Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди қишлоқ хўжалиги тизими ҳам «ақлли» бўлади

Энди қишлоқ хўжалиги тизими ҳам «ақлли» бўлади

«Ақлли» ферма.

Фото: «Xabar.uz»

2017 йилдан 2022 йилгача бутун дунё бўйлаб «ақлли» қишлоқ хўжалиги учун автоматлаш-тирилган тизимлар ва технологияларнинг оммалашиши тахмин қилинмоқда. Хусусан, VRT (ўзгарувчан тезликдаги технология) тизими ва GPS-қабул қилувчи қурилмалар ушбу тармоқ ўсишига салмоқли ҳисса қўшади.

Жорий йилнинг 29 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти «Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонга имзо чеккан эди.

Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш соҳасида энг аввало, мавжуд ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини берувчи «Ақлли қишлоқ хўжалиги» концепциясига асосланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий синалган шаклларини жорий этиш, аграр секторда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада автоматлаштириш, ҳосилдорликни жиддий ошириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга кўмаклашиш каби вазифалар вазирликнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди.

Ушбу мақоламизда дунё аграр соҳасига инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишни кўзда тутувчи «Ақлли қишлоқ хўжалиги концепцияси” хусусида сўз юритамиз.

«Аналог»дан «ақлли»га

Олимларнинг тахминларига кўра, 2050 йилга бориб Ер сайёраси аҳолиси 9,6 миллиардга етиб, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун бугунгига нисбатан 70 фоиз кўп маҳсулотлар керак бўлар экан. Аммо, экологик вазиятнинг ёмонлашиши, энергия воситаларининг қимматлашуви ва ер унумдорлигининг пасайиб кетиши талаб даражасидаги озиқ-овқат ишлаб чиқаришга жиддий тўсиқ бўлиши ҳам таъкидланмоқда. Хўш, унда келажакда башарият очликка маҳкум бўладими? Албатта, йўқ. Бу муаммоларни деҳқончилик фаолиятини ўзгача усуллар асосида бошқариш, хусусан, соҳага нарсалар интернети концепцияси каби замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар киритиш, бир сўз билан айтганда, «ақлли» қишлоқ хўжалиги орқали ҳал этиш мумкин.

«Future Market Insights» таҳлилчиларига кўра, дунёда «ақлли» қишлоқ хўжалигига ўтиш секинлик билан, аммо ишончли тарзда амалга ошириляпти. Бозорнинг катта қисми (53 фоизи) Шимолий Америкада жойлашган. Бу АҚШ фермерлари томонидан ақлли инновацияларга бўлган кучли қизиқиш билан боғлиқдир. IT-технологиялар ер майдонларида асосан дон экинлари етиштиришда фаол қўлланиляпти ва бу «аниқ деҳқончилик» номи билан аталяпти.

Умуман олганда, «Goldman Sachs Group» таҳлилчилари кўплаб мамлакатлар «аналог»дан «ақлли»га ўтиш орқали ўз қишлоқ хўжалигини фаол ривожлантириб бораётганини тасдиқлашяпти. Уларнинг прогнозига кўра, янги технологик ечимларни жорий этиш билан 2050 йилга бориб деҳқончиликни дунё бўйича 70 фоизга оширишга эришиш мумкин. Бу деярли 800 млрд. долларлик қўшимча маҳсулот демакдир.

Техника ва инфратузилмани ўзгартириш

Албатта, буларнинг устида ишлаш учун ҳозиргидан тамомила бошқача машиналар ва агрегатлар керак. Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи дунёнинг етакчи компаниялари ўз тараққиёт стратегияларини деҳқончилик жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб олишни аллақачон бошлаб юборишган.

Масалан, АҚШнинг Жон Дир (Deere & Company) компанияси қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилардан бири. Компания ўз тракторларига IoT (Internet of Things — нарсалар интернети) датчиклари ва веб-интерфейслар билан қўллаб-қувватланган мажмуаларни жорий этишга киришган. Аграр техникалар соҳасида «ақлли» қурилмаларни қўллаш даражаси бўйича Европа ҳозирча АҚШдан ортда қолмоқда. ЕИда 80 фоиз қишлоқ хўжалиги техникалари навигация тизимлари билан сотилишига қарамай, уларнинг қарийб 30 фоизи амалда тармоққа уланган холос. Бунга сабаб, ЕИда йирик фермер хўжаликлари АҚШдагига нисбатан анча кам. Чунки Европада етарли техникаларга эга кичик оилавий фермалар устуворлик қилади ва уларни анча қиммат бўлган «ақлли»ларига алмаштиришга шошилишмайди.

Асосий инновацион ечимлар

Учувчисиз транспорт воситалари. Tractica консалтинг компанияси маълумотига кўра, 2024 йилга бориб, қишлоқ хўжалиги роботлари етказиб бериш 32 мингтага ошиб, 594 минг бирликни ташкил этади. 2016 йили дунё бўйича аграр ишлаб чиқариш комплекси (АИЧК)ни роботлар билан таъминловчи 150дан ортиқ саноат иштирокчилари рўйхатга олинган. Таҳлилчилар АИЧКда роботлар қўллашнинг қуйидаги муҳим соҳаларига эътибор қаратишади:

- ҳайдовчисиз тракторлар ва учиш аппаратлари;

- моддий ресурсларни бошқариш;

- қишлоқ хўжалиги вегетацияси автоматлаштирилган тизимлари;

- ўрмон ва ерости бошқаруви;

- қорамол фермаларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари.

Трактор ва юк ташувчи машиналарга ўрнатилган ўзиюрар тизимларнинг инсон омили таъсирини камайтириш билан бир қаторда, яна бир муҳим афзаллиги бор: улар дон ва ёнилғи ўғирлигини камайтиришга имкон беради.

Интеллектуал фермаларда нафақат ҳайдовчисиз транспорт воситалари, балки камера ва юқори сезувчи сенсорлар билан таъминланган учувчисиз учиш аппаратларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Улар бир неча соат давомида қишлоқ хўжалиги участкаларида тадқиқот олиб бориш, камера ва сенсорлар ёрдамида йиққан маълумотларни фермерга етказиш, майдонлар электрон харитасини 3D форматда яратиш, экинларни самарали ўғитлаш мақсадида меъёрлаштирилган вегетация индексини ҳисоблаш, олиб борилаётган ишларни хатлаш, ерни ҳимоялаш ва бошқа имкониятларга эга. Ҳозирда учувчисиз қурилмалардан АҚШ, Хитой, Япония, Бразилия ва ЕИ мамлакатлари қишлоқ хўжаликларида кенг фойдаланилмоқда.

Датчик ва сенсорлар. Деҳқончиликда датчик ва сенсорлардан фойдаланиш — интеллектуал ферма ташкил этишда муҳим қадам ҳисобланади. Ўнлаб квадрат километр жойдан улар радиоканаллар орқали назоратдаги объектлар ҳолати — асосан, тупроқнинг намлик даражаси, ҳарорат, ўсимликнинг соғломлик даражаси, ёнилғи захираси ва бошқа муҳим параметрлар ҳақида узлуксиз маълумот етказиб тура олади.

Масалан, назорат нуқталарига ўрнатиладиган сенсорлар тупроқ хусусиятларининг асосий тизимларини аниқлашга мослаштирилган. Датчиклар эса табиий хилма-хиллик (релеф, тупроқ тури, ёруғлик, об-ҳаво, бегона ўтлар ва зараркунандалар миқдори), касалликка чалинган ўсимлик, ҳосилдорлик ҳақида олдиндан маълумот беради. Сенсор ва датчиклар нафақат экин етиштиришга, балки ҳосилни тўлиқ сақлашга ҳам ёрдам беради. Буларнинг бари ўсимликларни парваришлашга ақл билан ёндашувни таъминлайди.

Электрон қурилмалар чорвачилик ва балиқчилик хўжалигини самарали бошқаришга ҳам ёрдам беради — қорамоллар жойлашган жой ва об-ҳаво ўзгаришларини назорат қилади. Бундай қурилмалар орқали фермерлар аллақачон жониворлар ҳомиладорлиги, соғиш вақти ва касаллик белгиларини аниқлашни ўрганиб олишган.

Қорамолларни сунъий йўлдош орқали назорат қилувчи «FindMySheep» машиналараро ечими бунга ажойиб мисол бўла олади. Бу тизим датчиклари харитада ҳар қандай ҳайвоннинг ҳаракатини кўрсатиб, уларни бириктириб туради. «General Alert»нинг бошқа бир тизими эса фермалардаги ҳайвонларни кузатиш билан бирга, уларнинг саломатликларини ҳам текширади.

«Ақлли» сув таъминоти

Дунё бўйича 70 фоиз тоза сув қишлоқ хўжалиги учун сарфланар, ачинарлиси унинг 60 фоизи шунчаки исроф бўлиб кетар экан. Бу муаммони ҳам ақлли тизим ҳал қилади — тизим сув насосларини масофадан туриб бошқариш имконини бериб, фермерларни сув оқиши ва етишмовчилиги ҳақида огоҳлантиради. Ҳиндистонлик фермерлар бу борада «Nano Ganesh» мобил тизимидан фойдаланишади. Тизим ёрдамида улар сувни, маблағларини ва вақтларини тежаб қолишга эришмоқдалар.

Чилида эса мевалар плантациясини датчиклар бўйича суғориш сув сарфини 70 фоизга камайтириш имконини бермоқда. Албатта, бундай тадқиқотлар дунё бўйлаб олиб бориляпти. Масалан, NASA АҚШ геология хизмати билан ҳамкорликда сунъий йўлдош ёрдамида штатлар ҳудудида тупроқ намлиги ҳақида долзарб маълумотларни қўлга киритган.

Барчаси одамлар учун

Қишлоқ хўжалигига интеллектуал технологияларни жорий этиш истеъмолчилари, албатта, фермерлар ва фермалар раҳбарларидир. Технологик провайдерлар эса етказиб берувчилар ҳисобланади. Улар истеъмолчилар учун инновацион дастурлар ёки мобил иловалар, М2М ускуналари, датчиклар ва кузатув қурилмалари, алоқа каналлари, маълумотларни таҳлил қилиш воситалари ва бошқа ақлли ечимлар ишлаб чиқиш учун жавобгардир. Аммо, ҳар бир ферма (ҳар бир фермер) ҳам интернетга уланган эмас. Ҳатто тармоққа уланиш учун унча катта бўлмаган фермага етарлича сармоя лозим. Бюджети кам хўжаликларга қандай ёрдам бериш керак?

Масалан, 10 миллион камрентабелли фермаларга эга Африкада «Esoko» маҳаллий ишланма ёрдамга келди. Ишланма фермерларга хўжаликлари ҳолати, об-ҳаво, маҳсулот етиштириш бўйича тавсиялар ҳақидаги муҳим маълумотларни тақдим этади. Шу тизимда «eBay» усулидаги интернет-дўкон ҳам фаолият кўрсатади. Унинг энг оммалашган функцияси фермерларга турли маҳсулотларнинг жорий нархини кўрсатиб туришидир. Бу орқали улар маҳсулотини фойдали нархларда сота оладилар. Мазкур тизим натижасида шахсий хўжаликлар даромади икки йилда 12 фоизга ўсган.

Япониянинг «SoftBank» медиакорпорацияси эса июл ойида Колумбияда ақлли датчиклар парвози синовини якунлади. Шоли майдонлари учун мўлжалланган бу қурилма тупроқ ва сувнинг озуқавий миқдори, намлик ва ҳарорат даражасини ўлчайди ҳамда йиғилган маълумотларни смартфонлар орқали ҳар бир фермерга индивидуал жўнатади.

Ўзининг барча афзалликларига қарамай, ақлли қишлоқ хўжалиги ҳали ривожланишнинг бошланғич босқичида. «АҚШнинг Trimble»  компанияси ҳисоботига кўра, дунёдаги ҳар тўртта фермадан фақат биттаси маълумотлар йиғиш базасидан фойдаланади. Бунга молиявий омиллар (бундай инфратузилмани ташкил этиш фермерлар томонидан салмоқли дастлабки сармоя талаб қилади) асосли тўсиқ бўлиб турибди. Бундан ташқари, маълумотлар хавфсизлиги, деҳқончиликдаги ўзига хос сиёсат ва об-ҳаво ҳам аксарият фермерларни иккилантиради.

Балиқлар ҳам «ақлли» бўлади

Ақлли технологиялар нафақат деҳқончилик, боғдорчилик ёки чорвачиликда, балки балиқчилик соҳасида ҳам ўз самарасини бермоқда. Балиқлар миграциясини кузатиб бориш ва балиқ овлаш учун энг яхши жойни танлаш, озуқа намуналарини таҳлил қилиш, эҳтимолий касалликларни аниқлаш кабиларни энди замонавий техник қурилмалар, мониторлар ёки GPS датчиклари ёрдамида амалга оширса бўлади. Шунингдек, сувнинг сифати ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Кеп қолинг, денгиз қулупнайи!

Технологиялар бизга нафақат олдимиздаги вазифаларни тез ва яхши бажаришимизга ёрдам беради, балки биз аввал тасаввур қилиб ҳам кўрмаган кўплаб янги имкониятларни ҳам очади. Масалан, «Ocean Reef Group» компанияси сув остида турли маҳсулотлар етиштириш бўйича тажрибалар ўтказишди. Бу ерда гап умуман балиқчилик ҳақида эмас — мутахассислар сув тубига қизил карам, ловия, қулупнай экишди. Денгиз қулупнайини сиз аниқ ҳеч қачон еб кўрмагансиз!

Сармоялар

Қишлоқ хўжалигидаги АТ-муваффақиятлар инвесторлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, 2016 йили «CropX» (фермерлар учун смарт-технологиялар ишлаб чиқарувчи АҚШ компанияси) «Lab IX» ва «Robert Bosch Venture Capital GmbH» воситаларига сармоя киритди. «Trimble Navigation» ва «Avidor High Tech France», «Precision AG» ва «Agrinetix» сингари юқори профессионал компанияларнинг ўзаро ҳамкорлиги интеллектуал қишлоқ хўжалиги ишланмаларида умумий занжирни ташкил этади. Бу корпорациялар деҳқончилик ишланмаларига сармоя киритишдан катта даромад олишни жуда яхши тушунадилар.

Яқинда қишлоқ хўжалигида стандартлар жорий этиш ва нарсалар интернети амалиёти суръатини ошириш ҳамда Европада ақлли деҳқончиликнинг умумий ривожига туртки бериш учун «Internet of Food and Farm 2020» (IoF2020) лойиҳаси ишга туширилди. Тўрт (2017–2020) йилга мўлжалланган бу лойиҳа қишлоқ хўжалиги, гўшт, мева-сабзавотлар ва сут ишлаб чиқарувчи фермалардан иборат 19та тармоқ вакилларини бирлаштирган.

Изланишсиз тараққиёт йўқ

Албатта, қишлоқ хўжалигида технологиялардан фойдаланиш янгилик эмас. Дастлабки газ тракторлари ва кимёвий ўғитлар XIX асрдаёқ пайдо бўлган бўлса, деҳқончиликда сунъий йўлдошдан фойдаланиш XX асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Жон Дирнинг GPS-датчиклар билан жиҳозланган тракторларига ҳам салкам йигирма йил бўлиб қолди.

Узоқ йўлни босиб ўтган технологиялар ҳамон ривожланишда. Бугунга келиб, веб-интерфейсли қурилмалар ва хизматлар анча кўп оммалашди, шунинг учун ҳам нарсалар интернетига бўлган қизиқиш рекорд даражада юқори ўринни банд этиб турибди. Фермерликнинг анъанавий усуллари ўсиб бораётган озиқ-овқат талабига тенглаша олмайди, шу боис фермерлар ақлли қишлоқ хўжалигига тобора кўпроқ мурожаат қилишмоқда. Ва бу келажаги порлоқ ягона соҳа бўлишига шубҳа йўқ.

Юртимиз замини серҳосил, баҳорда таёқ суқсак кузда мева беради. Лекин, аҳолимизнинг йилдан йилга кўпайиб бораётганини, сув, электр энергияси ва бошқа табиий захираларимизнинг чекланганини инобатга олсак, «ақлли» қишлоқ хўжалигининг нақадар аҳамияти катталигини англаб етамиз. Шундай экан, аграр соҳага замонавий тизимни татбиқ этишларида миришкорларимизга муваффақиятлар тилаймиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг