Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик ёшларга қизиқарли таклифимиз бор – Малайзия элчиси

Ўзбекистонлик ёшларга қизиқарли таклифимиз бор – Малайзия элчиси

Элчи Ҳенди Ассан.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар Малайзиянинг халқаро рейтингларда юқори ўринда турувчи олий таълим муассасаларида таҳсил олишлари мумкин. Бу ҳақда мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан 17 март куни Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилди.

Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этган дипломат таълим йўналиши ҳам муҳим аҳамият касб этишини урғулади.

«Малайзия ўзбекистонлик талабалар учун энг талабгир мамлакатлар сирасига киради. Буни кўп сонли талабалар таҳсил олаётгани ҳам тасдиқлайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам малайзияликлар учун қизиқарли йўналиш саналади. Малайзияда халқаро рейтингларга кирган кўплаб олий таълим муассасалари бор. Уларда ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар кўпроқ таҳсил олишини истаймиз», – деди элчи Ҳенди Ассан.

Дипломат талабалар ва ўқитувчилар алмашуви, ҳамкорликда илмий анжуманлар ўтказиш, академик тадқиқотлар ўтказиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида таълим жабҳасида ҳамкорлик кучаймоқда. 2019 йил октябрь ойида Тошкент молия институти базасида Малайзия менежмент ва тадбиркорлик «Binary» университети билан Ўзбекистон–Малайзия қўшма факультети очилган. 2020 йил июнь ойида Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва «Binary» менежмент ва тадбиркорлик университети ўртасида Урганчда университетнинг халқаро филиалини ташкил этиш тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Малайзияда 100 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Мамлакат ЮНЕСКО томонидан чет эллик талабалар сони бўйича дунё ўнталигига киритилган. Биргина 2021 йилда Малайзия ОТМларига 150 га яқин давлатдан 40 мингдан зиёд талаба қабул қилинган. 2022 йилда бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.

Малайзия олий таълим тизими замонавий фанлар, жумладан, ахборот технологиялари, менежмент, ислом молияси, дизайн каби йўналишларда юқори рейтингларга эга. Масалан, Малайя университети QS рейтингида 59-ўринда қайд этилган.

Дарвоқе, Жануби-шарқий Осиёда жойлашган ушбу мамлакат олий таълимига доир батафсил маълумотни Малайзия олий таълим вазирлиги ҳузуридаги агентлик сайти орқали олиш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг