«Чўққиларга эришинг...» — Инҳа университети битирувчиларига диплом топширилди
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 2019/2020 ўқув йилги битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
«Бу йил карантин чекловлари туфайли битирув маросими одатий тарзда ўтказилмади, аммо биз худди ўтган йиллардагидек, бу йил ҳам ҳар бир талабанинг ёдида қолиши учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Ҳар бир битирувчи ҳаётида бакалавр дипломини қўлга киритиши жуда муҳим воқеа ҳисобланади. Бу нафақат олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат, балки ўзининг интилишлари, ҳаракатлари, эришган натижалари учун юқори жавобгарлик белгисидир. Профессор-ўқитувчиларимиз сизга кўп нарсани ўргатишди: билим олиш учун қатъий интилиш ва уни амалда қўллаш, қийинчиликларни енгиш ва мустақил бўлиш, доимо ўз-ўзини ривожлантириш истагини уйғотди. Умидларимизни оқлашингизга ишонамиз ва биз сиз билан фахрланамиз.
Энди сиз ҳаётингизнинг янги — профессионал карьерангизни бошлайсиз. Ўзингизга ишонинг. Орзуларингизни рўёбга чиқаришда интилувчан ва масъулиятли бўлинг. Чўққиларга эришинг. Инҳа университетининг дипломи бу йўлда сизнинг ишончли таянчингиз бўлсин», — дея таъкидлади университет ректори Музаффар Жалолов.
2014 йилда ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети бугунги кунда ахборот технологиялари ва логистика йўналишида мутахассисларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистондаги етакчи университетлардан бири ҳисобланади.
Карантин чораларини инобатга олган ҳолда битирув маросими уч кунга бўлиб ўтказилди.
Ўқишни аъло баҳоларга тугатган талабаларни ректор Музаффар Жалолов ва ўқув ишлари бўйича биринчи проректор Ли Донг Вон шахсан табриклашди ва тақдирлашди.
Битирувчилар бир йўла иккита: Инҳа университети (Корея Республикаси) ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети дипломларига эга бўлишди.
2020 йилда компютер ва дастурий таъминот муҳандислиги йўналишида 211 нафар талаба ва логистика йўналишида 55 нафар талаба Тошкент шаҳридаги Инҳа университетини тамомладилар.
Университетда 2014 йилда атиги 115 талаба таҳсил олган бўлса, бугунги кунда 1600 нафардан ортиқ талаба ўқимоқда.
Битирувчилар магистрлик дастурларида хорижнинг нуфузли университетларида ўқишни муваффақиятли давом эттирмоқдалар. Айримлари эса дунёдаги етакчи компанияларда меҳнат фаолиятини олиб боришмоқда.
Битирув маросимининг тўлиқ видеоси: https://www.youtube.com/watch?v=VW_WkCpW5u8
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter