1 терабайтлик илк microSD-карта сотувга чиқди – нақ битта iPhone нархида!
Маълумотларни сақловчи қурилмалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган SanDisk компанияси 1 терабайт ҳажмли microSD-карта тайёрлаган эди. Android Police нашри хабарига кўра, энди уни сотувга чиқаришди. Бу ҳақда «Терабайт» хабар бермоқда.
Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, янгича хотира картасида маълумотларни ўқиш тезлиги сониясига 160 мегабайтга, унга маълумот ёзиш тезлиги эса 90 МБ/сонияга етади. Хотира картасининг «A2» даражасида баҳоланиши эса унга ўрнатилган иловаларнинг барқарор ишлашидан далолатдир.
Оддий смартфон фойдаланувчиси учун бир терабайтлик қўшимча хотира ортиқчалик қилса керак. Лекин Nintendo Switch каби ўйин консоллари эгаларига, шунингдек, фильмларни сифатли 4K-форматида кўчириб олиб қўйиб, ўзига қулай пайтда томоша қилувчиларга бу microSD-карта асқотиши мумкин.
Шунга яраша, SanDisk ушбу microSD-картасини анчагина қимматга баҳолаган – нақ 450 АҚШ доллари! Бу эса купертиноликларнинг ҳамёнбоп смартфонлари – iPhone 6S (сотиб олиш) ёки iPhone SE нархига тахминан тенгдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter