мавжуд эмас. Бу эса сунъий интеллект билан боғлиқ асосий хавф, яъни тартибсиз ривожланиш ва бир-биридан фарқ қилувчи миллий ёндашувлар ўртасидаги номувофиқликни юзага келтирмоқда. Менимча, бу бўшлиқни тўлдириш учун глобал ҳуқуқий стандарт зарур, лекин у мослашувчан, технологик нейтрал ва ижтимоий масъулиятли бўлиши керак.
Авваламбор, БМТ, ЮНЕСКО ёки ОЕСД каби ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган умумий ахлоқий принциплар (масалан, адолат, шаффофлик, инсон ҳуқуқлари, ҳисобдорлик) асосида халқаро платформа яратилиши керак. Бу ҳар бир давлатга технологик қарашларидан қатъи назар, умумий қадриятлар асосида йўл-йўриқ беради. Бошланишига қатъий конвенциялар эмас, балки тавсия характеридаги йўриқномалар, техник стандартар ишлаб чиқилиши керак. Буларни ҳар бир давлат ўз қонунчилигига мослаштиради. Бу «юмшоқ ҳуқуқ» воситалари орқали биринчи босқичда кенг халқаро консенсус шаклланиши мумкин.
СИнинг соғлиқни сақлаш, суд, таълим, хавфсизлик каби соҳалардаги қўлланишига қараб турли секторлар учун алоҳида стандартлар ишлаб чиқилиши лозим. Ҳар бир соҳада хавф даражаси, масъулият ва фойда нисбати бошқача.
Технология тез ўзгараётганлиги сабабли, ҳар бир глобал ҳужжатни доимий янгиланадиган ва кузатув асосида ишлайдиган тизимга айлантириш керак. СИ масаласида «бир марталик қонун» эмас, эволюцион ҳуқуқий ёндашув зарур.
– Қимматли фикрларингиз учун ташаккур.
Барно Султонова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter