Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркиянинг етакчи университети Бухорода ўз факультетини очди

Туркиянинг етакчи университети Бухорода ўз факультетини очди

Фото: «ЎзА»

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти қошида Туркия тиббиёт фанлари университети (SBÜ) факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактаби очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Туркиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайя Эр,  Туркия тиббиёт фанлари университети ректори, профессор Жевдет Эрдол, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори, профессор Амрулла Иноятов иштирок этди.

Туркия элчиси Меҳмет Сурайя Эр тиббиёт факультети асрлар мобайнида илму маърифат маркази бўлиб келган, дунёга Абу Али ибн Сино каби улуғ алломани берган Бухорои шарифда очилаётгани теран рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Қайд этилишича, таълимга оид мазкур лойиҳа қардош ўлкалар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тиббиёт факультетида ўқиш олти йиллик бўлиб, мазкур даргоҳда даволаш бўйича мутахассислар тайёрланади. Машғулотлар Туркия ва Ўзбекистоннинг пешқадам профессор-ўқитувчилари томонидан ўтилади. Талабалар Туркияда малака ошириш имконига эга бўлади.

Бухоро давлат тиббиёт институти қошида Туркия тиббиёт фанлари университети факультети ва олий мактабини таъсис этиш ҳақидаги қарор жорий йил 24 июнда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан қабул қилинган. 

Тиббиёт фанлари университети (SBÜ) нуфузли олий ўқув юртларидан бири саналади. Университет 1903 йилда Усмонийлар султони Абдулҳамид II фармонига кўра очилган тиббиёт билим юрти базасида ташкил этилган.  Бир асрдан зиёд тарихга эга номдор университет эндиликда Ўзбекистонда ҳам малакали кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия дўстлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Қардош мамлакатлар ҳамкорлиги барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш жабҳасида ҳам тобора кенгаймоқда.

1997 йил ноябрда Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳасида ҳамкорликка оид битим имзолаган.

2017 йил октябрда ушбу битимнинг мантиқий давоми саналган келишувга эришилди. Ушбу ҳужжатда икки мамлакат ўртасида «тез ёрдам» ва табиий офатларга қарши кураш, гематология ҳамда ички аъзолар трансплантацияси, фармацевтика ва тиббиёт ускуналари, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, соҳа бўйича тажриба алмашувлар кўзда тутилган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг