Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳудудларда АКТни жорий этиш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ҳудудларда АКТни жорий этиш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди

Фото: «Mitc.uz»

«Ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришни тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва муҳокамага қўйилди.

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида замонавий ахборот технологияларини, «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, телевидение ва радиоэшиттиришнинг рақамли тизимларига ўтишни таъминлаш ҳамда давлат органлари томонидан кўрсатилаётган электрон давлат хизматларини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилади.

Бироқ, таҳлиллар бугунги кунда мамлакатимизда АКТ соҳасида, «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишда ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш бўйича амалдаги тизим, жойлардаги давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда сезиларли натижаларни бермаяётганини кўрсатмоқда.

Ушбу йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш, соҳада ягона давлат сиёсати юритилишини сўзсиз таъминлаш ҳамда инновацион ривожланишнинг замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича ҳар томонлама пухта ўйланган самарали тизимни йўлга қўйиш мақсадида биринчи галдаги энг муҳим вазифалари белгиланган ва таклифлар берилган.

Жумладан:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича ҳудудий Кенгашлар (кейинги ўринларда Кенгашлар деб юритилади) ташкил этиш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги «Компьютерлаштириш маркази» давлат унитар корхоналарини «Ахборот технологиялари маркази» давлат унитар корхоналари этиб қайта ташкил этиш;
  • шаҳар ва туман ҳокимликларининг амалдаги штат бирлигига тўғридан-тўғри туман (шаҳар) ҳокимларига буйсунувчи ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича бош мутахассис лавозимини киритиш;
  • давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича алоҳида харажатлар моддаларини киритиш;
  • 2018-2020 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида, ривожланган мамлакатлар тажрибаси, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларини ва технологияларни ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида замонавий технопаркларни яратиш каби қатор таклифлар берилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 2018 йилнинг 3 мартига қадар давом этади. Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг