Бухорода 36 млрд. сўмлик инновацион лойиҳалар молиялаштирилади
Бухорода «Креатив таълим ва инновация – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси» шиори остида «InnoWeek-2023» инновацион ғоялар ҳафталиги бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азамат Наимовнинг маълум қилишича, ҳафталик доирасида вилоятнинг 100 дан зиёд йирик корхоналар, худуднинг илғор кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарлари, олий таълим, фан ва инновациялар соҳаси бўйича экспертлар ҳамда Россия Федерацияси, Япония, АҚШ, Буюк Британия каби мамлакатлардан хорижий экспертлар жалб этилган.
«Мазкур ҳафталикнинг бош мақсади – хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги инновацион ривожланиш соҳасидаги устувор вазифалар тўғрисида фикр алмашишдан иборат. Бунда кўплаб лойиҳалар қаторидан Бухорода мавжуд ҳар бир олий таълим муассасасида «InnoWeek-2023» инновацион маҳсулотлар ва ишланмалар кўргазмаси ҳам ўтказилади. Кўргазмада «Илм-фан ва тижоратлаштириш лойиҳалари», «Стартап лойиҳалар», «Креатив таълим» ва олий таълим муассасалари стендларида 50 дан зиёд инновацион маҳсулотлари ва илмий ишланмалари билан иштирок этадилар. Ҳафталик давомида «Ideaton Uzbekistan-2030» танлови ҳам эълон қилинади. Бунда ҳудудларнинг имкониятларидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларининг ечимига қаратилган ғоялар алмашинуви ҳамда лойиҳалар кўриб чиқилади»,– деди Азамат Наимов журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида.
Таъкидланишича, вилоятда илм-фан, технология, тадқиқот ва тажриба-конструкторлик соҳаларини ривожлантириш мақсадида ҳозирда жами 36.0 миллиард сўмлик 46 та инновацион лойиҳа молиялаштирилиши белгиланган. Шундан умумий қиймати 19.9 миллиард сўм булган 30 та лойиҳалар молиялаштирилган.
«12 та илмий-амалий лойиҳалар 3,7 миллиард сўмга, 18 та тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалар 15,6 миллард сўмга, 7 та «Стартап» лойиҳалар 8,1 миллиард сўмга, 2 та «Бўлажак олим «Стартап» лойиҳалари 1,5 миллиард сўмга баҳоланиб, уларни молиялаштириш тизими ҳам жорий қилинди. Бундан ташқари, умумий киймати 12 миллиард сўмлик Ёшлар технопаркини қуриш ва фойдаланишга топшириш буйича вазифа белгиланди. Айни пайтда ёшлар технопаркининг қурилиш ишлари давом этмоқда»,– Азамат Наимов.
Ушбу тадбирда 50 дан ортиқ йирик ишлаб чиқариш корхоналари жалб этилган бўлиб, янги ишланмаларни B2B учрашувлар доирасида корхоналар билан ҳамкорликда амалга ошириш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter