Маҳаллий дастурчилар учун шарт-шароитлар яратилади. Бунинг учун «Коворкинг» марказлари ташкил этилади
Муҳокамага қўйилган «Ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришни тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасига кўра, 2018-2020 йилларда ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади.
Дастурда «Ўзбектелеком» АК зиммасига:
- Жорий йилнинг учинчи чорагига қадар Халқаро пакетли коммутация марказини 1000 Гбит/сониягача кенгайтириш;
- IPTV платформасини ривожлантириш;
- Тошкент шаҳарида оптик толали алоқа кабели ва бошқа турдаги кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводини қуриш;
- 2018-2019 йилларда замонавий қурилмаларни ўрнатиш ҳисобига магистрал телекоммуникация тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятини 10 бараварга ошириш;
- Маълумотлар алмашувини ягона марказини яратиш вазифалари топширилган.
Ҳудудларда мобиль алоқа тармоғининг қамровини кенгайтириш мақсадида 2018 йил давомида мобиль алоқа тармоғи операторлари томонидан жами 4000 та база станцияларини ўрнатилади.
Ахборот технологиялари соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида жойларда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва маҳаллий дастурчилар учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Коворкинг» (ҳамкорликда ишлаш) марказларини ташкил этиш; ҳудудларда «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз туризм» лойиҳаларини амалга ошириш; ва бошқа бир қатор вазифалар белгиланган.
Ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этган ҳудудларни рағбатлантириш мақсадида «Ахборот технологиялари соҳасида энг яхши ҳудуд» танлови ташкил этилиши ва ўтказилиши режалаштирилган.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 2018 йилнинг 3 мартига қадар давом этади. Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter