Инновация вазирлиги янги технологияларни жорий қилиш бўйича «Huawei» билан ҳамкорлик қилади
«Huawei» компанияси Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон давлат органлари вакилларининг Хитойга навбатдаги ташрифини ташкил қилди. «Ташрифдан мақсад инновацион технологиялар ҳамда давлат органлари бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар билан танишишдир», деб хабар берди Инновация вазирлиги ахборот хизмати.
Ташрифнинг биринчи куни делегация вакиллари Хунань вилояти маркази бўлмиш Чанша шаҳрига етиб келдилар. Шаҳар тўртта асосий саноат зонасига бўлинган бўлиб, у ерда учта илмий-технологик тадқиқотлар маркази ва бешта инновацион технопарк жойлашган. Мазкур марказ ва технопаркларда фаолият юритадиган 20 мингта компаниянинг умумий йиллик обороти 60 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
Юртимиз вакиллари Чанша юқори технологик индустриал зонасини томоша қилишаркан, технопарклар фаолияти, ишлаб чиқарилаётган технологиялар, қишлоқ хўжалигидаги, жумладан, уруғчилик бўйича инновациялар, биотиббиётга доир ишланмалар, энергия тежовчи кашфиётлар, илмий-тадқиқот институтлари фаолияти, патентланган ихтиролар ва бошқа янгиликлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Чанша индустриал зонаси раҳбарлари билан музокаралар чоғида Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Умаров Ўзбекистонда технопарклар, инновацион марказлар ва илмий-тадқиқот институтларини очишга кенг имконият яратилаётганини ва бу борада хитойлик мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.
«Ўзбекистон Хитой халқаро институтлари, илмий бирлашмалари билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, енгил ва оғир саноат, энергетика каби соҳаларга инновацион ечимлар ҳамда технологияларни жорий қилиш бўйича хитойлик мутахассисларни биргаликда фаолият юритишга расман таклиф қиламиз», — деди Бахтиёр Умаров.
Ўз навбатида мезбонлар «ақлли шаҳар», «самарали энергия тежаш», «хомашёни қайта ишлаш», «ақлли қишлоқ хўжалиги», «телекоммуникация» сингари концепцияларга жорий этиш мумкин бўлган инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни назарда тутадиган баённомани имзолашга розилик билдирдилар.
Телекоммуникация ва инновацион ечимлар бўйича Хитойнинг энг илғор корхоналаридан саналадиган «Huawei» ва «Waison» компаниялари мазкур лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга ошириш ва технопаркларни яратишда иштирок этади.
Делегациянинг Шеньчжень шаҳрига ташрифи ҳам режалаштирилган бўлиб, у ерда Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter