Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда инновацион энергетик полигон яратилмоқда

Андижонда инновацион энергетик полигон яратилмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Андижон шаҳар Инновацион технологияларни жорий этиш марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда олий таълим ва илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда яратилган инновацион технологияларни жорий этиш полигони Марҳамат туманида ташкил этилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган бу лойиҳанинг асосий мақсади фермерлар учун маслаҳат маркази яратиб, унда қатор инновацион энергетик қурилмалар ясаш ва ишга туширишни амалда ўргатиш, бунинг учун доимий-даврий равишда анжуманлар ўтказишдан иборат. Яратилган қурилмалар импорт ўрни босиши ва маҳаллий хомашёдан яратилиши кўзда тутилади. Бу қурилмалар айнан фойдаланувчилар учун ҳамёнбоп даражада арзон ва самарадор бўлиши, фермерлар муаммоларини батараф этишда ҳизмат қилиши режалаштирилган. Полигон ёш олимлар, ихтирочилар учун тажриба майдони сифатида шаклланиб, янги ихтиролар, экспонатлар билан доимо бойитиб борилади. Ташаббусда Андижон олий ўқув юртлари, Тошкент давлат техника университети олимлари фаол қатнашмоқдалар.

Инновацион полигон, асосан тўртта йўналишга қаратилган:

1. Қайта тикланувчи энергетика манбалари — микроГЭСлар яратиш. Бунда микроГЭСларнинг учта тури яратилиб, намойиш қилинади. Чархпалакка асосланган энг содда микроГЭСдан 10 кВТгача электр энергияси олиш мумкин бўлиб, уни фермерлар ўзлари ярата олиши кўзда тутилган. Фойдали иш коэффициенти юқорироқ бўлган иккинчи МикроГЭСни яратиш бироз мураккаброқ, у 37 кВтли электр энергияси беради ва маълум даражадаги назарий ҳисоб талаб қилиб, муайян шароитли шаршарага ўрнатилади. Тез кунларда ишга тушириладиган Гидротурбинага асосланган 50-80 кВтли самарадор микроГЭСни яратиш мураккаб ва юқори даражадаги назарий-амалий ҳисоб-китоб талаб қилади.

2. Қайта тикланувчи энергетика манбаси сифатида хорижда тобора кенг тарқалаётган Биогаз қурилмасини яратиш соҳасида изланишлар олиб борилмоқда. Полигонда 1.5 ва 22 метр куб ҳажмли иккита биогаз қурилмаси ўрнатилиб, унда эйхорния ва амарант ўсимликларидан биогаз олиш, амалдаги ҳайвон гўнгидан олинган биогаз миқдорида бир неча марта арзон ва самарадор эканлиги амалда кўрсатилади.

3. Республикада замонавий саноат усулида омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори (ВМҚ–312, 27.04.2018 й.)ни бажаришда инновацион ёндашув. Қарорда «354,0 минг тонна гранулаланган ва экструдирилган замонавий омухта ем ишлаб чиқариш» режалаштирилган. Марказида бу қарорни янада самарадор бажариш учун илмий асосланган янги турдаги ем технологияси жорий этилади. Амарант ва эйхорния ўсимликлари асосий таркиби бўлган бу озуқанинг оқсил ва мойлилик миқдори амалдаги емга қараганда камида уч марта юқори ва энг муҳими ем таннархи икки марта кам бўлади.

4. Янги турдаги қурилиш маҳсулоти — павлония ёғочини оммалаштириш. Ўлкамизга Калифорния тераги кириб келгач, барча тераклар экологияни бузувчи, аллергик касал чақирувчи попук (пух) тарқата бошлади. Марказимизда павлония дарахтини кўпайтириш лабораториясини яратиш асосида мавжуд теракларни босқичма-босқич павлонияга алмаштирилади. Бу лойиҳа жорий этилгач, ёғочсозлик соҳаси арзон, мукаммал, сифатли маҳсулотга эга бўлади. Натижада, беш йилдан сўнг мамлакатимизда ёғоч импорти кескин қисқаради.

Полигонда олиб борилаётган яна бир йўналиш, суғориш тизимидаги инновацион изланишлардир. Ҳозирда шаршарали ариқларнинг фақатгина оқим кучидан фойдаланиб, сувни харажатсиз юқорига кўтарувчи гидротаранларнинг турли модификациялари намойиш қилинади. Бундан ташқари, шаршарасиз оқим сувнинг энергиясидан фойдаланиб, сувни юқорига кўтариш қурилмалари ҳам яратилиб, ишга туширилди. Бу унчалик катта бўлмаган ер майдонларини сарф-харажатсиз суғориш имконини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг