Давлат божхона қўмитаси IMEI кодни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув тайинлади
Ижтимоий тармоқларда IMEI кодни рўйхатдан ўтказиш бўйича вужудга келаётган муаммолар юзасидан тарқалган хабарларга Давлат божхона қўмитаси муносабат билдирди.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда, фуқароларимиз томонидан хориждан олиб кирилган шахсий мобил қурилмалари кодини UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш вақтида уларнинг номига бошқа мобил қурилмаларини уларнинг хабарисиз расмийлаштирилганлиги, бунда паспорт маълумотлари учинчи шахсларга турли хизмат ходимлари томонидан тақдим этилган бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан текширув тайинланди. Бу каби ҳолатларга дуч келган фуқароларимиздан Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли ишонч телефони 11-08 га мурожаат қилишингиз сўралади», – дейилади муносабатда.
Қўмита текширув натижалари юзасидан қўшимча ахборот беришини қайд этган.
Куни кеча Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳам баёнот бериб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилингани ва тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter