Инновациялар, рақамли ҳукумат ва давлат хизматлари: Ўзбекистон вакиллари халқаро вебинарда иштирок этишди
Жорий йилнинг 3–5 август кунлари БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA), Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ва «Зерде холдинги» АЖ томонидан «Марказий Осиёда барқарор ривожланиш учун инновациялар, рақамли ҳукумат ва давлат хизматлари кўрсатиш» мавзусида вебинар ташкил этилди.
Семинарда БМТ тадқиқотлари асосидаги 2022 йилги трендлар ва тенденциялар, Марказий Осиё минтақаси (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон)да COVID-19 пандемияси шароитида электрон ҳукуматни трансформациялаш, сифатли электрон хизматлар кўрсатиш ҳамда глобал ва минтақавий ҳамкорлик каби масалалар муҳокама қилинди.
Вебинарда БМТ бош котибининг ўринбосари Лю Жэнминь, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаментининг Рақамли ҳукумат бўйича раҳбари Винченцо Акуаро, Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Багдат Мусин, Марказий Осиё мамлакатларининг рақамлаштириш бўйича масъул раҳбарлари қатнашди. Ўзбекистон номидан ушбу тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось иштирок этди.
Уч кун давом этган вебинар-семинарда жами олтита сессия ўтказилди, UN DESA мутахассислари ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон вакиллари ўз мамлакатларида рақамли тараққиёт, хусусан, электрон ҳукуматни ривожлантириш борасидаги маълумотларни тақдим этишди.
IT Park Uzbekistan директори ўринбосари Баҳодир Аюповнинг тақдимотида Ўзбекистондаги рақамли трансформация жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистонда:
- Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳолати;
- «Рақамли Ўзбекистон-2030»;
- Электрон ҳукумат лойиҳалари;
- Электрон ҳукумат хизматларини ривожлантириш;
- Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш лойиҳаларининг амалга оширилишини рейтинг баҳолаш бўйича якуний кўрсаткичлар;
- Ягона ойна орқали рақамли давлат хизматларини кўрсатиш;
- Рақамли давлат хизматларини кўрсатиш;
- Келгусидаги истиқболли вазифалар бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар ёритилди.
АКТ инфратузилмаси
Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда халқаро интернет каналларининг ўтказувчанлиги 2020–2022 йилларда 4200 Гбит/с.га етказилади. 2020 йил ҳолатига кўра, ижтимоий соҳа объектлари: мактаблар — 70 фоиз, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари — 100 фоиз оптик толали алока тармоқларига уланган. 2021 йил давомида мактабларни оптик толали тармоқларга тўлиқ улаш кўзда тутилган.
Айни пайтда Ўзбекистондаги болалалар боғчаларида 2 мингта, мактабларда 65 мингта компьютердан фойдаланилмоқда.
Ўзбекистонда 2020 йилда кенг полосали уланиш (КПУ) тармоқлари жами узунлиги 55,6 минг километрни ва қамров даражаси 70 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткични 2022 йилда — 70 минг, 2025 йилда — 120 минг, 2030 йилда — 250 минг километрга етказиш режалаштирилган.
Электрон ҳукумат
OneID (id.egov.uz) — ягона идентификация тизими 800 мингдан ортиқ фойдаланувчиларга эга. Унга 60 дан ортиқ тизим уланган.
Идоралараро интеграциялашган платформа давлат органлари тизимлари ўртасида ахборот маълумот алмашинувини таъминлаб келмоқда. Ушбу платформага 110 та давлат ахборот тизимининг 124 та веб-сервиси уланганган бўлиб, 2020 йилда 475 миллиондан ортиқ сўров қайта ишланди.
Ҳозирда интеграциялашган платформани модернизация қилиш ва янги архитектурага ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, давлат органлари ва тадбиркорлар тўғридан-тўғри боғланиши учун платформанинг иккинчи нусхасини ишга тушириш режалаштирилган.
Электрон ҳукумат ягона биллинг тизими орқали транзакциялар сони 2017 йилда 16,6 мингтани ва 20 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич сони 16,7 миллионтага ва 1,6 трлн. сўмга етган.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги 500 дан зиёд почта бўлимларида электрон ҳукумат хизматлари йўлга қўйилган.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар сони 250 тадан ошди. Хизматлардан 28 миллион маротабадан кўпроқ фойдаланилган, шундан 88,93 фоизи жисмоний шахслар, 11,07 фоизи юридик шахсларга тўғри келмоқда.
Электрон хизматларнинг 35 таси мобил иловаларда тақдим этилмоқда.
Вебинар давомида иштирокчилар 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари йўналишидаги инновацион ва рақамли ҳукумат соҳасини ривожлантириш бўйича асосий тушунчалар, воситалар ва ёндашувлар билан танишдилар, COVID-19 пандемияси шароитида рақамли ўзгаришлар, инновациялар ва рақамли ҳукуматни қайта шакллантириш имкониятларини ўзаро баҳолашди.
Онлайн тадбир Марказий Осиё мамлакатларининг рақамли ривожланиш, сифатли электрон хизматларни тақдим этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиши билан ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Иштирокчилар томонидан БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича 2020 йилги маълумотлари асосий натижаларини алоҳида кўриб чиқилиб, мазкур тадқиқот методологиясини келгусида такомиллаштириш бўйича тавсиялар муҳокама қилинди.
Манба: e-gov.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter