Педагогика университетидаги шармандалик
Кеча келган хабар:
«Ассалому алайкум. Хушнуд ака, мен Турин политехника университетининг Машинасозлик технологиясини битирганман. Магистратурага Педагогика университети математика факультетига топширмоқчи бўлиб бордим, лекин «йўналишинг тўғри келмайди» деб ҳужжатларимни қабул қилишмади. Қарорда негизида бўлиши керак, деб ёзилган дейишди.
Рад жавобини ёзма ёзиб беринглар десам, “йўқ, ёзиб бермаймиз” дейишди. Талаб қилаверганимдан кейин, «Бориб проректорга учра», дейишди.
Проректорга борсам хонасида йўқ, котибаси «чиқиб кетган, қачон келишини билмаймиз», деди.
Қабулдагиларга яна бориб одоб билан тушунтиришга ҳаракат қилдим, жорий йилдан магистратурага тартиб ўзгарганини, фақат ветеринария, хореография, тиббиёт, тасвирий санъат йўналишларига мутахассислик тўғри келиши кераклигини, қолганлар мутахассисликларга бемалол топшириш мумкинлигини айтдим, барибир фойда бўлмади. Улар ҳамма мутахассислик учун тўғри келиши керак, деб туриб олишди.
Олий таълим вазирлигига телефон қилиб сўранглар, десам йўқ дейишди. Ўзим телефон қиламан унда, десам, телефонда гаплашмайман дейишди.
Ёши катта устозларни қабулга масъул қилиб қўйган, улар ҳатто эшитишни ҳам хоҳламади. Қарорни кўрсатяпти, уларга қарорни нотўғри тушунаётганини айтдим, эшитмади.
Маъсул котиб ҳам, магистратура декани ҳам «проректорга учра» деб тураверишди. Лекин проректор хонасида йўқ эди, телефонини сўрасам, беришмади.
Энг алам қиладигани, нафақат бу, балки бошқа куракда турмайдиган важлар билан одамни асабига ўйнашди.
Масалан, «дипломингни қабул қилмаймиз, бизга ўтмайди, биз бунақа диплом кўрмаганмиз, бориб Италиянгга ўтказасан», дейишди. Бизда диплом формати бошқачароқ, А3 форматда берилади, баҳоларини эса алоҳида А4 форматда беришади. Бориб вазирга қўл қўйдириб қайтишим керак экан, ўтади деб. Шу диплом ўтишини вазирлик тасдиқлаб бериши керакмуш.
Бундан ташқари масъул котиб «агар мабодо қабул қилиниб, максимум балл олсанг ҳам, бюджетга кирмайсан», деди. Нега десам, тартиби шунақа дейишди. Ваҳоланки, бошқа йўналишдагилар ҳам бюджетга кира олиши мумкинлиги батафсил тушунтирилган эди. Хуллас, турли баҳоналар билан ҳужжатимни қабул қилишни хоҳламай, ўйин қилишди.
Шунақа гапларни гапиравериб, асабни ўйнашгандан кейин, «бор-ей», дедимда, Миллий университетга кетдим. ЎзМУда ҳужжатларимни 5 дақиқада қабул қилишди, ҳеч қанақа муаммо бўлмади.
Шундан билдимки Педагогика университетида айни коррупция авж олганга ўхшайди. Атайин бегоналарни яқинлаштиришмас экан. Шунақа гаплар, бўлди хуллас».
Хабар тугади.
Аслида бу хабар яҳлит эмас, суҳбат шаклида бўлганди. Абитуриентга маслаҳат бериб турдим, ўша масъулларга телефон қилиб боғлаб беришини сўрадим. Лекин нариги тарафдагилар мен билан гаплашишни исташмади, «блогернинг гапи менга ўтмайди», деб туриб олишди.
Кейин вазирликдаги магистратурага масъул ходимга хат ёздим. Вазирлик ходими ҳам минг афсуски айрим жойларда бу каби нохуш ҳолатлар учраб тургани, ОТМ вакиллари бўлаётган ўзгаришларни ҳалигача тушуниб етмаганини таъкидлаб, ўзининг телефон рақамларини ўша абитуриентга беришимни, унинг муаммосини ҳал қилиб беришини таъкидлади.
Лекин бунгача ҳожат қолмади, ТДПУдаги майнавозчиликдан ҳафсаласи пир бўлган абитуриент ҳужжатларини ЎзМУга топшириб бўлган эди.
Бўлган воқеалардан жуда жаҳлим чиқди. Афсуслар бўлсинки, Педагогика университетидаги ўша масъулларга ўхшаганлар мамлакатда таълим тизимини орқага тортишмоқда. Уларга ўхшаганларни деб, ривожланиб бўлмаяпти. Улар на янгиликларни қабул қилишади, на янгиликка интилишади. Мана шунақаларни деб, таълим тизими бюрократиядан, коррупциядан қутула олмаяпти.
Педагогика университетидаги масъуллар шунақа бўлса, улар чиқараётган кадрлардан нимани кутса бўлади?
Минг афсус, миллион афсус... Уят, уят!
Эй, барака топгурлар, олаётган маошингларни ҳалоллаб олинглар. Сал виждонинглар қийналсин, агар бўлса албатта...
P.S.: яна қайси ОТМларда шу каби муаммолар бўлмоқда. Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter