Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таълим сифати халқаро стандартлар даражасига чиқишига умид бор

Таълим сифати халқаро стандартлар даражасига чиқишига умид бор

Мактабгача таълим тизимига давлат томонидан берилаётган эътибор йилдан-йилга кучайиб боряпти. МТМлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни замонавий методлар билан бойитиш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга ошириляпти, инновацион янгиликлар амалиётга татбиқ этиляпти.

Жумладан, мактабгача таълимнинг муқобил турлари ривожлантирилиб мобил ва модулли МТТ кенг жорий этилмоқда. Хусусан, 16 та қайта жиҳозланган автобуслар асосида «Ақлвой» номли мобил лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида чекка ҳудудлардаги 40 та маҳаллада 2000 та бола қамраб олинди.

Бундан ташқари, илк маротаба мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг эрта ривожланишига қўйилган давлат талаблари ва «ИЛК ҚАДАМ» номли давлат таълим дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг мутахассислари учун «Илк қадам» мактабгача таълим муассасасининг Давлат ўқув дастури асосида махсус эҳтиёжга эга бўлган болалар учун 5 та мутахассислик йўналиши бўйича мослаштирилган ва уйғунлашган таълим дастури яратилди. Мазкур ўқув дастур асосида йўналишлар бўйича барча тоифадаги мутахассислар учун методик кўлланмалар ва ушбу кўлланмаларда ҳар бир йўналиш методикаси бўйича педагоглар учун машғулот жараёнларида қўлланиладиган ахборот-компьютер технологиялари ва керакли ресурслар ишлаб чиқилди.

Мактабгача таълим вазирлиги ва ҳукумат томонидан соҳага берилаётган эътиборнинг кўлами фақат юқоридагилар билан чекланиб қолаётгани йўқ.

Пандемия шароитида ҳам таълим тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Болаларга таълим бериш жараёни узлуксизлигини таъминлаш мақсадида карантин режимида ҳам муаммонинг замонавий ечим топилди.

Хусусан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ота-оналарга мактабгача ёшдаги болаларга тизимли, фойдали ва ривожлантирувчи таълим беришда услубий ёрдам бериш сифатида «Onlayn bolalar bog‘cha» дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур 3-5 ёшли болалар учун «Ilk Qadam» ҳамда 6 ёшдаги болалар учун «Aqlvoy» таълим лойиҳаларини қамраб олган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, вазирлик, ҳукумат вакиллари таълим масаласига жиддий ёндаша бошлади. Эндиликда хусусий мактаблар ва МТМлар фаолиятини йўлга қўйишда бир қатор енгилликлар берилди, хусусий секторда улар сонини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Таълим сифатини ошириш йўлида юзага келаётган муаммоларнинг замонавий ечими топилаётгани, болаларга билим беришда инновацион методларнинг кенг тадбиқ этилаётгани таҳсинга лойиқ. Бу борадаги ислоҳотлар кўлами янада кўпайиб, таълим сифати халқаро стандартлар талабига жавоб берадиган даражага чиқади деган умиддамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг