Абитуриентларга имтиҳон манзилини кўрсатиб берувчи мобиль илова ишлаб чиқилди
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари томонидан 2020-2021-ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган биноларнинг геоманзилини кўрсатиб берадиган «ImtihonGo» номли махсус мобиль илова яратилди.
«ImtihonGo» мобиль иловаси Давлат тест маркази томонидан эълон қилинган 2020−2021 ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган биноларнинг геоманзиллари асос қилиб олинган ҳамда шу манзиллар иловага киритилган.
Илова муаллифлари ТАТУ магистри Ғ.Назаров ҳамда «Радио ва мобиль алоқа» факультети талабаси Ҳ.Бахтиёровлардир.
— Албатта, ҳар бир яратилган дастур ёки стартап қандайдир маънода инсонларнинг оғирини енгил қилиши, жамиятдаги мавжуд вазият ёхуд муаммоларга технологик ечим бериши, ҳаракатларни оптималлаштириши, ортиқча вақт, ҳаражатдан фориғ бўлишига ёрдам бериши керак. Биз ҳам «ImtihonGo» мобиль иловаси орқали мамлакатимиздаги минглаб абитуриентларни яқин ойларда бўлиши кутилаётган тест синовларини топширишда ортиқча қийинчиликларсиз, керакли манзилга тез ва аниқ етиб боришда кўмак бермоқчимиз. Масалан, Самарқанд вилоятидаги Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тест синовлари ўтказиш кўзда тутилган. Тўғри, бу жой шаҳарлик аҳоли учун маълум бўлиши мумкин, аммо туманлардан имтиҳонга келувчи абитуриентлар учун манзилни топишда қийинчиликлар вужудга келиши табиий. Кейин кўплаб абитуриентлар манзилни қидириб ортиқча вақт йўқотишлари, ортиқча харажат қилишлари мумкин. Шунингдек, манзилни қидириб турли одамлар билан мулоқотда бўлишлари мумкин. Бу эса бугунги пандимия даврида жуда хавфлидир. Ушбу дастур эса абтуриентлари оғирини енгил қилади, керакли манзилни тез ва осон топиб боришида катта ёрдам беради деган фикрдамиз, – дейди лойиҳа муаллифи Ғ.Назаров.
— Ушбу дастур андроид платформасида яратилган бўлиб, иловага Давлат тест маркази томонидан эълон қилинган имтиҳон геоманзиллари жойлаштирдик ва Google Map (Google харита)га интеграция қилдик. Тест топширмоқчи бўлган талаба ўзига керакли манзилни визуал танлаши ҳамда билвосита харита орқали имтиҳон ўтказилиши кўзда тутилган манзилга харитада кўрсатилган йўриқлар орқали бориши мумкин. Дастурни жуда ҳам осон ва содда қилиб яратдик, – дейди дастурчи Ҳ.Бахтиёров.
Маълум бўлишича, иловага юртимиздаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган бинолар рўйхати ҳамда геоманзиллари тўлиқ киритилган. Агарда бирор сабабларга кўра ДТМ томонидан кўрсатилган манзилларда янгиланиш вужудга келса, иловани ҳам тезда янгилаш, ўзгартиришларни тезда қўшиш ва бу ўзгаришни фойдаланувчиларга етказиш режа қилинган.
Айни вақтда мобиль илова фойдаланишга тайёр.
Мамлакатимиздаги ОТМларга кириш учун имтиҳон топшириш истагида юрган абитурентлар мобиль иловани юклаб олишлари мумкин.
Илова Google Play’га жойлаштирилган бўлиб, дастурни шу илова орқари юклаб олиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter