Кореялик консультант Ўзбекистонда 3 ой ишлаб нимадан қўрққанини гапириб берди (видео)
50-йилларда қашшоқликка юз тутган Корея давлати қандай қилиб бунчалик тез ривожланишга муваффақ бўлди экан? Эҳтимол, бу уларнинг ўша пайтдаёқ истиқболли келажак рақамли технологияларни энг биринчи ўзлаштирганлар қўлида бўлишини англаб етгани билан боғлиқдир. Нима бўлганда ҳам Корея бугун кучлилар орасида. У кўп маротаба дунё эътирофига сазовор бўлган мамлакат. БМТнинг электрон ҳукумат ривожланиши рейтингида эса 3-ўриндаги давлатдир.
Бугун биз уч ой давомида мамлакатимизда бўлиб, БМТнинг электрон ҳукумат рейтингида Ўзбекистон ўрнини кўтариш бўйича ҳамкорликда иш олиб борган кореялик консультант Ан Хи Чул жаноблари билан суҳбатлашдик.
– Ассалому алайкум, Ан Хи Чул жаноблари! Аввало, бугунги суҳбатга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Бизни, аввало, Ўзбекистонга ташрифингиздан кўзланган асосий мақсад билан таништирсангиз?
– Корея билан Ўзбекистон электрон ҳукумат ҳамкорлиги доирасида эксперт гуруҳи тузилган эди. Ушбу гуруҳ таркибида мен ҳам Ўзбекистонга келдим.
– Бу ердаги фаолиятингиз давомида маълумотлар топиш ёки бошқа масалаларда қандайдир қийинчиликларга дуч келмадингизми?
– Ўзбекистонда 3 ой давомида ишлаган бўлсам, деярли қийинчилик сезилмади. Чунки Ўзбекистон томон менга ҳар томонлама ёрдам берди. Лекин мен битта нарсадан қўрқдим, яъни қилган тадқиқотларим ёки олиб борган ишларим натижалари Ўзбекистон ҳукуматига, бирга ишлаган ҳамкорларимга ёқмаслиги ҳақида ўйладим.
– Сизнингча, Ўзбекистон электрон ҳукуматни ривожлантиришда нималарга аҳамият бериши керак деб ўйлайсиз? Агар Корея тажрибасидан келиб чиқиб, таклифларингизни айтсангиз, биз бундан жудаям хурсанд бўлардик.
– Аввало, электрон ҳукуматни ривожлантиришда энг аҳамият бериш керак бўлган жиҳат бу – инфраструктура деб ўйлайман. Бунда иккита нарсани тушунса бўлади. Биринчиси, техник инфраструктура, иккинчиси, норматив қуйи базани яратиш. Техник инфратруктура деганда биз ҳар хил антенналар, станциялар ёки Ўзбекистонда ишлатилаётган интернетнинг яхшиланишини назарда тутамиз. Корея мисолида гапирсак, мана шундай база, яъни пойдевор яратиб бўлгандан сўнг аҳолига, Ўзбекистон фуқароларига рақамлаштириш бўйича кўникмалар бериш, турли тренинглар ўтказиш зарур. Масалан, инфраструктура йўлга қўйилиб, яхши маҳсулотлар ишлаб чиқилгани билан фуқаролар уни ишлатишни билмаса, ҳаммаси бефойда. Шунинг учун ҳам Кореяда ҳанузгача рақамлаштириш бўйича тренинглар ёки дарслар ўтказиб турилади.
– Бизни яна бир маълумот қизиқтиради. Кореяда ахборотлар алмашинувида маълумотлар марказлашган ягона базадан олинадими ёки давлат ташкилотларининг бир-бирига интеграция қилинишиданми?
– Кореяда маълумотлар алмашинуви учун марказлашган ягона база бор. Яъни ресурсларни ишлатиш, давлат ташкилотлари ҳужжатлари ёки бошқа маълумотларни сақлайдиган марказлашган ягона база. Бундан ташқари, Кореяда go.kr портали ҳам мавжуд бўлиб, унга барча давлат ташкилотлари, вазирликлар интеграциялаштирилган. Улар бор маълумотларини ушбу порталга юклашади. Бу аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишида ҳар томонлама қулайлик беради.
– Биламиз, хавфсизлик ҳар доим долзарб масала бўлиб келган. Маълумотлар ягона базадан олинса, уларнинг хавфсизлиги қандай таъминланган?
– Юқорида таъкидлаганимдек, Кореяда маълумотлар – ресурсларнинг марказлашган ягона базаси деган ташкилот бор. Маъзлумотлар хавфсизлигини ушбу ташкилот таъминлайди. Бундан ташқари, киберҳужумларга қарши ҳар хил ускуналар мавжуд. Шунингдек, бошқа ташкилотлар ҳам киберҳужумлар ёки хавфсизликни таъминлашга кўмаклашади.
– Айтинг-чи, Кореяда давлат идоралари томонидан ишлаб чиқилаётган дастурий таъминотлар ички дастурчилар томонидан яратиладими ёки ташқаридан, аутсорсинг тартибида алоҳида дастурчи ёлланадими? Айтмоқчи бўлганим, давлат ташкилотлари учун марказлашган дастурчилар ташкилоти борми?
– Корея давлат идоралари дастурий таъминот керак бўлганида буни тендер орқали ички дастурчиларга эълон қилади. Яъни дастурий таъминотни 99 фоиз ҳолларда ички дастурчиларнинг ўзлари ишлаб чиқишади. Агар уларга қандайдир ёрдам керак бўлса, бошқа давлатдаги дастурчилар билан ҳамкорлик қилишлари ҳам мумкин. Лекин, менинг билишимча, ҳеч қачон ташқаридан аутсорсинг тартибида алоҳида дастурчи ёлланмайди.
– Ан Хи Чул жаноблари суҳбат учун, берган таклифларингиз учун катта раҳмат. Сизга нафақат соҳа ходимлари, балки Ўзбекистон халқи номидан ҳамкорлик ва дўстона кўмагингиз учун алоҳида миннатдорлик билдириб қоламиз.
Ш.Исроилова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter