Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Абдулла Арипов «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини очиб берди (фото)

Абдулла Арипов «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини очиб берди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 21 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида «One million Uzbek Coders» лойиҳасига старт берилди.

Лойиҳанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов, Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий, БАА сунъий интеллект технологиялари вазири Умар бин Султон ал-Олама ва бошқалар қатнашди.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг таъкидлашича, замонавий Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этувчи 29 ёшгача бўлган ёшлардир. Шунинг учун ҳам давлатимизнинг ёшлар сиёсатида ўғил ва қизларимизнинг жамиятдаги нуфузини ошириш муҳим ўрин тутади, уларнинг янги-янги мутахассисликлар ва касбларни эгаллашига катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш ташаббуснинг учинчисида рақамли технологияларни бепул ўқитиш марказларини очиш, аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларнинг салоҳиятидан тўғри фойдаланиб, уларга дастурий маҳсулотлар яратишда кўмаклашиш каби чора-тадбирлар ўрин олган.

Бош вазир куни кеча мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги Технологик паркка ташрифи давомида 7 гектарлик майдонда жойлашган IT Park қурилишининг биринчи босқичига старт берганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Президентимиз ҳукумат қурилишнинг боришини жиддий назорати остига олиши ва Технологик паркнинг биринчи босқичи икки йилдан сўнг тўлақонли ишга тушиши лозимлиги ҳақида топшириқ берди», — деди Абдулла Арипов.

«Ҳар бир муваффақият оддий нарсадан бошланади. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Бир миллион дастурчи» ғояси ҳам бир қарашда жуда оддий. Лекин тасаввур қилинг, ташаббус бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этиб, узоқ-узоқ ҳудудларгача етиб бориши ғоянинг қанчалик буюклиги, кенг қамровлилиги ва унинг истиқболи жуда юқорилигини билдиради», — деди сўзининг якунида Бош вазир.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Dubay Future Foundation» жамғармаси, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети, АТ-академияси ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа ихтисослаштирилган онлайн портал (UzbekCoders.uz) орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини беради. Барча хоҳловчилар лойиҳа ишга туширилиши биланоқ иштирок этиш учун ариза топширишлари мумкин. Дастурнинг асосий мақсади — рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмалар беришдир.

Биринчи босқичда лойиҳа глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 4 та мутахассисликни ўз ичига олади: Маълумотларни таҳлил қилиш, Android-ишланмалар, FrontEnd-ишланмалар ҳамда FullStack-ишланмалар. Умумий курс 120 соатлик таълим учун мўлжалланган. Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лаборатория ишларини тайёрлашади ва шундан сўнг уларга махсус сертификатлар топширилади.

Курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар грантларни қўлга киритиш учун ўз билимларини синовдан ўтказа олишади ва «Udacity» платформасидаги 100 дан ортиқ «Nanodegree» дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун номзод якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириши ва энг юқори балл билан тўплаган 150 нафар талаба рўйхатига кириши керак. Шуни таъкидлаш жоизки, «Nanodegree» дипломлари «Google», AT&T, «Autodesk», «Salesforce» ва бошқа кўплаб АТ-гигантлар томонидан тан олинади.

Айтиш лозимки, биринчи маротаба дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликларида «One Million Arab Coders» номи остида старт олган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг март ойида Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида бир қатор соҳаларда, шу жумладан, ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувларига эришилди. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиб, концепциясини мамлакат шаротига мослаштириш режасини ишлаб чиқди ва «One Million Uzbek Coders» деб номланган лойиҳани йўлга қўйди.

Мазкур тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети дастурчиларининг кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг