Ижтимоий ҳимояга муҳтож 26 нафар ёшлар давлат гранти асосида юридик коллежга қабул қилинди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 21-22 август кунлари республикамиздаги барча Юридик коллежларга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтган эди. Юридик коллежларга жами 8027 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу ҳақда Xabar.uz'га Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берибўтди.
Шундан ҳуқуқшунослик фанидан ўтказилган ёзма имтиҳонда абитуриентларнинг 4369 нафари, Она тили ва адабиёти фанидан ўтказилган ёзма имтиҳонда 4304 нафари иштирок этди. Очиқ, шаффоф ва адолатли тарзда ўтган имтиҳон натижаларига кўра 2175 нафар талабгорлар Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқувчиликка тавсия этилди.
Шу билан бирга, кам таъминланган оилалардан абитуриентлар, Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари ҳамда кўзи ожиз абитуриентларнинг 26 нафари қабул квоталаридан ташқари Адлия вазирлиги томонидан махсус ажратилган ўринларга давлат грантлари асосида қабул қилинди.
Фарзандлари ва яқинларини қўллаб-қувватлашга келган ота-оналар ва бошқа қариндошлар учун кутиш жойлари ҳамда имтиҳон жараёнларини кузатиб боришлари учун монитор ўрнатилди.
Юридик коллежларда қандай мутахассислар тайёрланади?
Юридик коллежлар давлат хизматлари бўйича юрист, кадрлар масалалари бўйича юрист, шартномавий масалалар бўйича юрист, аграр секторда юрист, нотариат бўйича юрист, адвокатура бўйича юрист, ижро иши бўйича юрист касблари бўйича матахассислар тайёлаб, юридик коллежларни битирган ёшлар судларда, адлия, прокуратура, ички ишлар органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат бўлинмалари, ФҲДЁ органлари ва адвокатлик тузилмаларида фаолият юритиши мумкин.
Битирувчи қандай имкониятларга эга?
Коллеж битирувчилари учун энг муҳим имтиёзлардан бири бу улар ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали иккинчи курсдан ўқишга қабул қилинади.
Шунингдек, коллеж битирувчиларини келгусида иш жойи билан таъминлаш Адлия вазирлиги томонидан кафолатланган.
Эслатма: юридик коллежлар 2018 йилда Адлия вазирлиги тизимига ўтказилганидан сўнг жорий йилдан бошлаб илк маротаба қабул жараёни бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter