Алишер дераза ром устаси эди. Бир янгилик унинг касбини ўзгартириб юборди (видео)
22 ёшли Алишер Рўзметов оиласига кўмак бериш мақсадида узоқ вақт дераза ромларини йиғиш цехида ишлади, аммо унинг болаликдан бошқа қизиқиши бор эди. Кунларнинг бирида у дўстларидан бир янгиликни эшитиб қолди. Бу эса унинг ҳаётини ўзгартириб юборди.
Xabar.uz ҳамда IT-парк ҳамкорликда йўлга қўйилган навбатдаги лойиҳада чирчиқлик фронтенд дастурчи Алишер Рўзметовнинг ҳикоясини эълон қиламиз.
«Мен болалигимда ҳарбий бўлишни орзу қилганман. Чунки дадам бу соҳада фаолият юритган. Бироқ, вақт ўтгач мен бошқа йўналишни танладим. Ота-онамга ёрдам бериш мақсадида дераза ромлари ясайдиган цехда ишладим. Бу касбда 4 йил меҳнат қилдим. Очиғи, ёшлигимдан компютер технолгияларига қизиқиб келганман. Аммо бу соҳада билим олишга имкониятим бўлмаган.
Бир кун дўстларим менга IT-марказни тавсия қилишди. Бу ерга келганимда, менежерлар ҳамма маълумотларни батафсил тақдим этишди. Қолаверса, бу ердаги шароитлар ҳам менда катта таассурот қолдирди.
Веб-дастурлаш соҳасидан Frontend йўналишини танладим. Устозим Улуғбек Мирзаев менга бу йўналиш бўйича таълим берди.
Тўрт ой давомида таълим олдим. Дастурлаш тилларидан менга JavaScript ёқди. Ҳозирда Иқро ўқув марказида ментор бўлиб ишлайман. Бу ерда араб, инглиз ва рус тили йўналишлари бор. Ҳозирда хусусий ўқув марказдан ижарага жой олиб, Frontend йўналиши бўйича дастурлашдан дарс бермоқчиман. Ҳозирда компютер техникаларига буюртма берганман, улар етиб келиши билан дарсларни бошлайман. Мақсадим бир кунда 10-15 нафар ёшларга дастурлаш бўйича дарс бериш»,—дейди Алишер Рўзметов.
Таҳририятдан: Ахборот технологиялари туфайли ҳаёт тарзи ўзгариб кетган ёшлар ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Сизнинг ҳаётингизда ҳам АйТи билан боғлиқ шунга ўхшаш ўзгаришлар содир бўлганми? Ёки шундай воқеалар гувоҳимисиз? Телеграм орқали расмий ботимизга — @xabargayoz_bot хабар қолдиринг. Кейинги қаҳрамон сиз ёки танишларингиз бўлиши мумкин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter