210 нафар юртдошимизнинг қувончи ёхуд байрам арафасидаги туҳфа (фото, видео)
Ёдингизда бўлса, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Ўзбектелеком» АК томонидан давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига ажойиб туҳфа сифатида Нурафшон шаҳри ва пойтахтда UZTELECOM савдо ва хизмат кўрсатиш офислари очилганди.
Бугун, 13 август куни энг улуғ ва энг азиз байрамга атаб Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Қушбеги ва Шайхонтоҳур туманидаги Ибн Сино мавзеларида 210 хонадонли 4 та тўққиз қаватли тураржой бинолари фойдаланишга топширилди.
Мазкур тураржой биноларининг байрамона безатилган ҳовлисига бирин-кетин меҳмонлар келишди. Ташриф буюрувчиларнинг юзларида табассум ва хурсандчилик акс этиб турибди. Айниқса, байрам арафасида уйлик бўлган соҳа ходимларининг қувончлари дунёга сиғмайди.
Уларнинг шодликларига очилиш маросимига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев, Дилбулоқ маҳалласи раиси Баҳодир Аюпов, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар шерик бўлишди. Меҳмонлар уй соҳибларини муборакбод этишди, эзгу тилаклар билдиришди.
– Юртимизда байрам шукуҳи кезиб юрибди, – деди маросимда сўзга чиққан АКТ вазири Шуҳрат Содиқов. – Яқинда Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Тарих учун бу қисқа муддат, аммо шу муддат ичида бир авлод вояга етди. Мана бугун топширилаётган қўп қаватли тураржойлар истиқлол йилларида соҳа ходимлари учун бунёд этилган илк уйлар ҳисобланади. Умуман олганда, бутун мамлакатимиз миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги 4-5 йилда бундай уйлар минглаб юртдошларимизга топширилди ва аҳолининг фаровонлигига хизмат қиладиган бундай шинам тураржойлар бунёд этилиши жадал бормоқда. Бундан ва барча жабҳаларда эришилган ютуқлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Пандемия соҳамиз жамият ривожи учун нечоғлиқ зарурлигини яққол кўрсатди ва синовдан ўтказди. Соҳада узоқ йиллар ишлаб келаётган, тураржойга эҳтиёжи бор алоқачиларга 210 хонадон топширлаётганидан албатта хурсандмиз. Барчангизга янги уйлар муборак бўлсин!
– АКТ вазирлигининг соҳа ходимларига кўрсатган бундай ғамхўрлиги эътиборга лойиқ, – деди Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов. – Алоқачилар, хусусан, «ЎзМобайл» филиали туманимиздаги «Дамариқ» маҳалласида мақтагулик ишларни амалга оширди. Маҳалладаги уй ҳовлиларида янги болалар майдончаси ташкил этилди. Уйларнинг олд қисмида «Work out» кўринишдаги спорт майдончасининг қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу жумладан, 3 та болалар майдончаси таъмирланиб, 2 та янги болалар майдончаси барпо этилди. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини биносида жойлашган Электрон кутубхонани жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда ва 150 дан зиёд электрон китоблар совға қилинди. Мана кўриб турибсизлар, туманимизнинг ушбу мавзеси обод ва кўркам масканга айланди. Қурувчиларга ҳам раҳмат. Янги уй эгаларига Яккасаройимизга хуш келибсизлар, деймиз, уйлар муборак бўлсин.
– Соҳа ходимларига тақдим этилаётган уйлар мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди, – деди Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев. – Энг асосийси, яратилаётган бу каби имкониятлар ходимларнинг иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Негаки, оиласи фаровон инсонда ҳаловат бўлади, кўнгли хотиржам инсоннинг эса фаолиятида унум бўлади.
Топширилган янги биноларнинг биринчи қаватида, шунингдек, 250 ва 218-электрон автомат телефон станциялари жойлашган бўлиб, бу нафақат тураржой мажмуалари аҳолиси, балки ушбу мавзеларда яшовчилар учун ҳам телефон хизматларидан фойдаланиш борасида қулайликлар яратади. Уйларнинг олд қисмида автомобиллар учун алоҳида тўхташ жойи, болалар учун махсус ўйингоҳлар қурилган.
Хонадонлар эгаларига тантанали равишда уй калитлари топширилди. Меҳмонлар «Ўзбектелеком» АК ходими Акмал Маҳмудов хонадонида бўлишди. Акмалжон ва унинг турмуш ўртоғи Манзура 20 йилдан буён алоқа соҳасида меҳнат қилиб келишади. Улар Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олишган. Бу йил улар учун қўшалоқ туҳфалар кўп бўлди – меҳнат қилаётганларига 20 йил, турмуш қурганларига 15 йил бўлди. Мана бугун эса Истиқлол байрамининг 30 йиллиги арафасида 4 хонали уй соҳиби бўлишди.
– Қувончимиз чексиз, – дейишди улар биз билан суҳбатда. – Фарзандларимиз Шоҳжаҳон ва Жавлонбекларнинг хурсандчиликларини айтмасизми?.. АКТ вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» АК раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз.
Дарҳақиқат, янги уй соҳибларининг ҳаяжонию қувончи, қалбларидаги шукроналик бизга ҳам ўтди. Ҳавас қилдик. Ватан ичра ватанли, уйли бўлган юртдошларимизга «Янги уйлар муборак бўлсин!», деймиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter