Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёдаги энг хавфли танкларни қайси давлатлар чиқаради? (топ-10)

Дунёдаги энг хавфли танкларни қайси давлатлар чиқаради? (топ-10)

1917 йил 20 ноябрь — Биринчи жаҳон урушида танклардан биринчи марта кенг фойдаланиш бошланган. Танкларнинг жаҳон саҳнасига чиқиб келиши том маънода янги даврга ишора эди. Бир асрдан ортиқроқ вақт ўтиб ҳам танклар қуруқликдаги энг асосий тактик жанг техникаси бўлиб қолмоқда. Танкларнинг асосий мезонлари асосан ҳимоя, отишма кучи, аниқлик ва ҳаракатчанликнинг бирлашган балларига асосланади.

Ҳозирда дунёдаги энг яхши 10 та танк қуйидагилар:

10-ўрин: «Т-14 Армата» — Россия

«Т-14 Армата» янги авлод (тўртинчи авлод) жанговар танки бўлиб, ҳозирги вақтда дунёдаги энг яхши танклардан бири ҳисобланади. Тахминан 55 тонна оғирликдаги техника тезкор ҳаракатлари билан диққатга тушган. Шунингдек, янги такомиллаштирилган тўп билан жиҳозлангани унинг қисқа масофали жанглардаги аҳамиятини оширади. «Т-14»нинг асосий қуроли 2А82-1М 125 мм (4,92 дюйм) силлиқ тўп бўлиб, иккиламчи қурол 300 ўқли 12,7 × 108 мм Корд пулемётидан ва 7,62 × 54 ммР Печенег ПКП ёки ПКТМ пулемётидан иборат. «Армата» фаол ҳимоя тизими ва уч кишидан иборат экипаж тизими билан жиҳозланган. «Т-14» 1500 от кучига эга дизел двигател билан жиҳозланган. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 80–90 км/соат. «Т-14 Армата»нинг бирламчи нархи — 3,7 миллион доллар атрофида.

9-ўрин: «M1A2C Abrams» (SEPv3) — АҚШ

Ғарб танкларининг учинчи авлодига мансуб «M1A2C Abrams» тўртинчи авлод стандартларига мослаштирилган. «Abrams» 1979 йилдан бери ишлаб чиқарилмоқда. «M1A2C Abrams» (SEPv3) фаол ҳимоя тизимининг илғор хусусиятларига эга. Асосий қурол – М256А1 120 мм силлиқ қурол бўлиб, у турли снарядларни отишга мўлжалланган. «M1A2C Abrams» 1500 от кучига эга дизел двигател билан жиҳозланган. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 72 км/соат, ҳаракатланиш қийин ҳудудларда тезлик 48 км/соатгача тушиши мумкин. Экипаж 4 кишини ташкил этади. Нархи — 6,21 миллион доллар атрофида.

8-ўрин: «Leopard 2A7+» — Германия

Совуқ уруш даврида «Leopard» ва «Abrams» Ғарбий Германия ва Америка қўшма лойиҳаси сифатида бошланган. Бироқ, охир-оқибат, мамлакатлар ўз йўлидан боришга ва ўзларининг асосий жанговар танкларини мустақил равишда ишлаб чиқишга қарор қилишган. Бугунги кунда «Leopard 2» энг кўп экспорт қилинадиган ғарб танкларидан бири. «Leopard 2» 1500 от кучига эга дизел двигател билан жиҳозланган. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 70 км/соат, ҳаракатланиш қийин ҳудудларда тезлик 45 км/соатгача тушиши мумкин. Экипаж 4 кишини ташкил этади. «Leopard 2A7+» нархи — 6–6,5 миллион доллар атрофида.

7-ўрин: «Merkava IVm Windbreaker» — Исроил

Исроилликлар танк дизайни бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Ғайриоддий «Merkava» асосий жанговар танки зирҳли транспорт воситаси сифатида кенг қўлланиб келинади. «Merkava IVm Windbreaker» фаол ҳимоя тизими билан жиҳозланган. Мазкур тизимни кўплаб танк ишлаб чиқарувчи мамлакатлар сотиб олиб, ўз танкларига ўрнатишган. «Merkava IVm Windbreaker» 1500 от кучига эга дизел двигател билан жиҳозланган. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 64 км/соат, ҳаракатланиш қийин ҳудудларда тезлик 55 км/соатгача тушиши мумкин. Экипаж 4 кишини ташкил этади. Шу билан биргаликда 6 кишигача йўловчи олиши мумкин. Битта «Merkava IVm Windbreaker» 4,5 миллион доллар атрофида баҳоланади.

6-ўрин: «Leclerc XLR» — Франция

Россиянинг «Т-14 Армата» танки сингари, Франциянинг «Leclerc» танкида ҳам экипаж уч кишилик. «Leclerc» 1991 йилдан бери ишлаб чиқарилмоқда. Нисбатан енгил бўлиш афзаллигини сақлаб қолган. Енгил вазн ҳаракатчанликни ва кўприкларни кесиб ўтиш имкониятини оширади, ботиб қолиш хавфини камайтиради. «Leclerc» 120 мм модел F1 силлиқ найли қурол, 12,7 мм коаксиал М2 оғир пулемёт ва томга ўрнатилган 7,62 мм пулемёт билан қуролланган. «Leclerc» 1500 от кучига эга дизел двигател билан жиҳозланган. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 71 км/соат, ҳаракатланиш қийин ҳудудларда тезлик 55 км/соатгача тушиши мумкин. Битта «Leclerc XLR» 4 миллион доллардан қимматроққа баҳоланади.

5-ўрин: «Challenger 2 CLEP» — Буюк Британия

Британияликлар ўзларининг учинчи авлод танкларини америкаликлар сингари тўртинчи авлод стандартига кўтаришган. «Challenger 2»нинг ғайриоддий хусусиятларидан бири L30A1 120 мм милтиқли қуролдан фойдаланишидир. Бугунги кунда асосий жанговар танкларнинг аксарияти силлиқ найли қуроллардан фойдаланади, аммо инглизлар ўз танкларида кекса авлод танкларининг хусусиятларидан ҳам сақлаб қолганлар. «Challenger 2» 1200 от кучига эга дизел двигател билан жиҳозланган. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 59 км/соат, ҳаракатланиш қийин ҳудудларда тезлик 40 км/соатгача тушиши мумкин. Экипаж 4 кишини ташкил этади. Битта «Challenger 2 CLEP» 5,5-6 миллион доллар атрофида баҳоланади.

4-ўрин: «К2» ёки «Қора Пантера» — Жанубий Корея

Ҳар бир танкининг нархи 8,5 миллион доллардан ошадиган корейс танклари 2013 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, бугунги кунда танкларнинг энг янги дизайнларидан фойдаланилган. «К2 Black Panther» «Hyundai Rotem» томонидан ишлаб чиқарилган. «К2» соатига 70 км тезликка эришиши, ҳаракатланиш қийин нуқталарда 50 км/соат тезликка эришиши мумкин. «Қора пантера» автоматик юклаш тизимига ҳам эга бўлиб, дақиқада 10 тагача ўқ отишга қодир.

3-ўрин: «Type 10» — Япония

«Type 10» Япониянинг тўртинчи авлод асосий жанговар танки бўлиб, унинг эскирган «Type 74» ва «Type 90» моделларини алмаштириш учун мўлжалланган. 2012 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, бор-йўғи 104 та танк ишлаб чиқарилган бўлиб, у ушбу рейтингимиздаги энг ноёб танклардан бири ҳисобланади. «Type 10» «Japan Steel Works» томонидан ишлаб чиқилган мутлақо янги қуролларга эга. У оғир металл зарраларини ўз ичига олган аморф металларидан ташкил топган «Type 10 APFSDS» туридаги танк учун махсус ишлаб чиқилган такомиллаштирилган снарядларини отади. 1200 от кучига эга дизел двигателлари «ўлим машинаси»нинг 70 км/соат тезликка эришишини таъминлай олади. Тахминий баҳоси 15 миллион доллардан ошади.

2-ўрин: «Type 99A» — Хитой

«Type 99A» Хитой томонидан ишлаб чиқилган асосий жанговар танклар тоифасига киради. Мазкур танк 2011 йилдан бери замонавийлаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда. 4000 дан ортиқ «Type 99A» танклари ишлаб чиқарилган. Асосий қурол-аслаҳа – бу карусел услубидаги автоюклагичга эга 2 текисликли стабилизацияланган ZPT-98 125 мм силлиқ найли қурол. «Type 99A» 1500 от кучига эга дизел двигател билан жиҳозланган. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 76 км/соат, ҳаракатланиш қийин ҳудудларда тезлик 56 км/соатгача тушиши мумкин. Экипаж 3 кишини ташкил этади. «Type 99A» танкининг нархи — 3 миллион доллар атрофида.

1-ўрин: «Т-90МS» — Россия

«Т-90» учинчи авлод рус асосий жанговар танки бўлиб, биринчи марта 1993 йилда ишлаб чиқарилган. Техник жиҳатдан асосан «Т-72»нинг модернизация қилинган версиясидир. Россия ҳар доим танк ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратган. «Т-90»нинг асосий қуроли 2А46М 125 мм силлиқ найли танк қуроли бўлиб, у NSV 12,7 мм масофадан бошқариладиган зенит-оғир пулемётга эга. Текис йўлдаги энг юқори тезлиги 60 км/соат, ҳаракатланиш қийин ҳудудларда тезлик 40 км/соатгача тушиши мумкин. Двигател 1130 от кучига эга. Экипаж 3 кишини ташкил этади. Тахминан битта «Т-90МS» 4,5-5 миллион долларга баҳоланади.

Умуман олганда, дунёдаги барча танклар модернизациялашга эҳтиёж сезади. Жаҳонда танклари сони бўйича Россия (12 420 та), АҚШ (6 612 та) ва Шимолий Корея (5 895 та) етакчилик қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг