Бир йил смартфондан воз кечганга компания 100 000 доллар бермоқчи
Нима қилса замонавий смартфон фойдаланувчиси бир йил «алоқадан ташқарида» қолишга рози бўлади? «Coca-Cola» компаниясининг шўъбаси — витаминли ичимликлар ишлаб чиқарувчи «Vitamin Water» буни синаб кўрмоқчи ва ана шундай «мард» топилса нақ 100 минг доллар билан мукофотламоқчи. Бу ҳақда «Phonearena» ёзмоқда.
Юз минг долларлик синовда қатнашиш учун номзод, биринчидан, АҚШда яшаши керак (афсус), иккинчидан, компаниянинг «Twitter» ёки «Instagram»ига ўз фотосуратини юбориб, нима учун смартфонни бунча узоқ муддат ишлатмасликка қарор қилганини, қурилмадан «бўш вақти»ни нималарга сарфлашини билдириши керак. Хабарда #nophoneforayear ва #contest хеш-теглари бўлиши, матни эса ташкилотчиларни ишонтириши ва ҳайратлантириши лозим.
Номзодлар ўртасидаги саралаш 2019 йилнинг 8 январь куни тугайди ва 100 минглик соврин учун курашувчи битта инсон қолдирилади. Шартнома қоидаларига кўра, унга интернетсиз оддий тугмали телефондан 365 кун давомида фойдаланишга рухсат берилади. Смартфон ёки планшетдан жуда қисқа фурсат ва бир марта фойдаланишга ҳам рухсат йўқ. Ноутбуклар ва иш компьютерларини ишлатишга рухсат этилади. Очиғини айтиш керак, танлов шартлари унча қийин эмас, бироқ шунча даъвогар орасидан ўтишнинг ўзи бўлмаса керак.
Турган гапки, бир йил давомида танлов қатнашчисини «пойлаб юриш»нинг иложи йўқ. Аммо финал босқичида ғолибликка номзод ёлғон детектори имтиҳонидан ўтказилади...
Агарда танлов қатнашчиси шартнома шартларига ярим йил дош бера олган тақдирда ҳам қуруқ қолмайди, бироқ ваъда қилинган мукофотнинг ўндан бири — 10 минг долларни олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter