Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франция киберхавфсизлик учун бир миллиард евро ажратади

Франция киберхавфсизлик учун бир миллиард евро ажратади

Фото: «Kaspersky.ru»

Франция киберхавфсизлигини кучайтириш учун ҳукумат бир миллиард евро ажратади, деди Франция президенти Эммануэль Макрон.

18 февраль куни киберхавфсизлик стратегиясига бағишланган видеоконференция чоғида президент ушбу масала бўйича жиддий чоралар кўриш кераклигини маълум қилди. Чунки киберҳужумлар хавфи жиддийлигича қолмоқда ва барча соҳаларга таҳдид қилмоқда. Франция раҳбари шифохоналар (ҳужумлар умумий сонининг 11%), бошқармалар, оммавий ахборот воситалари, йирик ва кичик компаниялар киберҳужумларга дучор бўлаётганини таъкидлади. Бу ҳақда LCI ахборот агентлиги хабар берди.

Макрон иқтисодиётни тиклаш режаси ва инвестиция дастурлари доирасида бир қатор соҳаларда, жумладан, «янги суверен технологиялар»ни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, «самарали экотизим» яратиш ва бошқа соҳаларда 2025 йилгача 1 миллиард евро ажратилишини эълон қилди. Шу тариқа давлат ва хусусий тадқиқотлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ва Франция бозорининг 30-40 фоизини ташкил этувчи чет элликлар улушини камайтириш кўзда тутилган.

Макрон, шунингдек, 2025 йилга қадар рақамли технологиялар соҳасида иш ўринлари сонини кўпайтириш мақсадини ҳам айтиб ўтди.

Рақамли технологиялар бўйича давлат котиби Седрик Онинг BFMTV телеканали эфирида маълум қилишича, Францияда шифохоналар, маҳаллий ҳокимият органлари, кичик бизнес ва жисмоний шахсларга қилинган киберҳужумлар 2019 йилдан 2020 йилгача тўрт баравар ошган. Мисол учун, ўтган йили Франция тиббиёт муассасаларига 27 та киберҳужум уюштирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг