Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ вазири хитойлик инвесторлар билан учрашди

АКТ вазири хитойлик инвесторлар билан учрашди

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

18 июнь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовнинг Хитойнинг «China South Industries Group Corporation», «CITIC Group» ва «Costar Group» инвестор-компаниялари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган мақсад турли соҳаларда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.

Вазир меҳмонларни қутлар экан, ушбу учрашув жорий йилнинг апрел ойида Пекин (ХХР) шаҳрида «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форуми доирасида икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлақонли амалга оширилишига замин яратиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидлаш жоизки, форум майдонида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Huawei», «Costar Group» va «CITIC Group» компаниялари ўртасида келишувлар имзоланган эди.

Учрашув доирасида «Хавфсиз шаҳар», шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, сунъий интеллект (идрок) қўлланилган ҳолда, беморларнинг маълумотларига ишлов бериш ва уларни сақлаш бўйича масофавий булутли тизимни яратиш сингари истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди.

Хитойнинг инвестор-компанияларининг мамлакатимизга ташрифи 2019 йилнинг 21 июнига қадар давом этади. Ташриф давомида тегишли вазирлик ва идоралар билан бир қатор учрашувлар режалаштирилган бўлиб, улардан кўзланган мақсад ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликнинг келгусидаги истиқболларини белгилаб олишдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг