Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чақириқларга хизмат кўрсатиш. Бу қандай ишлайди? (видео)

Чақириқларга хизмат кўрсатиш. Бу қандай ишлайди? (видео)

Фото: «Xabar.uz»

«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси 6 февраль куни журналистлар учун ўз эшикларини очди: Call-маркази — Чақириқларга хизмат кўрсатувчи ягона маркази (ЧХКЯМ)га махсус пресс-тур уюштирилди.


Call-маркази қандай ишлайди? ОАВ вакиллари «саҳна ортидаги»лар фаолияти билан танишиш баҳона компания ўз мижозларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида қандай ишлар олиб бораётганига гувоҳ бўлишди.


Марказ ҳақида

Компания таркибидаги «Сотувлар ва хизмат кўрсатиш маркази» филиалининг «Чақириқларга хизмат кўрсатувчи ягона маркази» 2009 йилда «Маълумот-ахборотлар хизмати» базасида ташкил этилган. Худди шу йили Санкт-Петербург шаҳридаги «Протей» илмий-техник марказидан шу марказ учун ишлаб чиқарилган ускуналар келтириб ўрнатилган.

Бу замонавий хизматлар ва юқори даражада хизмат кўрсатиш йўлидаги биринчи дадил қадам эди.

Сall-маркази ташкил этилган пайтда 129 нафар ходим фаолият юритган. Бугун эса уларнинг сони 500 нафардан ошади. Марказда ҳар куни 20 мингдан ортиқ абонентга хизмат кўрсатиляпти. «1009» хизмати ҳар ой 400 мингдан ортиқ қўнғироқларга хизмат кўрсатади.

Муроджон Раҳимов, «Ўзбектелеком» АК «СваХКМ» филиали «Чақириқларга хизмат кўрсатувчи ягона маркази» 1-тоифали мутахассиси:

— «Ўзбектелеком» АК Сall-маркази кечаю-кундуз узлуксиз равишда ишлайди, нафақат компаниянинг ўз абонентлари қўнғироқларига, балки Ўзбекистон президенти Виртуал қабулхонаси, Давлат хизматлари Интерактив портали (ДХИП) ва бир қатор бошқа вазирлик, идоралар ҳамда йирик компаниялар мурожаатларига хизмат кўрсатади.


 Маълумот учун:

Дастлабки телефон-маълумот хизмати Тошкентда 75 йил илгари пайдо бўлган экан. Уни оддийгина қилиб «09 хизмати» деб аташган. Ўша пайтда пойтахт телефон тармоғи 5 мингдан ортиқ абонентга эга бўлган. «09»  хизматида барча ишлар қўлда бажарилган: телефонистлар столида ҳозирги ихчам ва қулай компютерлар ўрнида махсус картотекалар жойлаштирилган, операторлар маълумотларни ана шу картотекалардан қидиришган, барча маълумот-ахборотлар фақат қоғозда акс эттирилган.


Автоматлаштириш

2003 йилдан операторларнинг иш жойлари автоматлаштирила бошланди. «Ўзбектелеком» АК «ТШТТ» филиали Ахборот-ҳисоблаш марказининг ўз мутахассислари томонидан дастурий таъминот — «Маълумот-ахборотлар маркази («МАМ») вазифалар мажмуаси ишлаб чиқилди. Айни шу дастур қоғозли картотекаларни тарихга суриб қўйди ва шундан буён барча зарур маълумотлар автомат равишда қидириб топиладиган бўлди.

2009 йилнинг апрель ойида «Протей» компанияси ускуналари асосида «09 хизмати» такомиллаштирилиб, барча халқаро талабларга жавоб берадиган  замонавий Сall-марказига айлантирилди. Бу янгилик қанчалик муҳимлиги дарҳол билинди: статистик маълумотлар яхшироқ ҳисобга олинадиган ва таҳлил қилинадиган бўлди, натижада бутун тизим фаолияти яхшиланишига эришилди.

«ТШТТ» филиали маълумот-ахборот маркази негизида Интеллектуал платформа Сall-маркази жорий этилишининг энг муҳим жиҳатларидан бири, шубҳасиз, ахборот-маълумотлар хизмати доирасини кенгайтириш ва замонавий интеллектуал хизматларни жорий этиш имконининг яралиши эди.

Муҳим қадамлар

2013 йилнинг феврал ойида Тошкент шаҳридаги «ТШТТ» филиалига қарашли ЧХКМ ускуналарини 234-АТСдан 255-АТСгача узатиш ва кенгайтириш ишлари якунланди.

2014 йилда Ўзбекистон минтақаларидаги 13та Чақириқларга хизмат кўрсатувчи  марказлар бирлаштирилиб, Чақириқларга хизмат кўрсатувчи  ягона маркази (ЧХКЯМ) ташкил этилди.

Ҳар бир минтақавий Чақириқларга хизмат кўрсатувчи маркази 10та иш ўрнига мўлжалланган. Ҳар бир минтақавий ЧХКМ техник жиҳатдан бир дақиқада 60 дан ортиқ қўнғироқларни қабул қилиш имконига эга.

Маълумотларни тақдим этишда қўлланилаётган «SIC» махсус дастурий таъминоти «ТШТТ» филиалининг ўз мутахассислари томонидан яратилган.

«Чақириқларга хизмат кўрсатиш хизмати» кўрсатаётган хизматлар:

  • Ахборот-маълумотлар хизмати (1009, 1064)
  • Телефонлар таъмири бюроси (1086)
  • Жорий кеча-кундуз учун об-ҳаво маълумоти (телефон 1001)
  • Аниқ вақт (телефон 1004)
  • Виртуал офис (71 2008080)
  • Телеовоз бериш
  • Аутсорсинг
  • Хабардор қилиш
  • Пазандачилик рецептлари (телефон 71 2000505)
  • Табриклар (телефон 71 2000101)
  • Оқшом эртаклари (телефон 71 2000100)
  • «Ўз ҳисобингни бил» (телефон 1058)

«Ўзбектелеком» АК Чақириқларга хизмат кўрсатувчи  ягона маркази кечаю кундуз 6 сменада ишлайди. 500 нафардан ортиқ оператор, 70дан зиёд олий маълумотли муҳандислар фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда «Ўзбектелеком» АК Чақириқларга хизмат кўрсатувчи  ягона маркази қарийб, 3,6 млн. қўнғироққа хизмат кўрсатди.

Шаҳноза Шукурова, Call-маркази раҳбари:

— Ходимларни мурожаатлар билан ишлашга мунтазам ўргатиб борамиз, хизмат сифатини яхшилаш учун зарур техник чораларни қўллаймиз. Штатимиздаги психолог доимий равишда ходимларимиз билан ишлайди. Мижозларимизнинг мурожаатларини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга ва мурожаатларни қабул қилиб, ижросини муносиб равишда  бажаришга интиламиз.

Пресс-тур давомида журналистларга маълумот берилишича, Call-маркази хизматлари мунтазам такомиллаштириб бориляпти, барча бизнес-жараёнлар рақамлаштириляпти. Асосий вазифа эса бирорта ҳам қўнғироқни ўтказиб юбормай, мижозларга қулай интерфаол шаклда хизмат кўрсатишдан иборат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг