Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Facebook» янги вақт ўлчов бирлигини яратди

«Facebook» янги вақт ўлчов бирлигини яратди

Фото: «NV.ua»

«Facebook Open Source» лойиҳаси «Flick» номли янги вақт ўлчови бирлигини жорий этишини маълум қилди. Бир «Flick» 1/705 600 000 сонияга, яъни 1,41723356 наносонияга тенг, деб хабар берди «NV.ua».

«Flick» ихтирочиси Кристофер Хорватнинг ёзишича, бу «кадр алмашинуви» (frame-tick) сўзининг қисқартмаси ҳисобланади. Хорват бунга қадар «Pixar», «Weta Digital» ва «Industrial Light & Magic» каби компаниялар билан ишлаганини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу янги ўлчов бирлиги кинематографлар учун ҳам қизиқарли бўлиши мумкин.

Хорватнинг тушунтиришича, аксарият филмлар сониясига 24 кадр частотасида суратга олинади. Яъни плёнка бир сонияда ҳаракатсиз 24 та тасвирни тезкор кетма-кетликда намойиш этади. Ихтирочининг сўзларига қараганда, битта кадр вақтини ҳисоблаш керак бўлиб қолса «математика жуда мураккаблашиб кетади». Сониясига 24 та кадр алмашганида, ҳар бир кадрнинг вақти тахминан 0,04166666667 сонияга ёки 41666666,669 наносонияга тенг. Бу каби рақамлар видео ва аудиоларни синхронлашда муаммоларни келтириб чиқаради.

«Flick»дан фойдаланилганда вақтлар оралиғини ўнли касрлар билан эмас, бутун сонлар орқали ифодалаш мумкин бўлади. Масалан, 1/24 сония ушбу ҳолатда 29 400 000 «флик»ка, 1/192 000 эса — 3675 га тенг.

Сониясига 60 та кадр кўрсатиш стандарт ҳисобланувчи компютер ўйинларида эса ҳар бир кадр 11,760 000 «флик» узунлигига тенг бўлади. Бу каби қиймат устида бемалол арифметик амалларни бажарса бўлаверади.

«Facebook» «флик»ни яратиш ва ундан фойдаланиш бўйича ҳужжатнинг очиқ кодини эълон қилди. Бу эса исталган одам уни кўчириб олиши ва ўз дастурий таъминотидаги ҳисоб-китобларга қўшиб қўйиши мумкинлигини англатади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг