Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Online Maktab» давом этади — камчиликлар, биз ўрганган тажриба ҳақида

«Online Maktab» давом этади — камчиликлар, биз ўрганган тажриба ҳақида

Пандемия даврида кўпгина соҳалар қатори мактаб ва университетларда ҳам масофавий ишлашга ўтилди. Онлайн таълим бериш тажрибаси Ўзбекистон учун янгилик бўлмаса-да, ҳали у қадар оммалашмагани боис дастлабки кунларда таълим тизими турли хил муаммоларга дуч кела бошлади. Бу кўпроқ моддий техник базанинг йўқлиги, борларининг ҳам тўлиқ шаклланмагани, педагогларда онлайн платформада ишлаш тажрибасининг етишмаслигида кўзга ташланиб турди.

Шунга қарамай таълим бериш жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида Халқ таълими тизимида ўқувчиларга билим бериш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, «Online maktab» лойиҳаси ишлаб чиқилиб, болаларга масофавий таълим бериш йўлга қўйилди.

Ўқувчиларнинг таътилини мазмунли ўтказиш ва ўқув дастурда белгиланган билимларни ўз вақтида ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда online-maktab рукни остида телевизион дарсларни тасвирга олиш ишлари амалга оширилди.

Телевизион дарслар миллий телерадиокомпания таркибидаги 5 та телеканал («Ёшлар», «Оилавий», «Маданият ва маърифат», «Дунё бўйлаб» ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий телевидениеси) томонидан тасвирга олинди.

Тасвирга олиш ишлари жорий йилнинг 16 мартидан 8 майига қадар 2 босқичда амалга оширилди.

Биринчи босқич - 2020 йил 16 мартдан - 18 апрелгача ЎзМТРК «Медиамарказ» студияларида;
Иккинчи босқич - 2020 йил 22 апрелдан - 8 майгача Тошкент шаҳридаги Президент мактаби биносида.

Телевизион дарслар жорий йилнинг 30 мартидан 25 майига қадар Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг 3 та телеканалида душанбадан шанбагача ҳар куни соат 8:30 дан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларининг барча синфлари учун оnline-maktab туркумида намойиш этиб борилди.

Жумладан, NatGeoWild (1-4-синф ўқувчилари учун), Eurosport (5-8-синф ўқувчилари учун), Oxota i Ribalka va Muz TV (9-11-синф ўқувчилари учун) телеканаллари орқали видеодарслар эфирга узатилиб, параллел равишда https://t.me/uzeduonlinemaktab, mover.uz/channel/uzedu сайтлари, youtube канали ҳамда Kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб бориш учун шароитлар яратилди.

Mediabay.uz, Mover.uz сайтларига ҳамда ижтимоий тармоқдаги телеграм каналларига жойлаштирилди.

Телевизион дарсларни тасвирга олишда жами 301 нафар ходим, шундан 211 нафари ўқитувчи, 12 нафар муҳаррир, 11 нафар сурдопедагог, 2 нафар психолог, 2 нафар шифокор, 23 нафар ташкилотчи, 40 нафар телевидение ходимлари жалб этилди.

Online-maktab лойиҳаси доирасида жорий ўқув йилининг 4-чорагига мўлжалланган ўқув дастурлари асосида 17 та умумтаълим фанларидан жами 3 904 та видеодарс (шундан 1953 та ўзбек ва 1951 та рус тилларида) дарслар эфирга узатилди. 497 та видеодарс қорақалпоқ тилида тасвирга олинди.

Телевизион дарсларни тасвирга олишда имконияти чекланган болаларни ўқитиш ҳам инобатга олинган, барча дарс машғулотлари кар ва заиф эшитувчи болажонларга ҳам тушунарли бўлиши учун сурдопедагог ва сурдотаржимонлар томонидан синхрон равишда таржима қилинмоқда. Кўзи ожиз болалар эса телевизион дарс машғулотларини овозли эшитиб, тушуниб олишларига имкон яратилади.

Масофавий таълим дунё тажрибасида аввалдан бор эди. Австралия, Янги Зеландия, Канада каби давлатлар бу борада етарлича тажрибага эга. Шу пайтгача Ўзбекистонда бунга ҳозиргидек эҳтиёж туғилмагани учун у қадар оммалашмай келаётганди. Карантин чекловлари ўрнатилиши билан бу масала долзарб мавзуга айланди ва уни жорий қилиш бўйича керакли вазифалар амалга оширила бошланди. Албатта, бу камчиликлардан холи бўлмади. Муҳими, ана шу хатолардан керакли хулосалар чиқариб, тажриба орттираётганимизда. Пандемия баҳонасида буни масофавий таълимни синовдан ўтказиб олдик ва онлайн таълим беришнинг афзалликлари ҳам борлигини тушуниб етдик.

Эндиликда Халқ таълими тизимида масофавий таълимни ривожлантириш мақсадида «Online Maktab» лойиҳаси давом эттириладиган бўлди. Юқорида айтилганлардан лойиҳа устида анчагина иш олиб борилганини кўриш мумкин. Навбатдаги масала унинг қандай натижа бериши бўлади. Ҳозирча бирон-бир аниқ фикрни айтиш ноўрин. Чунки таълим узоқ давом этадиган жараён бўлиб, натижаси бироз кейинроқ юзага чиқади. Лекин бошқа давлатлар ҳам бу тажрибани бошдан кечиришгани, Ўзбекистон ҳам ана шу давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилаётганини ҳисобга олсак, ижобий натижага яқин турибмиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг