Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2021 йилда тақдим этиладиган 60 та электрон давлат хизматлари рўйхати (лойиҳа) эълон қилинди

2021 йилда тақдим этиладиган 60 та электрон давлат хизматлари рўйхати (лойиҳа) эълон қилинди

Фото: «e-gov.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил, 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида 2021 йилнинг охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, уларни 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарурлиги таъкидланганди.

Шундан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 24 ҳамда 25-иловасига мувофиқ, «2021 йилда давлат хизматларини устувор равишда электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури» тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган мазкур лойиҳада 2021 йилда талабгорлиги юқори бўлган 60 та давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) жорий қилиш кўзда тутилган.

Мазкур топшириқни амалга ошириш мақсадида вазирлик томонидан мавжуд давлат хизматлари таҳлил қилиниб, 2021 йилда ЯИДХП орқали давлат хизматларини устувор равишда электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур дастур лойиҳаси билан давлат бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар томонидан ананавий тарзда ёки бошқа манбалар орқали электрон кўрсатилаётган талабгорлиги юқори бўлган давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланган.

Айнан қандай хизматлар?

  • Фуқароликка қабул қилиш учун ариза юбориш;
  • Автомобилни техник кўрикдан ўтказиш учун онлайн тўловларини амалга ошириш;
  • Олий таълим тўғрисидаги дубликат ҳужжатларини бериш;
  • Республикадан чиқишга чекловлар мавжудлигини текшириш;
  • Ёввойи ҳайвонларни тутиш учун рухсатнома олишга ариза юбориш;
  • Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси резидентларининг доимий жойлашган жойи (яшаш жойи) фактини расмий тасдиқлаш;
  • Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш фаолияти учун хабарнома юбориш;
  • Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш фаолияти учун хабарнома юбориш;
  • Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш фаолияти учун хабарнома юбориш;
  • Корпоратив карта орқали харид қилинган товар ва хизматларни шахсий кабинетда рўйхатдан ўтказиш;
  • Иш даромадлари тўғрисидаги маълумотнома олиш;
  • Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи ҳолати ҳақида маълумот олиш;
  • Олий ўқув юртларига ҳужжатларни қабул қилиш;
  • Автотранспорт воситаларини онлайн рўйхатдан ўтказиш;
  • Автотранспорт воситасини давлат рақами ва техник паспортини ўзгартириш учун ариза юбориш;
  • Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларини топшириш;.
  • Меҳнат дафтарчасидан кўчирма олиш;
  • Сайлов участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш ва ҳок.

Ушбу дастур билан давлат хизматларини тўлиқ масофадан кўрсатиш бўйича жараёнларни автоматлаштириш ва хизмат кўрсатиш босқичларин максимал даражада оптималлаштириш назарда тутилмоқда.

Лойиҳа жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасига қўйилган бўлиб, унда барча истовчилар тақдим этилиши кўзда тутилаётган 60 та давлат хизмати бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.

Сиз 2021 йилда қайси давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилишини хоҳлар эдингиз? Ушбу ҳаволага ўтинг ва ўз таклифларингизни билдиринг: https://regulation.gov.uz/uz/d/28609

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг