«Блокчейн фақат биткоин эмас...». Лондондаги Брунел университетининг докторантурасида ўқиётган ҳамюртимиз билан суҳбат
Жадал тараққий этаётган ахборот технологиялари йўналишда ўқиб, илмий изланишлар қилаётган юртдошларимиз оз эмас. «Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз орқали бу сафар Бахтиёр Ёқубов билан суҳбатлашдик.
Бахтиёр Ёқубов Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирда Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳридаги Брунел университетининг докторантурасида таҳсил оляпти.
— Бахтиёр ака, «Xabar.uz» портали учун сиз билан суҳбатлашаётганимдан хурсандман. Ахборот технологиялари соҳасига қандай кириб келгансиз — суҳбатни шундан бошласак.
— Раҳмат, «Xabar.uz»га интервью бераётганимдан мен ҳам мамнунман.
Очиғи, болалигимдан математика, техникага қизиққанман. Айниқса, компьютер ва ундаги дастурлар қандай ясалган, қандай ишлайди, бунга жуда қизиқардим. Шу сабабли ҳам 2009—2013 йилларда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг «Компьютер инжиниринг» йўналиши бакалавриатида таҳсил олдим. 2014—2016 йилларда эса магистратурани Италияга бориб, Турин политехника университетининг ўзида ўқидим.
Шундан сўнг, 2016 йилдан бошлаб уч йил ўзим таҳсил олган Турин политехника университетида талабаларга дарс бердим.
Шу йилларда кўпгина веб-дастурлар ишлаб чиқишга ҳам эришдим. 2019 йили Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ташкил этилган «Best IP-2019» танловида иштирок этиб ғолиб бўлдим.
Фаолиятим таълим соҳаси билан боғлиқ бўлганлиги учун илмий иш қилиш, хусусан, докторантурада ўқиш иштиёқи пайдо бўлди. Хорижий давлатлардаги бир қанча халқаро университетларга илмий ишим бўйича ўз таклифимни билдирдим. Мен хурсанд қилгани, кўп ўтмай бир қатор университетлар профессорлари илмий йўналишимга қизиқиш билдиришди. Шулар орасидан Лондондаги Брунел университетини танладим.
Бугунги кунда «Эл-юрт умиди» стипендиати сифатида «Блокчейн технологиясини Internet of Things қурилмаларида қўллаш» мавзусида илмий ишимни давом эттиряпман.
— Илмий ишингиз Ўзбекистондаги қандай долзарб муаммоларни еча олади ёки қандай янги имкониятлар беради?
— Кўпчилик блокчейн деганда фақат биткоинни тушунади. Аслида, блокчейн — катта технология. Уни бошқача қилиб, марказлаштирилмаган маълумотлар омбори деса ҳам бўлади. Уни нафақат молия, балки таълим, соғлиқни сақлаш тизими ва нарсалар интернети — IoT (Internet of Things) каби соҳаларда ҳам қўллаш имконияти бор.
Ўзимнинг илмий ишимга қайтадиган бўлсам, блокчейн технологиясини IoT қурилмаларида қўлламоқчиман. IoT қурилмалар булар — интернет билан боғлана оладиган барча қурилмалар. Масалан, ақлли уйлар қурилмалари, ақлли корхоналар роботлари, ақлли соатлар ва бошқалар.
Хавфсизлик ва махфийлик нуқтаи назаридан IoT дастурлари ва платформаларининг асосий камчиликлари уларнинг марказлаштирилган алоқага боғлиқлигидир. Блокчейн технологиясини қўллаш орқали эса биз марказлашмаган маълумотлар омборига эга бўламиз ва шу ўринда IoT қурилмаларининг бир бирлари билан бўладиган алоқаси ҳам хавфсиз ва махфий ҳолатда амалга оширилади.
Шунингдек, бунга қўшимча тарзда, криптография соҳасида кучли мутахассислар ёрдамида блокчейн технологиясини «Lattice» криптографияси билан бойитмоқчиман. Lattice кўпчилик учун янгилик бўлиши мумкин. Унинг асосий вазифаси келажакдаги квант компьютерларидан блокчейн тизимини ҳимоя қилишдан иборат бўлади.
Умуман, илмий ишим билан юртимизда блокчейн соҳасини ривожлантиришни ният қилганман.
Қўшимча сифатида айтмоқчиман, илмий ишимга Лондон Брунел университети профессорлари билан бир қаторда, Лондон Император коллежи (Imperial College London) профессорлари ҳам ёрдам беришмоқда.
— Ўзбекистонда соҳангиз ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар нималар ва уларнинг ечими бўйича қандай таклифларингиз бор?
— Ўзбекистонда давлат раҳбарининг бевосита ўзи ҳам ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратяпти. Тошкент шаҳри ва вилоятларимизда IT-парклар ишга туширилди. Ахборот технологиялари соҳаси вакиллари, хусусан, дастурчилар учун кенг имкониятлар пайдо бўлмоқда. Муаммолар бор, албатта, улар ҳам босқичма-босқич бартараф этиляпти.
Таклиф сифатида эса юртимизда «Google», «Microsoft», «IBM» ва шунга ўхшаш йирик компанияларнинг марказларини кўпроқ очиш очишни айтган бўлардим. Халқаро компанияларнинг университетларимиз билан ҳамкорлиги ошса, олийгоҳларимиз ҳам жаҳондаги нуфузли рейтинглардан жой олади, чет эл талабаларида ҳам Ўзбекистонга қизиқиш уйғонади.
— Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва охирги ой қандай китоблар ўқидингиз?
— Авалламбор ҳар кунимни тонгда югуриш ва бадантарбия машқлари билан бошлашга ҳаракат қиламан. Бу инсонга кун давомида керак бўладиган энергия ва яхши кайфият бағишлайди.
Ундан кейин асосий эътибор илмий ишимга қаратилади. Илмий ишдан бўш вақтларимда IT соҳасида бўлаётган дунё янгиликлари билан танишаман.
Бўш вақтимнинг асосий қисмини, албатта, ўзимга қизиқ бўлган китобларни ўқишга сарфлайман. Масалан, охирги ўқиганларимдан, «Юқори самарали инсонларнинг етти одати» (The 7 Habits of Highly Effective People), «Бой отам, камбағал отам» (Rich Dad, Poor Dad), «Бобилнинг энг бой одами» (The Richest Man in Babylon) каби китоблар бўлди. Бундай китоблар инсонга кучли мотивация бериш билан бирга моддий маблағларингизни тўғри режалаштиришга ҳам ёрдам беради.
— Келгусидаги мақсадларингиз қандай?
— Ҳозирда биринчи ўриндаги мақсадим, илмий ишимни ўз вақтида муваффақиятли якунлаб PhD унвонига эга бўлиш.
Лондонда олган тажриба-билимларимни ўзбекистонлик талабаларга ўргатиш, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда кўплаб дастурий маҳсулотлар яратишни ҳам кўнглимга тугиб қўйганман.
Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter