Шавкат Мирзиёев Юнусободдаги мактабга борди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 5-умумтаълим мактабида бўлди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари энг биринчи вазифа этиб белгиланган. Бу борадаги муҳим масалалардан бири - ўқувчи ўринларини кўпайтириш.
Давлатимиз раҳбари янги муассасалар барпо этиш билан бирга, мавжуд мактабларнинг ўзига қўшимча қават ёки ёнидан бино қуриш мақсадга мувофиқлигини айтган эди.
Мазкур 5-мактаб илгари 960 ўринли эди. Лекин ўқувчилар сони 2 мингдан ошарди. Шу боис ўтган йили реконструкция қилиниб, қўшимча бинолар қурилди. Натижада 1 минг 700 та қўшимча ўрин пайдо бўлди.
Мактабда 65 та ўқув, 12 та чет тили ва 5 та компьютер хонасида замонавий шароитлар яратилди. Ўқувчиларни аниқ фанлар, муҳандислик ва технологияларга қизиқтирувчи STEM-лаборатория ва спорт зали зарур анжомлар билан таъминланди, коворкинг ва рекреация ҳудуди ташкил этилди. Мактаб кутубхонасида 5 минг 800 дан ортиқ илмий ва бадиий адабиётлар бор.
Бугун мактабда 2 минг 600 нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Ўтган йили 165 нафар битирувчидан 163 нафари олий таълимга ўқишга кирган.
Юртимизда ўғил-қизларни ёшлигиданоқ касбга йўналтиришга катта аҳамият қаратилмоқда. 5-мактабда ҳам юқори синф ўқувчилари тикувчилик, пазандачилик, ёғоч ва металлга ишлов бериш кўникмаларини ўрганаяпти.
Президент ушбу тўгараклардаги шароитларни кўздан кечирди.
Тошкент шаҳри директорлар кенгаши аъзолари билан суҳбатда ўқитувчилар меҳнати ва ҳурмати ҳақида сўз борди.
- Шундай вақтлар бўлдики, педагогликка эътибор сусайиб кетди. Ҳозир бу шарафли касбнинг нуфузини тиклаш, уларни моддий рағбатлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Янги Тошкент шаҳри қурилишини ҳам Педагогика университети биносига пойдевор қўйишдан бошламоқчимиз. Чунки янги Ўзбекистоннинг биринчи замини - ўқитувчилар. Шунинг учун улар доим ўз устида ишлаши, билим ва услубларини ривожлантириб бориши керак, - деди давлат раҳбари.
Мактабнинг янги имкониятларидан тўла фойдаланиш, таълим сифатини Президент мактабларига яқинлаштирган тарзда ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter