«Huawei» букилувчи 5G-смартфонини Ўзбекистонда намойиш қилди (видео)
«Huawei» — АКТ ҳафталикларининг доимий иштирокчиси. Компания бу йил ҳам ўз инновацион ечимларини АКТ-форум ҳамда ICTExpo 2019да тақдим этди. Хусусан, 5G-технологиялар ва уларнинг қўлланилиши, амалдаги АКТ-инфратузилмаларни замонавийлаштириш, «хавфсиз» ва «ақлли» шаҳарлар учун ечимлар, энг сўнгги моделдаги мобил қурилмалар.
Кўргазма кунлари «Ўзэкспомарказ»нинг Атриум зали компаниянинг ишланмалари ва ечимлари, мобил қурилмалари билан яқиндан танишиш майдонига айланди. Худди шу ерда қатор ахборот технологиялари — булутли ҳисоблашлар, улкан маълумотларни таҳлиллаш, сунъий интеллект ва нарсалар интернетини интеграциялаш асосида шаҳар инфратузилмасини бошқариш бўйича лойиҳа намойиш этилди.
Компания мутахассислари ўз стендларида 5G-технологиянинг чексиз имкониятлари ҳақида қимматли маълумотлар бериб, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва саноатни рақамли трансформациялашда 5G-тармоқларнинг аҳамияти ўта юқорилигига урғу беришди.
Намойишлар зонасида тақдим этилган мобил қурилмалар орасида компаниянинг энг сўнгги ишланмаси — ўзгача дизайндаги, букилувчи «Mate X» смартфони кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
— Ушбу смартфон 2019 йилнинг март ойида Барселонадаги MWC кўргазмасида илк маротаба тақдим этилганди, — деди Huawei компанияси тренинг менежери Хислат Сайфуллаев. — Ҳозирча сотувга чиқарилгани йўқ, шу пайтгача 20та прототипи ишлаб чиқарилган. Шулардан бири махсус Ўзбекистонга олиб келинди ва намойиш этилди. Афзалликлари нимада? Очилиб-ёпилувчи экрани 8 дюймли OLED-дисплейдан иборат, 40, 16 ва 8 мегапикселли учта камераси бор. Корпуси алюминийдан тайёрланган, бармоқ изи сканерига эга. 5G-тармоқларда ишлайди, процессори ҳам компаниянинг ўз маҳсулоти: Huawei Balong 5000. Аккумулятори — 4 500 мАс, ярим соатда 85 фоизгача қувват олади. Смартфон икки ойларда жаҳон бозорларига чиқарилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter