Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўқитувчиларнинг айрим устама ва тўловлари сақлаб қолинади

Ўқитувчиларнинг айрим устама ва тўловлари сақлаб қолинади

Фото: Xabar.uz

Бугун, 25 апрель куни АОКА штабида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров иштирокида брифинг ўтказилди.

Қуйида брифинг давомида муҳим саволларга қайтарилган жавоблар тақдим этилади.

– Апрель ойидан директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан бериладиган тўловлар тўхтатилди. Лекин эндиликда дафтар текшириш, синф раҳбарлиги учун ҳам пул тўланмайди дейишди. Шу маълумотга аниқлик киритиб берсангиз?

– Директор жамғармаси ҳисобидан амалга оширилмайдиган, жумладан:

  • тоифалар бўйича базавий тариф ставкалар,
  • чет тили ўқитувчилари учун устама,
  • дафтар текшириш ва информатика кабинети мудирлиги (меҳнат таътилидан ташқари бўлган ёзги ўқув таътили даври бундан мустасно),
  • синф раҳбарлиги учун қўшимча тўловлар,
  • ихтисослашган мактаблардаги ходимларга белгиланадиган устамалар,
  • олис ҳудудларга бориб ишлаётганлиги учун устама ва бошқа тўловлар сақланади.

– Баркамол авлод болалар мактабларидаги ходимлар ҳам онлайн ишламоқдалар, лeкин раҳбарият ўз ҳисобидан таътилга чиқармоқчи, шу тўғрими?

– Навбатдан ташқари мeҳнат таътилида бўлган ходимларнинг таътил муддати йиллик асосий мeҳнат таътили ҳисобидан узайтирилади, қолган ходимлар эса заруратга кўра йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар асосий мeҳнат таътили ҳисобидан ҳақ тўланадиган йиллик мeҳнат таътили олиши мумкин.

«Баркамол авлод» болалар мактаблари тўгарак раҳбарлари ўз иш фаолиятини онлайн машғулотлар (иш ҳақи тўлиқ сақланган ҳолда) тарзида давом эттириши ҳамда жорий ўқув йили якунида тўгарак аъзоларига мактабдан ташқари таълим ҳақида гувоҳномаларни элeктрон шаклда бeришлари мумкин. 

Асос - Халқ таълими вазирининг 2020 йил 31 мартдаги 91-сон буйруғи.

– Аёлим 7 апрелдан «декрет»га чиқди. «Декрет» қоғозини мактаб маъмуриятига ва ХТБ бухгалтериясига онлайн етказиш иложи борми?

– Поликлиникадан олинган ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмга тушириб ёки сканерлаб мактаб маъмурияти ва ХТБ бухгалтериясига электрон тарзда етказиш мумкин.

– Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлар эдим. Март ойи охирида ҳарбий хизматдан келиб, ишга қайтиш тўғрисида ариза ёзсам коронавирус сабабли ишга олиш тўхтатилган, деб жавоб беришди. Бу тўғрими?

– Халқ таълими вазирининг 13 апрелдаги 105 -сонли буйруғига асосан, ўқитувчилар ва бошқа ходимларнинг турли сабабларга кўра меҳнатга лаёқатсизлик даврида (ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда бошқа ҳолатлар) бўлган ҳамда бола парваришлаш таътилидан чиққан ходимларнинг дарс соатларини ходимлар ўртасида қайта тақсимланишига ва бўшаб қолган лавозимлар бўйича штат бирликларига ишга қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Айни пайтдаги вазият барқарорлашгандан сўнг юқорида белгиланган вақтинчалик кўрсатмалар бекор қилинади ҳамда таълим муассасаларига амалдаги меҳнат қонунчилиги асосида мутахассислигингиз бўйича улардаги бўш (вакант) лавозимларга ишга қабул қилиш юзасидан мурожаат этишингиз мумкин.

– Иккита мактабда дарс бераман. Бирида 0,5 ставка, иккинчисида 0,3 ставка, жами 0,8 ставка. Карантин вақтида ҳар иккала мактабдан ҳам маош тўланадими?

– Иккита мактабда жорий йилнинг 1 апрелига қадар бириктирилган дарс соатларига эга масофавий тарзда дарс машғулотларни олиб бораётган ўқитувчиларга ойлик маошлари тўлиқ тўлаб берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг