Тошкентда корейс стандартидаги боғча очилди (фото)
2018 йилнинг 10 ноябр куни Мактабгача таълим вазирлигида идора фаолиятининг бир йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унинг доирасида матбуот-анжумани ўтказилди ва Мирзо-Улуғбек туманининг 324-сонли МТМга пресс-тур уюштирилди.
Вазирлик фаолиятининг бир йиллигига бағишланган тадбирда якунлар сарҳисоб қилиниб, ўтган давр натижалари намойиш қилинди.
ОАВ вакиллари Мирзо-Улуғбек туманидаги 324-сонли МТМга ташриф буюрдилар. Ушбу муассаса хорижий инвестиция ёрдамида амалга оширилди. Кўп йиллар фаолият қўрсатмай турган 324-сонли МТМнинг реконструкцияси Соджонг университети ва Кореянинг New Millenium Construction компанияси томонидан молиялаштирилди.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, айни дамда Корея, Туркия, Сингапур ва бошқа мамлакатлар инвесторлари билан республика МТМларининг моддий-техник базасини яхшилаш, муассасалар тармоғини кенгайтириш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Қайта таъмирлаш давомида мазкур муассаса корейс стандартларига максимал даражада яқинлаштирилиб, қайта барпо этилди.
МТМ ҳудуди ва ундаги ўсимликлар болаларнинг минтақавий ва ёши хусусиятлари ҳисобга олиниб «Илк қадам» давлат таълим дастури асосида моделлаштирилган.
Мактабгача таълим муассасаси ҳомийларнинг маблағлари ҳисобига Жанубий Кореядан келтирилган мебель, спорт ва ўйин анжомлари, ўқув-услубий материаллар, ўйинлар ва ўйинчоқлар, шунингдек, болаларнинг тиш чўткаларини стерилловчи қурилмалар билан жиҳозланган.
324-сонли МТМ давлат муассаси бўлиб, унга яқин ўртадаги маҳаллалар оилаларининг фарзандлари ва мактабгача таълим тизими ходимларининг болалари қатнайди. Ушбу МТМ 2019 йили Тошкентда очилиши кутилаётган Соджонг университети филиалининг ўқитувчи ва талабалари учун кейинчалик тажриба майдончаси сифатида хизмат қилиши кўзда тутилган. Бу МТМда йўлга қўйилган янгича таълим ёндашувига оид амалиётларни шунгдек бутун республика педагоглари ҳам қўллашлари мумкин бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter