PISA ва PIRLS тадқиқотларини ўтказиш муддатлари ўзгарди
Ўқувчиларни баҳолаш халқаро PISA ва бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро PIRLS дастурлари доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадқиқотларнинг муддатларига ўзгартиришлар киритилди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон илк маротаба иштирок этаётган ушбу халқаро тадқиқотлар доирасида тажриба-синов жараёнлари 2020 йилнинг апрель-май ойларида, асосий тадқиқотлар эса 2021 йил апрель-май ойларида ўтказилиши белгиланган бўлиб, лекин дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус пандемиясининг салбий таъсири туфайли режалаштирилган тадқиқотларнинг амалга оширилиши вақтинча тўхтатилган эди.
Ҳозирги вақтга қадар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) каби халқаро ташкилотлар томонидан тадқиқотда қатнашувчи мамлакатлар, дастурнинг бошқарув кенгаши аъзолари, халқаро экспертлар кенгаши ва консорциумлар ҳамда мамлакатлардаги Миллий марказлар иштирокида тадқиқотларнинг ташкил этилиш муддатларини белгилаш бўйича муҳокамалар олиб борилди.
Муҳокамалар жараёнида турли хил муқобил йўллар кўриб чиқилди.
Жумладан, PISA дастури бўйича кун тартибида иккита йўлдан бирини танлаш масаласи қўйилди.
Биринчиси, ихчамлаштирган, янги киритилган топшириқлар ҳамда креатив фикрлаш йўналишидан бутунлай воз кечган ҳолда 2020 йил октябр-ноябр ойларида тажриба синов жараёнлари, 2021 йил апрель-май ойларида асосий тадқиқотларни ўтказиш бўлса, иккинчиси, барча йўналишларни тўлиқ қамраб олган ҳолда тадқиқотни бир йил муддатга кечиктириш, бунда 2021 йил апрел-май ойларида тажриба-синов жараёнлари, 2022 йилнинг мос ойларида эса асосий тадқиқотларни ташкил этиш таклифлари атрофлича кўриб чиқилди.
PIRLS дастури бўйича эса PISA дастуридан фарқли равишда икки муқобил йўллардан бирини танлаш таклиф этилди. Яъни, биринчиси, 2020 йилга мўлжалланган тажриба-синов жараёнларидан воз кечган ҳолда 2021 йилдаги режалаштирилган асосий тадқиқотларни ўз вақтида ташкил этиш бўлса, иккинчи йўлга кўра, янги ўқув йилининг бошланиши бўлишига қарамасдан, 2020 йил октябрь ойида соддалаштирилган тарзда тажриба-синовларини ўтказиш ҳамда 2021 йилдаги асосий тадқиқотларни ҳам ўз вақтида апрель-май ойларида ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Бунда тадқиқотда қатнашувчи мактаблар ва синфлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Атрофлича муҳокама ва мунозаралардан сўнг, PISA ва PIRLS дастурлари доирасида тадқиқотларнинг ўтказилиши юзасидан қуйидаги муддатларни белгилаш бўйича халқаро ташкилотлар томонидан қарорлар қабул қилинди:
PISA дастури доирасидаги тадқиқотлар бир йил муддатга кечиктирилади. Бунда 2020 йилда мўлжалланган тажриба-синовлар 2021 йилнинг апрель-май ойларида, 2021 йилга мўлжалланган асосий тадқиқот эса 2022 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилди. Шунингдек, тадқиқотнинг 3 йиллик даврийлигини инобатга олган ҳолда, 2024 йилга мўлжалланган тадқиқотлар ҳам ўз навбатида 2025 йилга кўчирилди.
PIRLS дастури доирасидаги асосий тадқиқот кечиктирилмади ва ўз муддатида, яъни 2021 йил апрел ойида ўтказилиши бўйича режалар ўз кучида қолдирилди. Бунда, 2020 йил апрель ойига режалаштирилган тажриба-синов жараёнлари, карантин шароити барқарорлашган тақдирда, 2020 йилнинг октябрь ойида кўчирилиши режалаштирилди. Шуни таъкидлаш лозимки, PIRLS дастури талабларига мувофиқ, синовлар танлаб олинган мактабларнинг 4-синфлари ўртасида ўқув йилининг охирги ойларида ўтказилиши кўзда тутилган. Лекин, кутилмаган пандемия туфайли, тажриба-синовлари истисно тариқасида янги ўқув йилининг илк ойларида ўтказилиши мўлжалланмоқда. Бунда аввал танлаб олинган мактаблар рўйхатига ўзгартириш киритилмайди. Янги режалаштирилаётган тажриба-синов муддатига кўра, танлаб олинган мактабларнинг 4-синф ўқувчилари 5-синфни бошлаган бўладилар.
Ёдда тутиш лозимки, юқорида келтирилган муддатларни белгилаш бўйича барча иштирокчи мамлакатлар билан муҳокамалар асосида халқаро ташкилотлар томонидан қарор қабул қилиниши осон кечмади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида PISA (The Programme for International Student Assessment) Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтингида Ўзбекистоннинг 2021 йилда биринчи 70 таликка, 2025 йилда 60 таликка ва 2030 йилга келиб эса, биринчи 30 та илғор мамлакатлар қаторига кириши кўзда тутилган.
Шундай экан, ушбу муддатларнинг ўзгариши бир томондан олганда, умумтаълим муассасалари учун тайёргарлик кўришларига қўшимча имкониятларни яратиб беради. Эндиликда тайёргарликни сусайтирмасдан, тадқиқотда муносиб иштирок этиш учун барча керакли ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда тайёргарликни юқори даражага олиб чиқиш барчамизнинг олдимизда турган устувор вазифадир.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter