Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий Мажлис депутати: «Мен чаласавод эдим, балки ҳозир ҳам...»

Олий Мажлис депутати: «Мен чаласавод эдим, балки ҳозир ҳам...»

Фото: «Upl.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев узоқ йиллардан буён ўз ечимини топмаётган ўзбек алифбосидаги оғриқли муаммога тўхталди:

— Мактабда ўқишни кирилл алифбосида бошлагандим. Бошланғич синфни тугатганимизда лотин алифбосига ўтдик ва ўқитувчиларимиз билан бирга бу ёзувни аранг ўзлаштирдик — асосий эътибор янги алифбони ўрганишга қаратилди, оқибатда фан ўқитилиши ҳам оқсади. Мактабни битиргунча лотин ва кирилл алифбосининг аралашмасида диктант ёзганим учун «уч» баҳодан нарига ўтмаганман. Олийгоҳга киргунча ёзувда ўзимни чаласавод ҳисоблардим.

Олийгоҳда яна ҳаммаси эски ҳолига қайтди: кириллда ёзасанми, лотиндами фарқи йўқ, фақат оралиқ ва жорий назорат деганларини ҳисобга олмаганда. Домлаларнинг хоҳишига қараб кўпчилик қатори кирилл ёзувига қайтдим. Лекин бу билан ёзувдаги аралашма касалидан қутула олмадим.

Шу тариқа ишга келдим ва унда ҳам «Кирилл оға» билан ошно тутиндим, лекин ишга доир муҳр ва номлар лотинлигича қолаверди.

Ҳаммаси жойидадек гўё, аммо яқинда негадир яна алифбо масаласи кўтарилганида, лотин ёзувига ўтиб қанча машаққат билан  ўрганганганимиз, ёзувда «уч»дан уёғига ўтолмаганимиз ёдимга тушди. Хўш, бундан буёғига келажак авлодни чаласавод қилиш кимга керак? Қўшимча ҳарфлар ва қоидалар бизнинг саводимизни мукаммал қиладими? Ёки бундан ҳам мураккаблашган ёзув туфайли аҳвол баттар чигаллашадими? Аслида бизнинг саводимиз ҳаминқадар бўлиб қолишига пухта ишлаб чиқилмаган алифбо сабаб эмасми? Ҳой барака топгур зиёли олимлар, алифбони пухта қилмаган экансиз нима кераги бор эди амалга киритиб. Бир аср давомида тўрт марта алифбомиз ўзгарди ва қанчадир авлод чаласавод «уч» ва«икки»чи бўлди.

«Ишга келаётган ёшлар ҳатто аризани тўғри ёза олмайди» деган кинояларингиз ҳам етар! Афсус, бугун мен фарзандларимга кундалигимни ҳам кўрсатолмайман. Яна депутат эмиш...

Бу гаплар ёқмаса, ана катта кўчалар кўп, — деб ёзади депутат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг