Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу ҳаракатланадиган ўйинчоқ эмас». Хориж компаниясидаги ишини ташлаб келган робототехник билан суҳбат (видео)

Бухорода иқтидорли дастурчилар кўп. Аввалроқ «Xabar.uz» сайтида уларнинг бири ҳақида — «У ишлаб топаётган йиллик маблағ миқдорига минтақанинг энг кучли АТ-тадбиркорлари ҳам ҳавас қилади — Саидравшан Шокиров билан танишамиз» сарлавҳали мақолада ҳикоя қилган эдик. Бу гал эса Бухорода биринчилардан бўлиб робототехника бўйича ўқув маркази очган Наврўз Эргашев билан суҳбатлашдик.

Наврўз Бухородаги 34-мактабдан сўнг шаҳардаги политехника касб-ҳунар коллежида таҳсил олган. 2013-2019 йилларда Москва электрон илмий-тадқиқот университетининг бакалавр ва магистуратурасида ўқиган. Ўқиш билан бирга «Informunity» компаниясида веб-дастурчи ҳамда уч йил давомида Москва IT-паркида робототехника бўйича ўқитувчилик қилган. У Москвада қолиши, карьерасини ўстириши ё бўлмаганда моддий тарафдан яхшигина пул ишлаши мумкин эди. Аммо Наврўз 2019 йилнинг сентябрь ойида она шаҳрига қайтиб, ўқув маркази очишга киришди.

Ижарага бино қидириб юриб, Бухоро давлат университети ректорига учради. «Жой бор, муаммо йўқ, аммо битта шарт билан, ўқитувчилик ҳам қиласиз», — деди ректор. Наврўзга бу борада Москва IT-паркида ўқитувчилик қилгани қўл келди. Шартга розилик билдирди, дарсдан бўш вақтларида ёшлар билан робототехника бўйича шуғулланадиган бўлди.

Бухоролик дастурчи «кўпчилик робототехника ҳаракатланадиган ўйинчоқ, деган янгилиш фикрга боради, аслида ундай эмас, уни барча соҳаларда қўллаб юқори натижаларга эришиш мумкин», деб ҳисоблайди.

Кучли робототехник бўлиш учун нима қилиш керак, улар дастурчилардан кам маблағ топадими, робототехниканинг қандай турлари бор, деган саволларга жавоб, умуман, робототехника олами ҳақида билишни истасангиз видеоинтервьюни билан танишишни тавсия қиламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг