Баҳрайн IТ-компаниялари Ўзбекистондаги лойиҳаларга жалб этилади
Ўзбекистон Республикаси AКТ вазирлиги делегациясининг Испания Қироллигида бўлиб ўтаётган «MWC Barcelona-2022» Жаҳон мобиль конгрессида, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Шерматов ва Баҳрайн Қироллиги транспорт ва телекоммуникациялар вазири Камол бин Aҳмад Муҳаммад ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Баҳрайн Қироллиги ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, жумладан, IТ тадбиркорликни ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистонда Баҳрайн IТ компанияларининг ваколатхоналарини очиш ва IТ Парк резидентлигига жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Бугунги кунда юртимизда маҳаллий ҳамда хорижий IТ бизнесни қўллаб-қувватлаш учун барча шароитлар яратилмоқда. IТ Парк бунда визаларни олишда, корхонани юридик жиҳатдан расмийлаштиришда, имтиёзли равишда биноларни ажратишда, банк ҳисоб рақамларини очишда, солиқ имтиёзларни тақдим этишда ҳамда малакали кадларни танлашда ташкилий кўмак беради.
Резидентликдан ташқари, учрашувда Баҳрайн IТ-компанияларининг, Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун венчур жамғармаларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Республикамизда BPO ва KPO-хизматларини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда баҳрайнлик IТ компанияларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда таъкидланганидек, Баҳрайннинг IТ компаниялар малакали ишчиларни рақобатбардош шартлар асосида кенг жалб этишлари мумкин бўлади. Ўз навбатида, Ўзбекистонда ёш ва меҳнатга лойиқ аҳолинининг бандлигини оширишда ва юқори маошли IТ касбларни эгаллаш орқали уларнинг даромадларни оширишга замин яратади. Шунингдек, Баҳрайн давлат ташкилотлари ва компанияларининг 2022 йил 24-26 октябрь кунлари Ўзбекистонда AКТ хафталиги доирасида бўлиб ўтадиган «ICT Week Uzbekistan» халқаро рақамли форумда иштирок этиш учун таклиф берилди.
Томонлар кенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун катта имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, уларни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter